Хўш, нега мазкур кўрсаткич салбий баҳоланади? Ижобий бўлиши ҳам мумкинмиди? Албатта, фақат экспортнинг импортдан кўп бўлиши ҳисобига. Четдан маҳсулот сотиб олишнинг ортиши эса минусга хизмат қилади. Боиси, қимматли валюта хорижга чиқиб кетади. Экспорт салмоғи ошиши эса аксинча валюта тушумини таъминлайди. Ўз навбатида ташқи савдо айланмасида импорт улушининг катта экани муайян ҳудуднинг маълум даражада ташқи бозорга қарам эканини ҳам англатади. Мана, нима учун мамлакатимизда тармоқларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, импортни эса тобора камайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда?!
Тегишли маълумотни яхшироқ ўрганиб, 8 ойда нега бундай кўрсаткичлар қайд этилди, деган саволга жавоб изладик. Аввал экспортдан бошласак. Ўтган фурсат мобайнида воҳамизда бу йўналишда умуман ёмон натижа кўрсатилди, дея айтолмаймиз. Чунки ҳақиқатан ҳам ўсиш кузатилган. Вилоятимиздан четга маҳсулот сотиш салмоғи, илгариги йилнинг худди шу даври билан таққослаганда, 158,7 фоизга кўпайган. Оз ҳам эмас, ярим баробардан зиёдга. Турган гапки, шу қисқа вақт учун бу паст ё ёмон рақам ҳисобланмайди. Демак, ҳудудда харидоргир ва рақобатбардош маҳсулот ва хизматларни экспортга йўналтириш борасида зарур ишлар қилинаяпти. Хўш, бунга ниманинг ҳисобидан эришилди? Ана шуниси муҳим.
Эътиборлиси, январь-август ойларида машина ва асбоб-ускуналар экспорти 513 мартага ортган. Рекорд кўрсаткич, шундай эмасми? Бироқ ўзи бу қандай машина ва асбоб-ускуна, қайси соҳаларда қўлланади, хабарда бунисига аниқлик киритилмаган. Бу миқёсдаги ўсиш катта ҳажмдаги валюта тушумига сабаб бўлган, деб ўйлашингиз мумкин. Афсуски, ундай эмас. Вилоят экспорти таркибида ушбу маҳсулотларнинг умумий ҳажмга нисбатан улуши 0,1 фоиз бўлган, холос. Тегишли сумма эса 0,1 миллион, аниқроғи, 100 минг АҚШ доллари атрофида. Тахмин қилиш мумкинки, бу ҳали ҳудуд учун буткул янги йўналиш ва энди-энди ривожланиш босқичига ўтмоқда. Шундай экан, иқтисодиётимизнинг энг оғриқли нуқталаридан бири саналган тайёр технология ишлаб чиқариш фаолиятини фаол қўллаб-қувватлаш керак. Зеро, сифати мақбул бўлса, маҳсулот хориж бозорида ҳам ўз харидорини топади. Мана бунинг амалий исботи.
Аҳамиятли жиҳати, энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари экспорти ўсиш суръати бўйича кейинги ўринда турибди. Ҳудуд эскпортининг 8,1 фоизини шу соҳа тўлдирган. Аввалги давр билан солиштирганда, жорий кўрсаткич 3,8 баробарга яхшиланган. Шундай бўлса-да, бу воҳамиздаги йирик саноат корхоналари ютуғидир, тармоқнинг экспорт салоҳиятини жадал оширишга давлатимиз томонидан катта эътибор берилаётган пайтда бошқача ҳам бўлиши мумкин эмас.
Таъкидлаш жоиз, вилоятимизда етиштирилган пахта толаси дунё бозорида энг экспортбоп маҳсулот бўлиб қолаяпти. Саккиз ойда ҳудуддан 47,3 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги тола экспортга чиқарилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу эса умумий экспорт ҳажмига нисбатан 25,1 фоиз демакдир. Қолаверса, ўтган йилнинг мос даври билан қиёс олсак, бу сафар хорижий ҳамкорларга 161,7 фоизга кўп маҳсулот етказиб берилганини кўриш мумкин.
Тўғри, бизда ишлаб чиқарилаётган пахта толаси аъло сифатлари сабаб харидоргирлигини сақлаб қолаётганини ҳеч ким рад этмайди. Аммо уни шунчаки хом ашё ҳолида сотишдан ҳудуд иқтисодиётига наф камроқ. Толани чуқур қайта ишлашни кенгайтириб, экспортимизда ундан тайёрланадиган маҳсулот улушини кўпайтира олсак, ўз-ўзидан бу рақам бир неча баробар ортади. Ҳозирги вақтда айни йўналишда йирик истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани келгусида бунга тўла имкон беришига шубҳа қилмаймиз.
Бошқа маҳсулотларни экспортга йўналтириш борасида ҳам кўтарилиш кўзга ташланган, тегишли рақам 4,6 баробарни ташкил этмоқда. Маҳсулдорлик бўйича толадан кейинги ўрин кимё саноати маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмларга насиб этган. Ўтган саккиз ойда хориж мамлакатларига 43,6 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги (2017 йилнинг январь-август ойларига нисбатан 108,3 фоизга кўп) шундай товар жўнатилган. Умумий экспорт ҳажмидаги улуш 23,1 фоизга етган. Жаҳон бозорига воҳамиздан озиқ-овқат маҳсулотлари чиқариш борасида эса жиддий ўзгариш қайд этилмаган. Бу гал ҳам аввалги даврдаги каби 19,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорти амалга оширилган.
Ягона салбий кўрсаткич хизматлар экспорти билан боғлиқ. Четга 6,5 миллион АҚШ долларилик хизматлар тақдим этилгани ҳолда самарадорлик 48,2 фоизгача пасайган. Умумий кўрсаткичда ҳам соҳа улуши унчалик сезиларли эмас – атиги 3,4 фоиз. Чет элликлар воҳамизда кўрсатилаётган транспорт (хизматлар экспорти ҳажмидаги улуши 14 фоиз), қурилиш (51,1 фоиз), молиявий (16,4 фоиз), сафарлар билан боғлиқ (5,5 фоиз) ҳамда бошқа амалий хизматлардан фойдаланишдан манфаатдорлик билдирган.
Нега энди қурилиш хизмати улуши кўп? Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Ҳозирда вилоятимизда кўплаб хорижий компаниялар томонидан йирик объектларни барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Улар эса баъзи ҳолатларда маҳаллий тадбиркорлар хизматига мурожаат этишни маъқул кўришмоқда ва субпудратчи этиб ёллашмоқда. Албатта, бу ҳам хизматлар экспортига киради.
Бошқарма ахборотида яна 56,2 миллион АҚШ долларига тенг бошқа маҳсулотлар экспорт қилингани ҳам айтилган, гўёки бу кичкина суммадек уларнинг турига эса ҳеч бир тўхталиб ўтилмаган. Фақат ўсиш 4,6 баробар бўлгани, умумий ҳажмдаги ҳиссаси 29,7 фоизга тенг эканидан бошқа ҳеч нима кўрмайсиз. Айнан нима экспорт қилинган, ноозиқ-овқат истеъмол товарларими, қурилиш хом ашёсими, шунга аниқлик киритилса мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда. Шу орқали умумий манзарага атрофлича баҳо бериш имкони туғиларди.
Маълумки, воҳамизнинг мева-сабзавот экспорт қилиш борасидаги имкониятлари кенг. Тегишли ахборотда бу жиҳат ўзининг амалий ифодасини топган. Ушбу маҳсулотлар улуши экспорт ҳажмида 6,8 фоизни ташкил этган. Жорий мавсумда 1 сентябрь ҳолатида чет элга вилоятимиздан қиймати 12,9 миллион АҚШ долларига тенг турли сархил қишлоқ хўжалиги ноз-неъмати юклаб жўнатилган. Таассуфки, экспорт таркиби берилмаган. Шунинг учун айнан нима хориж бозорларига чиқарилгани, қайси мева-сабзавот маҳсулотларига кўпроқ талаб бўлаётганини таҳлил қилиш имконсиз. Фақат экспорт географиясига тўхталиш мумкин.
Маълумотда ушбу йўналишдаги ҳамкор мамлакатлар рўйхати келтирилган. Вилоятимиздан энг кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулоти (52,7 фоизи) Қозоғистон мамлакатига жўнатилган. Тотли мева-чева ва сабзавотларнинг Россия бозорларига йўналтирилиши ҳам (32,1 фоиз) яхши бормоқда. Вьетнам ва Ироқ мамлакатлари аҳолиси ҳам воҳамизда униб-ўсган ширин-шакар ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишган. Мазкур юртлар ишбилармонлари айнан қайси маҳсулотимизга харидор бўлаётгани қизиқ, албатта.
Мавжуд кўрсаткичларга асосланиб, вилоятнинг экспорт жўғрофиясига назар солсак, МДҲ мамлакатлари орасида Россия Федерацияси салмоқли ўрин тутишига ишонч ҳосил қиламиз. Маҳсулот ва хизматларимизнинг 38,1 фоизи шу мамлакатга экспорт қилинган. 29,3 фоизи эса Қозоғистон, 27,3 фоизи Тожикистонга йўлланган. Бу борада Қирғизистон (2,1 фоиз) ва Молдованинг (1 фоиз) ҳиссаси эса кичик рақамни ташкил этади. Узоқ хориж мамлакатлари орасида Хитой (44 фоиз), Хитой Тайпейи (16,1 фоиз), Индонезия (16 фоиз) ва Эрон (9,4 фоиз) етакчилик қилмоқда.
Аввал бошда таъкидлаганимиздек, импорт салмоғи экспортникидан анча катта бўлган. Қарийб 50 миллион АҚШ долларилик фарқ ҳаммасини айтиб турибди. Импорт таркибида машина ва асбоб-ускуналар мутлақ устунлик касб этган, мавжуд кўрсаткич – 56,4 фоиз. Хориждан валюта сарфлаб, қиймати 133,8 миллион АҚШ долларига тенг шу турга мансуб маҳсулотлар келтирилган. Аҳамиятлиси, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу борада пасайиш (68,5 фоиз)га эришилган.
Қарийб 2 баробарлик импорт ўсиши озиқ-овқат маҳсулотларида кузатилган. 6,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ шу мақсадда ишлатилган. Кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмларни четдан сотиб олиш кўлами эса 142,4 фоизга ортган. Натижада 24,7 миллион доллар эквивалентидаги валюта чиқиб кетишига йўл қўйилган. Ҳудуд халқ хўжалигининг рангли ва қора металларга бўлган эҳтиёжи ҳам импорт (50,6 миллион АҚШ доллари) эвазига қопланаяпти. Хизматлар (2,6 миллион доллар) ҳамда энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (0,4 миллион доллар) тегишли рўйхатда энг қуйи поғоналарни банд этган.
Бу ерда ҳам яна ўша ҳол. Номига аниқлик киритилмаган “ва бошқа маҳсулотлар” импорти 18,2 миллион долларга етган. Ушбу рақам эса илгариги давр билан солиштирса, 2,3 мартага кўпайган. Шу жойда ҳам мавҳум статистика мавжуд вазиятга теранроқ назар ташлашга халал беради.
Хўш, айни жабҳадаги кўрсаткичлар нима ва ким учун керак? Биринчи, навбатда тадбиркорлик субъектлари, уларнинг хабардорлигини ошириш учун. Қолаверса, маҳаллий мутасаддиларга ҳам бу асқатади, ўз ҳудудидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, оқсаётган соҳаларни кўтариш учун йўриқнома вазифасини ўтайди. Айтайлик, маълум тумандаги бир корхона ўз эҳтиёжи учун зарур бирор маҳсулотни четдан импорт қилади. Уни эса ички имконият билан, маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш имкони бор. Албатта, бу бошқа бир тадбиркор учун яхши бизнес-ғоя бўлади. Янги қувват ишга тушишидан барча манфаатдор. Солиқ тушуми кўпаяди, бандлик таъминланади. Бироқ бугунги кунда ташқи савдо фаолияти бўйича ҳудудлар кесимида тайинли маълумотларнинг йўқлиги импортни қисқартириш, экспортни ошириш борасида аниқ таклифлар тақдим этиш, умуман олганда, асл ҳолатга холис баҳо бериш имкониятини ҳар томонлама чеклайди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ