Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 февраль, якшанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

31.01.2025


“Ҳиммат ва маърифат ёғдуси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Маънавий ҳаёт

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида миллат зиёлиси, маърифатли инсон, “Favvora film” киностудияси асосчиси, режиссёр ва продюсер Келдиёр Хўжаёровнинг 70 йиллик умр йўли ҳақидаги “Ҳиммат ва маърифат ёғдуси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда зиёлилар, ижод ва санъат аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этишди.

“Ижод нашр” нашриёти томонидан 2000 нусхада чоп этилган китоб “Адабиёт, санъат ва жамоат арбоблари эътирофи”, “Халқаро эътироф”, “Ижод аҳли назари”, “Тенгдошлар кўнгил изҳори”, “Издошлар эҳтироми” номли беш бўлимдан иборат бўлиб, Келдиёр Хўжаёров ҳақидаги эсселар, мақолалар, шеърлар жамланган.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Комила Каромова, Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Амир Худойберди ва бошқалар Келдиёр Хўжаёровнинг турли жабҳалардаги кўп йиллик меҳнати, инсонийлик хислатлари, эзгу ишлари, ёшларга ибрат бўлгулик фазилатлари ҳақида сўзладилар.

Шунингдек, истиқлол йилларида миллий кинематография ривожига қўшган ҳиссаси, юртимиз шуҳрати, миллий анъаналарини дунёга танитган ҳамда долзарб ижтимоий мавзуларга бағишланган фильмлари эътироф этилди.

Якунда Келдиёр Хўжаёровга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди. Йиғилганларга “Ҳиммат ва маърифат ёғдуси” китоби улашилди.

Б.САЙФИЕВ

Report typo