Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

01.05.2017


ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР — БИЗНЕСНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ЙЎНАЛИШИ

- Болалигимдан техникага, дастурлаш ишларига жуда қизиқардим, - дейди у. - Мактабни тамомлагач, Москва давлат озиқ-овқат ишлаб чиқариш университетининг автоматик ва технологик жараённи бошқариш факультетига ўқишга кириб, 6 йил давомида таълим олдим. Шундан сўнг бир муддат Тошкент шаҳридаги "Энергия тежаш инвест" корхонасида муҳандис лавозимида ишладим. Шунингдек, 2010 йилда "General Motors" компанияси ходими сифатида Германия ва Франция давлатларига бориб, малака оширдим. Ҳиндистонлик мутахассислар юртимизда ташкил этган ўқув курсларида қатнашдим. Бу менинг назарий билимларимни амалиёт билан уйғунлаштириб, тажрибамни янада бойитишда қўл келди. Шу билан биргаликда, одамларнинг оғирини енгил қиладиган, мол-мулкининг хавфсизлигини таъминлайдиган янги дастурлар, техник воситалар яратишга қизиқишим янада ортди. 2012 йилда ўз корхонамни ташкил этиб, мазкур соҳада иш бошладим. Ҳозирги кунда субъектда уч нафар киши фаолият юритаяпмиз. Келгусида ишлаб чиқариш қувватини янада ошириб, имкониятларимизни кенгайтириш, хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш ниятидамиз.

Шермуҳаммад Бузруков ўз корхонасида яратилаётган буюмлар билан таништирар экан, ҳақиқатан ҳам техника имкониятлари нақадар кенглигидан ҳайратланасиз. Масалан, у яратган буюмлардан бири хонадонларнинг, корхона ва ташкилотларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилади. Тасаввур қилинг, мўъжазгина қутича шаклидаги восита хонадонга ўрнатилса, уйда газ ҳиди чиқиши ёки сув тошиши билан баланд овозда жиринглаб, атрофдагиларнинг эътиборини тортади ва уй соҳибининг телефонига бу ҳақда хабар жўнатади. Худди шундай катталикдаги яна бир роботча эса газ ва сув жўмракларини ёпиш, уйнинг электр таъминотини узиб қўйиш каби ишларни бажарар экан. Эътиборли томони, уни ҳам қўл телефони ёрдамида истаган масофадан туриб бошқариш мумкин.

Хуллас, Шермуҳаммад Бузруковнинг ишхонасини мана шундай замонавий, турли-туман технологиялар яратилаётган ижодхона, дейиш мумкин. Унинг ўзи эса одамларнинг турмуш тарзини енгиллаштирадиган янги техникалар яратиш, корхонасини янада ривожлантириш устида  изланишлар олиб бормоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: "Қарши инновацион технологиялари" МЧЖ фаолиятидан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo