Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Исломиддин АБРОРОВ

22.12.2016


ИНСОН МАНФААТЛАРИ, ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ КАФОЛАТИ

 

* * *

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган ва ялпи мажлисда маъқулланган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни ҳар томонлама тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган.

Ҳуқуқий ҳужжатда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган, ваколатли органлар тизими келтирилмоқда, ушбу соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти  институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгилаб ҳамда очиб берилмоқда, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти акс эттирилмоқда.

Коррупцияга қарши курашувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларни ташкил этиш ҳамда унинг таркибига жамоат бирлашмаларининг вакилларини, тадбиркорларни ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусий мулкни ғайриқонуний тажовузлардан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ҳимоялашга қаратилган мазкур қонун ишчанлик фаолиятини ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга, шунингдек, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

* * *

Ялпи мажлисда маъқулланган "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги Қонундан кўзланган асосий мақсад қонун ҳужжатларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар томонидан маъмурий қамоқни ўташ принциплари ва тартибини мустаҳкамлаб қўйишдан иборат. Қонунда маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, шунингдек, уларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш, жойлаштириш ва сақлаш, уларни моддий-маиший ва тиббий таъминлаш тартиби қайд этилди. Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларининг асосий ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун сарфланадиган харажатларни ундириш ва уларни меҳнатга жалб қилиш тартиби белгиланди. Шу билан бирга, қонунда маъмурий қамоққа олинган шахсларни рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, махсус қабулхона ходимларининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилганда, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилганда уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ва махсус  воситаларни қўллаш шартлари назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқни ўташда қонун  ҳужжатлари талабларини ижро этишнинг ягона амалиётини таъминлашга, ушбу соҳада ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ва мазкур органлар ходимларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат  жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашнинг ишончли ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги ролини ошириш, ишчанлик муҳитини янада яхшилаш бўйича белгиланган изчил чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш ва уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини кескин камайтириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик ривожланишига тўсқинлик қилувчи барча ғовлар ҳамда чекловларни бартараф этиш қонуннинг асосий мақсадидир.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янада эркинлаштирилишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодексига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга доир ҳуқуқдан маҳрум этиш тарзидаги жазо тайинланмаслигини назарда тутувчи норма киритилмоқда, бундан одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳоллар мустасно.

Маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиш, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта жиноят содир этган тадбиркорлик субъектларига ва уларнинг ходимларига, агар улар ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлсалар, жарималар ҳамда молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланмаслиги назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, қонунда ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган    шахсларни, агар улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва рухсат берувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган бўлсалар, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиш механизми жорий этилмоқда.

Шунингдек, қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича ҳам режадан ташқари текширишнинг, шунингдек, қарши текширишнинг барча турларини бекор қилиш назарда  тутилди.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган тузатишлар терговдан олдинги текширувлар вақтида ва қўзғатилган жиноий ишлар бўйича тафтишлар тайинланишини ҳамда ўтказилишини процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солишни назарда тутади, шу жумладан, тафтиш тайинлаш учун асосларни, тафтишларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари тафтишларини ўтказиш муддатлари ва шартларини, текширилаётган субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, тафтиш ўтказувчи шахсларни белгилаб беради.

Мазкур қонун тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим омил бўлади, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг муҳим шарти сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида мавжуд бўлган маъмурий ва сунъий тўсиқларни қатъийлик билан бартараф этишга кўмаклашади.

* * *

Маълумки, 1992 йил 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинган. Шу асосда мустақиллик йилларида мамлакатимизда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида катта ишлар амалга ошириб  келинмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонун кўриб чиқилди ва 8 январни Прокуратура органлари ходимлари куни деб белгилаш маъқулланди. Бу соҳа вакилларининг мақомини, прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, уларни ўз хизмат вазифаларини виждонан бажаришга рағбатлантиришга кўмаклашади.

* * *

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги  фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Жаҳон миқёсида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги ташқи сиёсий фаолиятни амалга ошириш масалаларида парламент ролини янада кучайтириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, жаҳон майдонида мамлакатимиз нуфузини ошириш, шунингдек, ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиш, унинг зиммасига ушбу соҳадаги фаолиятнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этиш, дастурлар ва иш режалари ижро этилишини назорат қилиш вазифаларини юклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу мақсадда Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Хусусан, халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг, дастурлар ва режаларнинг марказда ва жойларда рўёбга чиқарилиши устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини илгари суриш каби вазифалар мазкур қўмита зиммасига юклатилди.

* * *

Умуман олганда, Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қарорлар фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли кафолатларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, мамлакатда барқарорлик ҳамда фаровонликни мустаҳкамлаш учун муҳим омил бўлиши  шубҳасиз.

Исломиддин АБРОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Report typo