Шундай кунларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси вилоятда сайёр қабул ўтказаркан, Давлат дастури ижроси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 90 нафар хотин-қизга тикув машиналари топширилиб қолса-да. Улар орасида Ҳабиба Бобоеванинг ҳам борлиги эса мутлақо кутилмаган ҳол бўлди. Яна бир хушхабар шу бўлдики, энди у - ишли. "Чироқчи пахта тозалаш заводи" АЖга касаначи сифатида маҳсулот тайёрлаб беради.
Бошда ҳаммаси яхшидай эди. 2017 йилнинг июль ойида иш бошланган бўлса, 4 ой ичида Ҳабиба Бобоева пахта йиғим-терим мавсуми учун 5 минг донадан зиёд этак ва 600 дан ортиқ бўз қоп тикиб, буюртмачига берди. Бунинг учун унинг пластик карточкасига 4 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ҳам ўтказиб берилди. Даромаднинг чўғига кўз тегдими, бир бало урдими, хуллас, ноябрдан иш бирданига тўхтаб қолди. Буям етмагандай, энди ишлисан, деб унинг ногиронлик нафақасини бекор қилишгани эса ўлганнинг устига тепган бўлди.
- Пахта заводидан олаётган маошим тўхтаб қолгандан кейин ногиронлигим учун олаётган 200 минг сўм нафақа пули билан рўзғорни ўтказиб тургандик, - дейди Ҳабиба Бобоева. - Буниям кўп кўришди. Заводда ишлаётганим учун нафақа олишимга зарурат қолмаганини айтишди. Заводдаги ишим тўхтаганига эса анча бўлди.
Маълумки, ўтган йили Чироқчи туманидан икки нафар имконияти чекланган хотин-қизга тикув машинаси берилиб, уларнинг иккаласи ҳам "Чироқчи пахта тозалаш заводи" АЖга касаначи сифатида ишга олинганди. Аммо бугунги кунда шундай катта бир заводда бу икки аёлга лойиқ иш топилмаётган экан.
- Тўғри, биз бу аёллар билан шартнома тузганмиз, бир муддат иш билан таъминлаб ҳам келдик, - дейди "Чироқчи пахта тозалаш заводи" АЖ масъул ходими Шавкат Сайдуллаев. - Биз уларга асосан ишбай асосида ҳақ тўлаймиз. Ишларимиз кўпроқ мавсумий. Ҳозир иш камайган пайт. Лекин имконият туғилди, дегунча уларни зарур хомашё билан таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Завод мутахассисининг гапидан Ҳабиба Бобоевага яқин ўртада хомашё етказиб бериладиганга ўхшамайди. Бу содда аёл эса ширин хаёлларга берилиб, олмоқчи бўлган икки хонали уйнинг дастлабки тўловини завод тўлаб беришига ишониб юрибди. Йўқ, завод ҳисобидан эмас, иш ҳақидан бўнак сифатида тўлаб беришса анча енгил бўларди, деб ўйлаганди. Бироқ чучварани хом санаган экан, тўлов нари турсин, дурустроқ иш ҳам бермай қўйишди.
Бугун мамлакатимизда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, иш билан таъминлашга катта эътибор берилаётган экан, "Чироқчи пахта тозалаш заводи" АЖ раҳбарияти ҳам ёрдамга муҳтож, қолаверса имконияти чекланган кишилар кўнглидан чиқиб иш тутганида, ҳар жиҳатдан маъқул бўларди. Афсуски, бундай бўлмади.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси котибияти мудири Манзура Очилованинг таъкидлашича, 2018 йилда 300 нафар кам таъминланган, имконияти чекланган кишининг уй-жой билан боғлиқ муаммоси ҳал этилиши режалаштирилган. Бу рўйхатга Ҳабиба Бобоева ҳам киритилган.
Демак, уй масаласида яхши умид қилса бўлади. Иш билан таъминлашга ҳам ваъда беришгандай. Лекин ишга таъминланганликни пеш қилиб, нафақасидан мосуво қилиш ғирт беъманиликнинг ўзгинаси эмасми?!
- Имконияти чекланган кишиларнинг иш билан таъминланганлиги важидан ногиронлик нафақасини бекор қилиш мумкин эмас, - дейди вилоят бош тиббий меҳнат эксперт комиссияси раиси Зафар Абулқосимов. - Бунга тезда аниқлик киритамиз.
Зафар Абулқосимовнинг аниқлик киритишича, Ҳабиба Бобоева "Менга ногиронлик гуруҳи ҳам, нафақаси ҳам керак эмас, ахир мен ишлаяпман-ку", деган мазмунда Чироқчи тумани тиббий меҳнат эксперт комиссияси раиси номига ариза ёзиб берган эмиш.
Ҳабиба Бобоеванинг таъкидлашича эса туман тиббий меҳнат эксперт комиссияси раиси "Сени бу йил ногиронлик гуруҳига чиқармайман. Бинойидек ишинг бор, ишлайвер", деб унинг ҳужжатларини қабул қилмаган.
Қизиқ. Салкам 10 йилдан бери 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида нафақа олиб келаётган Ҳабиба Бобоева нега энди тўсатдан ундан воз кечади? Воз кечиши мумкинми ўзи?! Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон эканлиги шундоққина кўриниб турибди-ку. Чунки 1- ёки 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида эътироф қилиниш ўз-ўзидан бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Мусо МУРОДОВ