Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

20.01.2017


ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒ ЮРТ

Анъанага кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ инсонлар давлатимизнинг нуфузли мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида ҳудуд иқтисодиёти, саноати ва қишлоқ хўжалигини юксалтиришда жонбозлик кўрсатаётган вилоятимиз меҳнаткашлари ҳам борлиги қувонарлидир.

ЙИРИК САНОАТНИНГ УЛКАН САЛОҲИЯТИ

Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда нефть-газ саноатининг жадал тараққий этиши кўзга ташланди. Авваллари биз учун анча нотаниш ҳисобланган ушбу соҳада бугунги кунга келиб мисли кўрилмаган ютуқларга эришаяпмиз. Албатта, бу ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.

- Мамлакатимизда йирик саноат корхоналарининг мавжуд қувватларини модернизация қилишга доимий эътибор қаратилмоқда, - дейди “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони соҳиби Асқар Бўронов. – Буни “Шўртаннефтгаз” МЧЖ мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги йилларда корхонамизда бир қанча юқори қийматли истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, ўтган йили сиқув компрессор станциясининг иккинчи навбати ишга туширилди ва натижада йилига қўшимча 322 миллион куб метр табиий газ қазиб олиш имкони юзага келди. Углеводородли газ ва конденсатни тозалаш ҳамда қуритиш цехининг 3-,4 навбатларига 7 та агрегатнинг қўшилиши эса йилига 2,43 миллиард куб метр газни дастлабки тайёрлаш технологик жараёнларини оптималлаштиришга кенг шароит яратди. 2013-2015 йилларда корхонамиз томонидан 867,5 минг тонна нефть, 36 миллиард куб метр табиий газ, 931,1 минг тонна газ конденсати, 6,7 минг тонна олтингугурт, 363,6 минг тонна суюлтирилган газ қазиб олингани мазкур саноат субъектининг мамлакатимиз иқтисодиётида нақадар муҳим ўрин тутишидан далолат беради.

Асқар Бўронов “Шўртаннефтгаз” МЧЖнинг назорат ўлчов асбоблари ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш цехи бошлиғи. У нефть-газ соҳасидаги кўп йиллик фаолияти давомида мутахассис сифатида ҳар жиҳатдан ўсишга эришди. Унинг кўплаб ташаббуслари, инновацион таклифлари амалиётга жорий этилиши натижасида корхонада ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ошгани, тежамкорлик таъминлангани кузатилди. Бу эса маҳсулот таннархи арзон бўлишига шароит яратмоқда. Шунингдек, Асқар Бўронов соҳада қўлланаётган янги технологияларни ўзлаштиришда ҳам фаоллик намо-йиш этаяпти. Ўз атрофида ёшларни жамлаб, уларнинг ҳам ўзи каби соҳанинг етук мутахассиси бўлишига кўмаклашаяпти – билганларини ўргатаяпти, маслаҳатлар бераяпти.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирги вақтда ушбу гигант корхонада 5000 нафарга яқин мутахассис меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Асқар Бўронов бошчилик қилаётган цехда эса 100 нафардан зиёд ходим ишлайди. Муҳими, бу даргоҳда устоз-шогирд анъанаси давом этмоқда. Шу пайтгача Асқар Бўроновдан амалий билим ва тажриба ўрганган шогирдлар кўплаб топилади. Уларнинг аксарияти юртимиз нефть-газ саноатининг етакчи тармоқларида фаолият кўрсатаяпти.

ФЕРМЕРНИ ЕР БОЙ ҚИЛАДИ

Қамаши туманидаги “Бунёд” фермер хўжалиги раҳбари Ўроқ Баймурзаев ушбу сўзларни ўзининг фаолиятидаги шиорига айлантирган. Унингча, бугуннинг фермери ер билан тиллаша олиши баробарида омилкор, замондан хабардор, янгиликка интилувчан бўлиши керак. Бу хулосани у 22 йиллик фермер сифатида тажрибасидан келиб чиқиб айтади. У юртимизда фермерлик ҳаракатига йўл очилган илк даврдан то ҳозиргача соҳада рўй берган ўзгаришларнинг гувоҳи бўлган, жараёнда бевосита иштирок этган. Тармоқ ривожига қаратилган ислоҳотлар бугун юксак самара бераётганини ўз фаолияти мисолида таъкидлайди.

- Сир эмаски, айни пайтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг деярли 100 фоизи фермер хўжаликлари томонидан етиштирилмоқда, - дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Ўроқ Баймурзаев. – Бунда нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ўсиш қайд этилмоқда. Эндиликда тежамкор ресурслардан фойдаланган ҳолда мўл ҳосил олиш асосий мақсад ҳисобланади. Ишимизда  ҳам айни жиҳатлар устуворлик касб этаяпти. Кўп тармоқли хўжалигимизда пахтачилик ва ғаллачилик асосий йўналишлар саналади. Жорий йилда 83 гектар сувли, 92 гектар лалми ерда ғалла парваришлаб, юқори маҳсулдорликка эришдик. 38 гектар майдонда етиштирилган уруғлик пахтадан эса биринчи теримнинг ўзидаёқ гектарига 40 центнердан ҳосил кўтариб, шартнома режасини ошиғи билан уддаладик. Демак, деҳқон сидқидилдан меҳнат қилса, хирмонида унум, барака бўлади.

Фермернинг айтишича, у бундан икки йил аввал ўзини боғдорчилик бобида синаб кўрган. Хўжалик тасарруфидаги 5 гектар майдонда интенсив боғ барпо қилиниб, бу ерда ярим пакана олма дарахтлари ўстирилмоқда. Боғнинг олди ҳосили ҳам олинди.

- Келгуси йилдан кўпроқ ҳосил олишни мўлжал қилаяпмиз, - дейди фермер. – Мутахассислар дарахтларнинг ривожланишини яхши дея баҳолашди. Бу эса боғ майдонини яна кенгайтиришимизга туртки бўлди. Бунинг учун яна 5 гектар унумдор ерни ажратганмиз. Шафтоли ва қароли кўчатларини ўтқазмоқчимиз. Меваларни асл ҳолича сақлаш учун замонавий совутиш камераси билан жиҳозланган омборхона қуришни режалаштираяпмиз. Чорвачилик ҳам хўжалигимизнинг сердаромад тармоқларидан эканини айтишим лозим. 30 бош зотли қорамол, 100 бош қўй-эчки боқаяпмиз. Истиқболда соғин сигирлар сонини ошириб, бундан-да кўпроқ сут етиштиришни йўлга қўймоқчимиз. 

Қолаверса, фермер келгусида янги соҳаларга ҳам қўл уришни мақсад қилган. Жумладан, ишбилармон томонидан қишлоқда хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

ҲУНАРДАН РИЗҚИНГ УНАР

Китоб туманилик Нигора Собировани ҳунари элга танитди. У каштачилик, тикувчилик ва тўқувчиликни касб қилгани ортидан одамлар орасида обрў-эътибор қозонди. Яқинда унинг камтарона ишлари эътироф этилиб, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги сабаб Нигора Собирова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

- Юртимизда ҳалол ризқ топган, ўз қобилиятини тўла намоён этиб, жамиятга фойда келтирган инсон эъзозланишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим, - дейди у. – Ҳунарли хор бўлмайди, деганлари рост. Ўзим ҳунармандлар оиласида вояга етганман. Ота-онам қўй жунидан ип йигириб, от-уловга жабдуқ тўқиш билан шуғулланишган. У вақтларда ҳозиргидек имконият ва шароитлар йўқ эди. Фаолиятимизга тўсиқлар кўп бўлган. Маҳсулотимизни ҳадеганда сота олмасдик. Харидор йўқлигидан эмас, бунга рухсат берилмаганидан. Бугун эса давримиз келган. Тайёрлаган маҳсулотимизни бозорга олиб чиқишга ҳам улгурмаймиз. Ўзлари уйимиздан келиб олиб кетишади.

Нигора Собированинг айтишича, ҳозирги вақтда у қуроқчилик, ироқи каштачилиги, тўқувчилик буюмларини тайёрлаяпти. Айниқса, мавсумга мослаб тўқилган кийим-кечак, пайпоқ ва пойабзалга талаб кўп экан. Бугун ҳунарманд ишлаб чиқарган маҳсулотлар турли кўргазмаларга қўйилиб, унинг ижоди мутахассислар ва ихлосмандларнинг юксак баҳосига сазовор бўлаяпти. Ишбилармон аёл шу кунгача кўплаб қизларга ҳунари сирларини ўргатган. Уларнинг аксарияти аллақачон мустақил ўз ишини йўлга қўйган.

Дарҳақиқат, масъулият ва дахлдорлик ҳисси билан яшаб, юрт ободлигига ҳисса қўшишни мақсад қилган киши албатта бир кун халқ назарига тушади, эътироф этилади. Рағбат бор жойда эса ривожланиш, олға силжиш бўлади, ютуқлар ютуқларга уланади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo