Имтиҳон
Қарши гарнизонида хизмат ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар учун олий таълим муассасаларига ўқишга киришда бериладиган имтиёзлар бўйича тест синовлари ўтказилди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида бўлиб ўтган ушбу жараёнда муддатли ҳарбий хизматчилар шу пайтга қадар эгаллаган билимларга таяниб, 5 та йўналиш – жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, математика, физика ҳамда мантиққа оид 100 та саволга аниқ жавоб беришга ҳаракат қилдилар.
- Бу синов биз учун у қадар қийинчилик туғдирмади, - дейди оддий аскар Улуғбек Раҳимов. – Сабаби йигитлик бурчини бажаришга киришган кунимиздан бошлаб малакали офицер ва сержантлар томонидан турли йўналишларда назарий билимлар бериб келинмоқда. Ана шу сабоқлар бугунги имтиҳонда яхши натижаларга эришишимизда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.
Тест синовлари натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан баҳоланади. Шунингдек, аскарларнинг ҳарбий хизмат давомидаги кўрсаткичлари, ижобий хулқи ҳам инобатга олиниб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига муносиблиги белгиланади.
Абдураззоқ МУРОДОВ
Суратларда: тест синовлари жараёнларидан лавҳалар.