Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

31.07.2020


Импорт 31 фоизга қисқарди, экспорт - 43 фоизга

2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қашқадарёнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг январь-июнь ойлари билан таққослаганда 36,5 фоизга қисқариб, 257,5 миллион долларга етди. Импорт ҳажми 31 фоизга камайди, экспорт эса 43 фоизга қулади.

Юқоридаги рақамларни вилоят статистика бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бўлими тақдим этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, олти ойлик импорт ҳажми 150,3 минг долларни ташкил этиб, унинг 70 фоизи машиналар ва асбоб-ускуналар, 13,2 фоизи кимё маҳсулотлари ва  буюмлар, 3,3 фоизи - қора ва рангли металлар, 3,2 фоиздан озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия ресурслари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Қашқадарё ҳудудига импорт маҳсулотлари етказадиган асосий ҳамкор мамлакатлар рўйхатида биринчи ўринни аввалгидек Хитой Халқ Республикаси эгаллаб турибди. Унинг воҳамиз жами импортидаги улуши шу йилнинг 6 ойида 33,6 фоизга тенг бўлиб, кейинги ўринларни Германия (12,4 фоиз), Россия Федерацияси    (8,4 фоиз), Туркия (7,6 фоиз), Ҳиндистон (6,6 фоиз), Япония (5,4 фоиз) ва АҚШ (3,8 фоиз) банд этишган.

Қашқадарё маҳсулотлари шу йилнинг биринчи ярмида экспорт қилинган мамлакатлар орасида энг йирик харидор сифатида Қозоғистон етакчилик қилмоқда.  Воҳамизнинг шу даврдаги жами экспорти ҳажми 107,2 миллион долларни ташкил этган бир пайтда бу қўшни давлат ҳиссасига 17,1 фоизга тўғри келмоқда. Мазкур кўрсаткич бўйича илгари биринчи ўринни эгаллаб келган Россия Федерацияси (15,3 фоиз) иккинчи поғонага тушди. Шунингдек, экспорт бўйича Қашқадарёнинг энг фаол бизнес-ҳамкорлари сафида Туркия (жами экспортдаги улуши - 12,5 фоиз), Эрон (12 фоиз), Афғонистон (11,8 фоиз), Хитой (7,9 фоиз) ва Индонезия (5,6 фоиз) ҳам бор.

Вилоятимиз экспорти таркибида асосан озиқ-овқат маҳсулотлари (24 фоиз), кимё маҳсулотлари ва буюмлар (18,4 фоиз), тўқимачилик маҳсулотлари (10,8 фоиз) ва энергия ресурслари (10,2 фоиз) ўрин олган. Мева-сабзавот маҳсулотларидан чет элга 11,2 минг тонна данакли мевалар, яъни ўрик, гилос ва шафтоли (8,8 миллион доллар), 2,5 минг тонна қуритилган мевалар (3,2 миллион доллар), 6,5 минг тонна карам (1,7 минг доллар), 2,1 минг тонна помидор (1,5 миллион доллар) ва 3 минг тонна бошқа сабзавотлар (2 миллион доллар) жўнатилгани алоҳида эътиборга моликдир.

Темур НИЗОМОВ

 

Report typo