Унда кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган 15 нафар хотин-қиз иштирок этди.
Хотин-қизларнинг тадбиркорлик қобилиятини рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари очиш ва уларнинг молиявий манбаларини кўпайтириш мақсадида “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Ўзбекистон банклар ассоциацияси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигидаги янги лойиҳа – “Анор–2018” кўрик-танловининг шаҳар ва туманлар босқичларида 400 нафарга яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд хотин-қиз қатнашди. Ғолибларни аниқлашда қатнашчиларнинг инновацион ғоялари, қанча иш ўрни яратгани, экспорт салоҳиятига асосий эътибор қаратилди.
Кўрик-танловнинг “Саноат соҳасида энг яхши лойиҳа” йўналишида Қарши шаҳридаги “Тозалик маликаси” МЧЖ раҳбари Матлуба Ўтаганова, “Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши лойиҳа” йўналишида Миришкор туманидаги “ФАМ” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Санобар Ҳамидова, “Сервис соҳасида энг яхши лойиҳа” йўналишида Косон туманидаги “Уста Аслан табиб” МЧЖ раҳбари Рухсора Асланова ғолиб бўлди.
- Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътибор самарасида корхонамиз йил сайин тараққий этмоқда, – дейди танлов ғолиби Рухсора Асланова. – Косон миллий каштачилиги нақш намуналарини хотин-қизлар либосларида акс эттирдик. Бу маҳсулотларимиз кўпчиликда қизиқиш уйғотаяпти. Бундан ташқари, корхона қошида гўзаллик салони, фитнес клуби ва бокс зали ҳам ташкил этганмиз. Корхонамизда доимий асосда 2 киши, касаначилик асосида эса 30 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
Ғолиблар кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этади.
Шунингдек, шу куни “Маҳалланинг энг тадбиркор аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Шоҳиста БОЗОРОВА