Мутахассис маслаҳати
Инсоннинг қандай ва қанча яшашига фаол таъсир кўрсатувчи омиллардан бири бу - стресс ҳолатидир. Ушбу тушунча фанга илк бор канадалик машҳур олим, физиолог Ганс Селье томонидан 1936 йилда киритилган. Олим стресс ҳолатига олиб келувчи омилни стрессорлар деб, улар таъсирида организмда рўй берадиган ўзгаришларни мослашиш (адаптация) синдроми деб атайди.
Стресс ҳолати ҳар бир тирик жонга хос хусусият бўлиб, унинг юзага келиши ташқи ва ички муҳитдан бериладиган ҳар хил таъсирларга организмнинг физиологик жавоб реакцияси тарзида бўлади. Ушбу реакцияларнинг характерига қараб стресс фойдали ёки зарарли бўлади. Таъсир этувчи омиллар (улар стрессомиллар дейилади) маълум чегарадан ўтиб кетмаса, организмни ҳар хил ноқулай шароитларга мослаштиради, тетиклигини сақлайди, ҳушёр қилади, бу - фойдали стресс. Агар стрессомиллар кучли бўлиб, тез-тез такрорланаверса, охир-оқибатда организм бор кучини сарфлаб, уларга жавоб беришдан чарчаса, бу салбий стресс ҳисобланади.
Бирон бир ноқулай ҳолат (иссиқ, совуқ, юқори босим ва бошқалар) ҳаётга хавф солса, ундан ё қочиб қутулиш керак ёки уни енгиш керак. Бунинг учун юрак тез ва кучли ишлаб, тана мускулларига етарли миқдорда қон етказиб бериши, қон босими дарҳол кўтарилиши, нафас олиш, моддалар ва энергия алмашинуви тезлашиши лозим. Бундай ўзгаришлар эса қонда адреналин ва бошқа шунга ўхшаш гормонлар кўпайишини тақозо қилади.
Айтиш жоизки, қонда айтилган гормонларнинг кўпайиб, тегишли физиологик ўзгаришларни келтириб чиқариши нафақат салбий таъсирларда, балки кучли ижобий ҳолатларда ҳам кузатилар экан. Шунинг учун ҳам ҳаёт учун керакли эҳтиёжлар тўлиқ қондирилса (ейиш, ичиш, кийиниш, юриш, туриш, вақтиҳушлик, доимий мўътадил ташқи муҳит ва бошқалар), организмнинг яшовчанлиги доимий равишда ошиб, унинг соғлиги мустаҳкам бўлавермайди. Бундай одамларда замон касалликлари (қон босими юқори бўлиши, атеросклероз, қонда ёмон холестеринларнинг кўпайиб кетиши ва бошқалар) каби нуқсонлар топилади.
Стресс ҳолатига умуман тушмаслик ёки доим кучли стресс таъсирида яшаш - соғлиқ учун ёт нарса. Чунки, кучли бўлмаган стресс ҳолати ёки стресс реакция организмни ташқи ва ички муҳит ўзгаришларига бардошли қилади. Бунга оддий мисол: доимий равишда бадантарбия машқлари ёки спортнинг бирон тури билан шуғулланиб юрадиганлар ҳар хил касалликларга бошқаларга қараганда кам берилади. Чунки мана шундай шуғулланишнинг ўзи енгилгина стресс реакция, у танадаги гормонлар спектрини маълум тартибда ушлаб, иммунитет пасайиб кетишига йўл қўймайди. Бошқача айтганда, организм касалликларга қарши доим "қуролланган" бўлади. Иммунитетнинг етарли кучга эга бўлишида ҳам гормонлар спектрининг маълум ҳолда бўлиши фанда исботланган.
Стрессомилларнинг меъёридан ошиқ бўлиши ҳам кўп ҳолларда гормонлар миқдори ва спектри бузилишига олиб келади. Натижада яна иммунитет пасайиб, касаллик тез юзага келади. Масалан, айрим пайтлари "тоғни уриб, талқон қиладиган" йигитлар ҳам кўп ва меъёридан ортиқ шуғулланиш сабаб муаммо билан юзма-юз келиши мумкин.
Шундай экан, иссиқ, совуқ ҳарорат, жисмоний юклама, эмоционал қўзғалувчанлик, муваффақиятсизликлардан кучли саросимага тушиш, асабийлашиш, ўзини тута билмаслик, бақириб-чақириш, тажовузкорлик, руҳан эзилиш ва бошқаларга ҳаётдаги бор нарсалар деб қараш, пайдо бўлган муаммоларни ақл-заковат билан имкон даражасида ҳал қилиши лозим. Бу ўринда ҳар қандай шароитда ҳам сабрли, чидамли бўлиш ва масалани ечиш йўлларини оқилона излаш муҳим аҳамият касб этади.
Доно халқимиз "жаҳл чиққанида ақл кетади" деб бекорга айтмаган. Бунинг моҳияти шундаки, ушбу ҳолатда, баджаҳлликда, тажовузкорликда қонда адреналин ва бошқа гормонлар кўп ажралиб ёки улар нисбатининг бузилиши марказий нерв тизимида қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларини издан чиқаради, бу ҳол эса ўз навбатида оқилона фикр юритишга халақит қилади.
Гормонлар миқдорининг сезиларли даражада ўзгариши яна барча тўқима ва ҳужайраларда бораётган меъёрий моддалар алмашинуви бузилишига олиб келади. Бунинг оқибатида кўпгина аъзо ва тизимларда меъёрий ўсиш, янгиланиш, ривожланиш издан чиқиб, таассуротларнинг ҳар хиллигига қарамасдан бир хил салбий ўзгаришлар юзага келаверади. Масалан, тажрибадаги жониворларда кучли стрессомиллар: иссиқ (400 С), совуқ (00 С) ҳарорат, қаттиқ оғриқ (терини куйдириш), мажбурий жисмоний ҳаракат (махсус йўлакда югуриш), уларнинг физикавий хусусиятларидан қатъи назар ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак деворларида майда яралар пайдо қилади. Ушбу яраларнинг пайдо бўлишини Ганс Селье барча гуруҳ ҳайвонлар қонида айнан адреналин гормони кўпайиб кетиши билан изоҳлайди. Ушбу хулоса кейинчалик клиник кузатувларда ҳам ўз исботини топди. Масалан, доимий кучли стрессомиллар таъсирида юрганларнинг (руҳан эзилиш, кучли ғам-ташвиш ва бошқалар) ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак ички юзасида мана шундай яралар ҳосил бўлар экан. Бундай касалликларнинг тезроқ тузалиши аксарият ҳолларда яраларни тўғридан-тўғри таъсир қиладиган дори-дармонлар билан эмас, балки беморни қийнаб келадиган стрессомиллардан (иш шароитини ўзгартириш, оилада яхши муносабатлар яратиш, ҳиссиёт, ўта талабчанликдан воз кечиш ва бошқалар) холи қилишга боғлиқ экан. Адреналиннинг бундай "ҳужумидан" бошқа аъзо ва тизимлар ҳам қутулиб қолмайди. Кўпинча юрак-қон томир тизими фаолиятида кучли ўзгаришлар кузатилади. Кейинги йилларда қандли диабет ва асаб касалликлари (масалан, депрессия) ҳам кучли стрессомиллар туфайли келиб чиқиши ҳақида фикрлар билдирилмоқда.
Албатта, тавсия ва маслаҳатлар нисбий бўлиб, уларга ҳар доим, ҳамма амал қилиши қийин. Бироқ оқил инсон муаммоларни ҳаётий сабоқ деб билади ва ечимни Аллоҳдан кутади. Ҳар қандай ҳолатда юзингиздан табассум аримасин. Аввало, табассум кайфиятни кўтаради, ўзингизга ишончни орттиради, юзингизга нур беради. Қолаверса, қайғуларни табассум билан енгган инсон - кучли инсон. Ҳаётда эса фақат кучлилар ғалаба қозонади.
Шониёз ҚУРБОНОВ,
биология фанлари доктори, профессор
Гулноза БЎРОНОВА,
Физиолог