Маълумки, иммунитет организмнинг касалликларга қарши чидамлилигидир. Аслида инсон ҳаёти давомида икки хил иммунитет таъсирида бўлади. Туғма иммунитет онадан болага сут орқали ўтса, орттирилган иммунитет одам улғайиб, юқумли касаллик билан биринчи марта касалланганда юзага келади. Бунда доимий иммунитет пайдо бўлади. Тиббиётда эса одамни баъзи хавфли касалликларга қарши ҳимоялаш мақсадида вакцинация, яъни эмлаш ишлари олиб борилади ва организмда иммунитет ҳосил қилинади. Энди бир савол туғилади: хўш, иммунитетнинг пасайиши қайси омилларга боғлиқ ўзи?
- Иммунитет пасайишининг кўплаб сабаблари бор, - дейди Қарши шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиника иммунологи, врач Ҳилола Беҳбудова. - Масалан, кузда йиғиб олиниб, баҳор келишигача сақланган меваларда микронутриентлар миқдори камайиб кетади. Шунингдек, экологик ўзгаришлар, турли заҳарли воситаларни қишлоқ хўжалигида қўллаш, кимёвий моддалар, сифатсиз, сунъий, муддати ўтган маҳсулотлар, консервантлар ҳам иммунитетга салбий таъсир қилади. Таркибида кўп миқдорда шакар сақловчи маҳсулотлар, билиб-билмай парҳез тутиш ҳам иммунитетни пасайтириб, организмни чарчатади. Натижада организмдаги ҳаётий муҳим жараёнларда зарур бўлган рух ва селен микроэлементларининг камайиши иммунитет пасайишини келтириб чиқаради.
Немис олимларининг аниқлашича, ҳар қандай антибиотик, ҳатто у ўз ўрнида қўлланган бўлса-да, одам иммунитетини 65-70 фоизга пасайтирар экан. Кундалик ҳаётимизда кўплаб асаббузарликлар, жисмоний ва ақлий зўриқишларга учраймиз. Шунингдек, кўзга кўринмас микроб ва бактериялар одамни ҳолдан тойдиради. Мутахассислар меъёрий уйқу вақти 7-8 соат бўлиши кераклигини айтишмоқда. Меъёрида ухламасликнинг ҳам иммунитет пасайишига таъсири бор.
- Иммунитет пастлиги организмда кўплаб нохушликларни келтириб чиқаради, - дейди Қарши давлат университетининг биотехнология факультети ўқитувчиси Муродулла Ҳалимов. - Шунинг учун организмнинг витаминлар ва маъданли моддаларга бўлган эҳтиёжини қондириш керак. Масалан, А витамини етишмовчилигида кўзнинг кўриш қуввати пасаяди. Тери қуруқлашиб, унда майда тошмалар пайдо бўлади. Соч тўкилиб, тирноқлар мўртлашиб, синади. Витаминларга бой маҳсулотлар иммунитетни кўтаришга хизмат қилади. Унутманг, қизил ва сариқ рангдаги барча сабзавотлар ўз таркибида А витаминини сақлайди.
С витамини кўпроқ кўкатларда, ундирилган дон майсаларидан тайёрланган таомларда бўлади. Мазкур витамин вужудни юқумли касалликлардан ҳимоя қилади. Цитрус мевалари, шунингдек, наъматак, қора қарағат, булғор қалампири, олма, чаканда, ертут, картошка, карам ва дуккакли маҳсулотлар С витаминига бой. Ўртамиёна тузланган карам ҳам фойдали. Шунингдек, таомномада гўшт, балиқ, тухум, сут-қатиқ, дуккакли маҳсулотлар ва ёнғоқ етарлича бўлиши лозим.
Бундан кўринадики, овқатланишда витаминларнинг миқдорига аҳамият бериш лозим.
Умуман олганда, кўплаб касалликларнинг оғир ёки узоқ муддатли кечиши иммунитетга кўп жиҳатдан боғлиқ. Иммунитет кучли бўлса, аввало одам касалликка чалинмайди. Шундай экан, уни мустаҳкамлаш чораларини кўриш ҳар бир одамнинг ўз қўлида.
Сожида АЛЛАЁРОВА