Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда ҳоким ўринбосарлари сони биттага кўпаяди

Биродар АЗИЗОВ

21.07.2022


Инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда ҳоким ўринбосарлари сони биттага кўпаяди

Ривожланиш стратегияси

Нишон ва Қарши туманларида жорий қилинган янги - ҳокимнинг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларига шу ойнинг охиригача тажрибали номзодлар танлов асосида аниқланиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишган ҳолда тайинланиши лозим.

Вилоят ҳокимининг жорий йил 16 июлдаги қарорида акс эттирилган мазкур топшириқни бажариш учун тегишли мутасаддиларга икки ҳафта муддат берилган. Қарорда, шунингдек, янги лавозимлар тегишли туман бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши таъкидланиб, вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси ҳамда тегишли туман ҳокимларининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамкорлиги ташкиллаштирилиши қайд этилган. Вилоят молия бошқармаси раҳбарияти зиммасига эса икки туман ҳокимининг ўринбосарларига ажратиладиган маблағларни бюджет параметрларига киритилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Умуман олганда, вилоят ҳокимининг мазкур қарори мамлакатимиз Президентининг "2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлашга қаратилган. Бу фармонда, жумладан, Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилгани ва унинг фаолияти давомида ижобий кўрсаткичларга эришилгани билдирилди. Айни пайтда туман ва шаҳарларнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, инновацион ҳудудга айлантириш мақсадида ҳар бир ҳудудда қўшимча туман ва шаҳарларни белгилаш ҳақидаги таклифга розилик берилди ва ушбу ҳудудлар рўйхати тасдиқланди. Унга Қашқадарё вилоятидан Нишон (2021 йил апрель ойидан инновацион ҳудудга айлантирилаётган туман ҳисобланади) ва Қарши туманлари ҳамда республикамиздаги яна 26 та шаҳар ва туман киритилиб, ҳар бирида ҳокимнинг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари жорий қилинди.

Шу билан бирга фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг жорий йил 16 июлдаги қарорида Қашқадарёдаги барча олий таълим ташкилотлари олдига 2022 йил июль ойидан бошлаб инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда "тармоқ-ҳудуд-олийгоҳ/илмий ташкилот" занжирининг яхлит тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Ўз навбатида инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармасига ишлаб чиқарилиши бозорда муваффақиятли ўзлаштирилган инновацион маҳсулотларни кенгайтириш ва келгусида сериялаб саноатда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган инвестиция портфелига таклиф киритиш топширилди.

Тегишли мутасаддиларга Нишон ва Қарши тумани ҳокимликлари билан биргаликда мазкур туманларни инновацион ҳудудларга айлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун республика ҳукуматига тақдим этишга  бир ой муддат берилди.

Биродар АЗИЗОВ

Report typo