Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида вилоят ҳокимлиги, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистоннинг тадбиркор аёллари” шиори остида “INNOWOMENWEEK-2024” ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги доирасида тадбир ташкил этилди.
Аёлларнинг инновацион ғоялари, лойиҳа ва ишланмаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ишсиз, имконияти чекланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Ориф Базаров, вилоят “Олима” уюшмаси раиси Юлдуз Эргашева ва бошқалар сўзга чиқиб, муҳандис ҳамда дастурчи хотин-қизлар салмоғини ва илмий-техник салоҳиятини ошириш, уларни саноат ва ахборот коммуникация технологиялари соҳаларига кенг жалб этиш хусусида сўз юритдилар. Янги лойиҳаларни тарғиб қилиш, истеъдодларни кашф этиш, олима аёллар, ўқитувчи, ихтирочи, муҳандис, лойиҳачи, дастурчи, шифокор, фармацевт, тадбиркор, ҳунарманд, аграр соҳа вакиллари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида фаолият юритаётган мутахассис хотин-қизлар ҳамда талаба ва ўқувчи қизларнинг ташаббуслари ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталдилар.
Тадбир давомида тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизларнинг инновацион маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилиниб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар учун ўқув машғулотлари, психологик тренинглар ўтказилди.
Тадбир якунида хотин-қизларнинг илмий ва инновацион соҳаларда эришаётган ютуқлари таҳлил қилиниб, ушбу соҳада фаоллик кўрсатаётган хотин-қизлар сертификат билан тақдирланди.
Ҳафталик вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА