Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

03.02.2018


ИННОВАЦИОН ЕЧИМ ХАРАЖАТНИ КАМАЙТИРДИ

Илгари бировнинг хаёлига келмаган бу имконият бугун ҳудудда иссиқхона шароитида маҳсулот етиштириш кўлами ортишини таъминлади. Чунки бундай иншоотларни иситиш учун ёқилғи сарф этишга ҳожат йўқ. Бунинг учун иссиқхона тумандаги иссиқлик манбаи ва йирик завод оралиғидаги ерда жойлашса бўлгани. Аниқроқ айтсак, завод қувватлари самарали ишлаши учун қайноқ буғ керак. Иссиқлик манбаи ташкилоти эса ана шу буғни етказиб беради. Бироз совиб, суюқ ҳолга келган, 90-100 даража иссиқ иккиламчи сув яна қайта иситишга юборилади. Айни пайтда эса мазкур иссиқ сув катта майдонда ташкил этилган иссиқхона хўжаликларига қўл келмоқда. Мазкур манба қувурлар орқали ўтиб, парникларда мақбул ҳарорат бўлишини таъминламоқда.

- Бу ишга биз ҳам қизиқиб қолиб, ўтган йили шу ердан 6 гектар ер олдик, - дейди тумандаги “Азиз агро транс файз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қобулжон Ғуломов. – Шу тариқа иссиқхона барпо этишга киришдик. Заводдан қайтаётган сувдан иситишда фойдаланиш бўйича туман иссиқлик манбаи ташкилоти билан келишувга эришганмиз. Тижорат банки томонидан 2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Ўзимиздан 7 миллиард сўм маблағ қўшдик. Бултур 1,5 гектар майдонда маҳсулот етиштириб ички бозорга чиқаргандик. Жорий мавсумда эса 3 гектар майдонда помидор, қолганида бодринг парваришлаяпмиз. Олий нав кўчатлардан келтириб экканмиз. Аллақачон ҳосил териб олишни ҳам бошладик. Гектаридан 60-70 тонна атрофида маҳсулот етиштиришни мўлжаллаб турибмиз. Бир қисмини аҳолига сотамиз, талаб бўлса, экспортга ҳам жўнатишни режа қилганмиз. Жойимиз катта бўлгани учун кўп сонли ишчи кучига талаб бор. Ҳозир хўжалигимизда 70 нафарга яқин киши меҳнат қилаяпти.

Тадбиркор бу фаолият истиқболли эканини айтади.  Негаки, етиштирилган маҳсулот сархил бўлса, харидор дарров топилади. Бу эса фойдага хизмат қилади. Шуни англаган ишбилармон иссиқхона ҳудудини 10 гектарга етказишни мақсад қилган. Эҳтиёжга қараб, бошқа маҳсулотлар парвариши ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, келгусида корхонада қайта ишлаш йўналишини очиш режалаштирилмоқда. Жумладан, сабзавотни консервалашни кўзда тутувчи лойиҳани рўёбга чиқариш белгиланган. Ушбу маҳсулотни экспорт қилиш имконияти мавжудлиги тадбиркорни шунга руҳлантирган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Муборак туманининг бу ҳудудидаги 100 гектардан ошиқ майдонда сўнгги икки йил мобайнида 20 дан ортиқ тадбиркорлар томонидан иссиқхоналар барпо этилди. Ҳозирги вақтда уларда булғор қалампири, помидор, бодринг каби сабзавотлар, кўкат ва лимон етиштирилмоқда. Бу орқали бозорларимиз тўкинлиги таъминланишига шароит ҳозирланаяпти.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo