Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Башорат БАҲРИДДИНОВА

20.10.2018


ИМЛО ЛУҒАТИНИНГ ТЎҒРИ ВА НОТЎҒРИСИ БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарида келтирилишича, буюк жаҳонгир Амир Темур давлат ҳужжатларининг туркий тилда юритилишига алоҳида эътибор берган.

Алишер Навоий эса ўзи яшаган давр Ўрта Осиё халқларининг муштарак адабий тили сифатида ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётда ва бадиий адабиётда кенг ўрин эгаллаб келган форсий тилни, мусулмон оламининг асосий расмий тили бўлган араб тили улуғлигини эътироф этиб, яъни форс тилида ўлмас асарлар ёзиб, араб тилини “руҳни яйратувчи боғ” деб кўкка кўтариб, уларнинг мавқеига дахл қилмаган ҳолда, илк маротаба ўзбек тилининг бошқа тиллардан қолишмайдиган жозибасини ўзи яратган нодир асарлар мисолида исботлаб берди. Энг йирик асари “Ҳамса”ни туркий тилда яратди, Бобур таъкидлаганидек, бу тилда “кўп ва хўб” ижод қилди. Ўзбек тилининг адабий тил даражасига кўтарилишида муҳим роль ўйнади. Натижада ижодкорлар орасида туркигўйлар кўпайди.

 Бобур фиқҳга доир йирик асари “Мубаййин”ни, арузга доир “Муфассал” асарини ўз даври анъаналарига хилоф равишда  араб тилида эмас туркий тилда битишга, ҳатто туркий ёзув – “Хатти Бобурий”ни яратишга қўл урди.

Биринчи ўзбек профессори, шоир, ёзувчи ва журналист, сиёсат арбоби Абдурауф Фитрат ўтган аср бошларига келиб она тилимизга илк маротаба расмий мақом бериш масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Ўзбек тили равнақи йўлида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилар эканмиз, бу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Унинг бевосита раҳнамолиги ва ташаббуси билан ўзбек тили ўз тарихида илк маротаба расмий тил мақомига эга бўлди, жаҳон ҳамжамиятида тан олинди, истеъмол доираси кескин кенгайди. 1989 йил. Ҳали мустабид тузум тўла емирилмаган, Конституциясида барча элат, халқ, миллатлар ва уларнинг тиллари тенг ҳуқуқли эканлиги таъкидланган бўлса-да, барча соҳаларда иш юритиш ягона рус тилида олиб бориладиган, аҳоли рус тилини билиш-билмаслигига кўра зиёли ва қолоқ гуруҳларга ажратиладиган, ҳар бир пухта ўйланмаган ҳаракат миллий низоларни кучайтириб юбориши равшан бўлиб турган қалтис бир вазиятда ўта нозик масала – ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш масаласини кун тартибига қўйиш, ҳақиқатан ҳам кишидан катта журъат талаб қиларди. Ўзбек зиёлиларининг саъй-ҳаракатлари ва И.Каримов ташаббуси билан 1989 йил 21 октябрда ўзбек тили Ўзбекистоннинг давлат тили сифатида расман эълон қилинди.

Бош қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” дея қайд этилди. ва у қонун билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди. Бироқ...

Давлат тили ҳақидаги қонун 7-моддасида “Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади”, деб қатъий белгилаб қўйилган бўлса-да, афсуски, ҳали-ҳануз пешлавҳалар, йўл четидаги реклама, эълон матнлари, товар ёрлиқларида, ижтимоий тармоқларда, ҳатто матбуотда имловий хатоликлар кўпайиб   бораётир.

Жорий имло қоидаларимиз ва у асосида яратилган луғатлар ночор аҳволда. Тез-тез “Қайси имло луғати тўғри?” деган саволга дуч келаяпмиз. Имло луғати бўлсаю, тўғри нотўғриси бўлса...

Адабий тилга шаҳар шеваларининг таъсири кучайиб бормоқда.

Давлат тили ҳақида қонун 22-моддасида “Республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалар ва географик объектларининг номлари давлат тилида акс эттирилади”, деб ёзиб қўйилганига қарамай, ҳамон турли катта-кичик, давлат, нодавлат, хусусий объектлар, ҳатто ўз фарзандини номлашда ўзлашма сўзлардан фойдаланишга уриниш кучайиб бормоқда. Шаҳар кўчалари бўйлаб юрсангиз, ўзбекча номни кам учратасиз, ўзингизни бошқа давлатда юргандек ҳис этасиз.

Бугун четдан ахборот кириб келиши учун макон ва замонда чегара қолмагани каби сўз ўзлаштиришда ҳам чегара қолмади. Катта оқим билан кириб келаётган сўзларни ҳатто имлосини белгиламай, жорий алифбога ўзлаштирмай қабул қилаяпмиз. Билайн, юсел, ютуб, скриншот каби сўзлар “ўзимизники” бўлиб қолди.

 Бугун ўзбек фарзандлари жаҳон чемпиони, халқаро олимпиада, танловлар, давлат мукофоти соҳиблари бўлаяпти. Бироқ дунё ҳам, давлат ҳам тан олган шундай лаҳзада сўз берилганда уларнинг аксарияти ҳаяжонини енгиб, ўз ички кечинмаларини нутқида чиройли ифодалаб бера олмайди.

Ҳолбуки, миллатнинг жаҳонда мавжуд бўлиши учун миллий тил керак, тилнинг ривожланиши, тараққий этиши, яшаб қолиши учун уни қадрлайдиган миллат керак. Демак, олдимиздаги энг асосий вазифа - она тилимизнинг бой имкониятларидан тўла фойдаланиш, дунё бўйлаб тез-тез жаранглаб туриши учун унда ўлмас асарлар яратишдир.

   “Давлат тили ҳақида”ги Қонун – сиёсий ҳужжат. Унда қонун бузилишлари билан боғлиқ жазо чоралари кўрсатилмаган. Унга итоат қилиш ташвиқот-тарғибот, таълим-тарбия йўли билан таъминланади. Қолаверса, тилни ҳурмат қилиш – ҳар бир инсоннинг виждоний бурчи.

Башорат БАҲРИДДИНОВА,

Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари номзоди

Report typo