Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ИНКАССАТОРЛАР ВА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ХОДИМЛАРИНИНГ "КАМТАР АРАВА"ДА ЮРГАНИНИ КЎРГАНЛАР БОРМИ?

07.08.2020


ИНКАССАТОРЛАР ВА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ХОДИМЛАРИНИНГ "КАМТАР АРАВА"ДА ЮРГАНИНИ КЎРГАНЛАР БОРМИ?

Савол туғилади

 "Ҳақиқат таққосларда кўринади" деган гапга ишонасизми? Амалда бу нечоғлик тасдиғини топади, ҳозир шу ҳақда фикрлашайлик.

Сиз суратларда кўраётган бу уч транспорт воситаси уч соҳа вакиллари хизматида, буни яхши биласиз. Бири инкассаторларники, унда пул ташишади - ҳар ҳолда машинага кўп миқдорда пул ортиб олган бўлсангиз, унга кўз олайтирадиганлар бўлиши мумкин, эҳтиёт чорасини кўрган маъқул-да. Яхшиям бунақасини фақат киноларда кўрамиз. Ҳали бизда пул ортилган машинага ҳужум қилганлар ҳақида эшитганимизча йўқ. Лекин бояги гап: эҳтиёт шарт...

Кейингиси - ғўддайиб кўчаларимизни тўлдириб юрадиган Миллий гвардия ходимларига тегишли. Албатта, гердайган ўғлонларга шундай ҳайбатли машиналар ярашади-да. Тўғриси, улар  олдини олаётган ҳолатлардан кўра машиналарию юриш-туришларига, маошлари учун кўп маблағ сарфланаётгандай ҳам туюлади ғўр бандаларга. Лекин нимаям деймиз, улар бор - тинчлигимиз кафолатли, деб ўзимизни ишонтирамиз.

Қуйидаги камтар-хокисор транспорт машинаси кимларники эканини биқинидаги ёзувлардан ҳам англагандирсиз. Ушбу    суратни Китоб тумани ҳокимлигининг ижтимоий тармоқдаги расмий каналидан олдик. Шунақаси ҳамон "тез ёрдам"да ҳам учрайди. Туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказида айни пайтда шунақа транспорт воситасидан фойдаланишадими-йўқми, буниси бизга қоронғи, аммо инкассаторлар ва Миллий гвардия ходимлари бундай машинага юрмасликлари кундай равшан.

Ғалати-да, пул, ўғлонлар ташиладиган транспорт воситалари замонавий, ҳайбатли, фалон юз миллион сўмлигу, коронавирус деган бир бало тарқаган шароитда хизматига энг кўп мурожаат қилинадиган соҳа вакилларига - "камтар арава". Шунақасиям бўларканми? Бўларкан, табиий қабул қилишга кўникиб ҳам қолдик.

Энди шуни тескарисига олиб кўринг: пул ташувчиларга, тинчлигимиз учун ҳар нега тайёр ўғлонларга ана шундай камтар машиналарни раво кўрсагу, беморлар, шифокорлар учун қулай, унча-мунча ўнқир-чўнқирни билдирмайдиган, шароити яхши транспорт воситалари ажратсак. Шундай қилсаям бўлади, нима дедингиз. Боя "ҳақиқат таққосларда кўринади" деяётганмидик...

 

Report typo