Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Комила КАРОМОВА

31.01.2017


ИНСОН МАНФААТИ ҲАР НАРСАДАН УСТУН

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида, барча туман ва шаҳарларда ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бу аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизимини яратишга хизмат қилади.

Бунинг самаралари ҳозирданоқ яққол намоён бўлмоқда. Бугун оддий фуқаро ўз Президенти билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга. Таклиф, муаммолари ҳақида ўз фикрини очиқ билдира олади. Айтиш керакки, халқ билан мулоқотда барчамиз Президентимиздан ўрнак олишимиз керак. Зеро, Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташрифи мамлакат раҳбарининг халққа, халқнинг эса мамлакат раҳбарига бўлган юксак ҳурмат-эътиборининг ёрқин ифодаси бўлди.

Бугун мамлакатимизда инсон, унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, ҳаёт фаровонлигини ошириш масалалари устувор вазифалар сирасига киради. Ушбу ишларни амалга оширишда халқ вакилларининг ҳам иштироки жуда муҳим. Жумладан, биз депутатлар жойларда ижтимоий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришимиз зарур бўлади.

 Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси сифатида шуни очиқ айтаманки, партиямиз ҳузурида бундан 10 йил илгари Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилган эди. Афсуски, мазкур тизим кўнгилдагидек ишламади. Эндиги вазифа ҳар бир туман ва шаҳар партия кенгашлари ҳузурида Халқ қабулхоналарини ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашдан иборат. Чунки сиёсий партия фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлади, бўлиши керак. Асосий мақсадимиз Халқ қабулхоналарига қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишга қаратилган.

Хабарингиз бор, айни кунларда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси кенг муҳокама этилмоқда. Ушбу стратегияда давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилди. Эътиборлиси шундаки, мазкур стратегия кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига ҳавола этилди. Демак, давлат дастурининг ишлаб чиқилишида халқнинг иштироки таъминланмоқда. Бахтли келажакнинг истиқбол режалари тузилмоқда. Ҳолбуки, эртасининг қандай ўтишини тасаввур ҳам эта олмайдиган мамлакатлар, халқлар борлигини назарда тутадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегияси ҳар биримиз учун нақадар муҳим эканини ҳис этамиз.

Халқ билан мулоқотни янада самарали олиб бориш мақсадида Президентимиз Олий Мажлис палаталари фаолиятини кучайтириш бўйича ҳам зарур механизмни таклиф этди. Бунинг учун ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса беришлари лозим бўлади.

Умуман олганда, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур ҳақиқатни англаган ҳолда ҳар биримиз халқ ишончига муносиб бўлишга интилишимиз лозим.

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Report typo