Коллежни битириши биланоқ Баҳром ўз олдига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази очиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадини қўйди. Ер олиб, махсус бино қуришга ҳам муваффақ бўлди. Аммо ёш тадбиркор ишни профессионал даражада йўлга қўйиш, керакли технологияларни харид қилиш борасида муаммоларга дуч келар, барчаси маблағ етишмаслигига келиб тақаларди.
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг ташкил этилиши Баҳром учун ҳам айни муддао бўлди. У лойиҳасини жамғармага тақдим қилди. Ташаббуси тегишли комиссия томонидан маъқуллангач, 85 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.
- Бу имтиёзли кредит маблағи эвазига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчамизни қайтадан ташкил қилиб, керакли замонавий ускуналар билан жиҳозладик, - дейди якка тартибдаги тадбиркор Баҳром Расулов. - Энди бу ерда мой алмаштириш, машиналар ювиш, вулканизация, балансировка ва газ қурилмаларини таъмирлаш, инжектор аппаратларини текшириш хизматлари йўлга қўйилган. Лойиҳамизни амалиётга татбиқ қилиш натижасида 3 та янги иш ўрни яратдик.
Айни пайтда марказда замонавий, тежамкор ускуналарнинг қўлланилиши мижозлар сони ошишига хизмат қилаяпти. Бундан руҳланган ёш тадбиркор келажакда ишни янада кенгайтиришни мақсад қилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.