Қарши шаҳрида ўтган йили иш бошлаган "Qarshi best shoes" масъулияти чекланган жамиятида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнида эришилган ютуқлар ана шу юксак эътибор самараси, десак асло муболаға бўлмайди. Мавсумий пойабзал, аниқроғи, енгил резина оёқ кийимлар тайёрлашга ихтисослашган мазкур корхона қисқа вақт ичида маҳаллий бозорда ўз маҳсулотлари билан мустаҳкам ўрин эгаллашга муваффақ бўлди.
- Ҳозирги пайтда харидорларга 3 хил кўриниш, барча ўлчамлардаги шиппакларни таклиф этаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Санжар Қаландаров. - Маҳсулотимиз сифат жиҳатидан чет элникидан сира қолишмайди. Ушбу истиқболли лойиҳамизни ҳаётга татбиқ этиш учун тижорат банки томонидан ажратилган 700 миллион сўм миқдоридаги кредит ва ўз маблағимизни сарф этдик. Унинг бир қисмини энг сўнгги технологияларни харид қилишга йўналтирдик. Шу мақсадда чет элдан қиймати 200 минг АҚШ долларига тенг замонавий, энергиятежамкор дастгоҳларни олиб келдик. Ушбу ускуналар бир кунда ўртача 3 минг жуфт шиппак ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳозирги кунда биз бу қувватнинг ярмидан фойдаланаяпмиз. Цехимизда 12 нафар ёш йигит-қиз меҳнат қилаяпти. Маҳсулотимизнинг асосий қисмини ички бозорга етказиб бераяпмиз, қўшни вилоятларга жўнатаяпмиз. Кейинчалик маҳсулотимизни экспортга йўналтириш ниятимиз ҳам бор. Тожикистон ва Туркманистон ишбилармонлари пойабзалларимиз билан танишиб, ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, маҳсулотни тайёрлаш учун зарур хомашё - резина хориждан келтирилади. Бироқ бу ишлаб чиқарилаётган товар таннархи арзон, ўз навбатида рақобатбардош бўлишига халал бермаяпти. Ишбилармон келгусида пойабзаллар турини кўпайтиришни мақсад қилган. Хусусан, тез орада чармдан бир неча турдаги оёқ кийимлар, шунингдек, спорт кроссовкалари тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун замонавий ишлаб чиқариш линияларини сотиб олиш мўлжалланаяпти.
М.ЖЎРАЕВ
Суратларда:"Qarshi best shoes" МЧЖ фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.