Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Н.ХЎЖАЕВ

08.12.2018


ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Декларация жаҳон ҳамжамияти учун фақат тавсиявий характерга эга. Лекин унинг асосида қабул қилинган 2 та халқаро ҳужжат уни имзолаган барча тарафлар учун мажбурий ҳисобланади. Бу ҳужжатлар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ва Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро шартномалардир. Ўзбекистон уларга 1995 йилда қўшилган.

1948 йил декларацияни БМТга аъзо 58 давлатдан 48 таси қўллаб-қувватлаган. 10 декабрь куни ўтган овоз бериш жараёнида Белоруссия, Украина, собиқ иттифоқ, Чехословакия, Польша, Югославия, Жанубий Африка иттифоқи ва Саудия Арабистони бетараф қолган, Гондурас ва Яман иштирок этмаган. Канада декларацияни дастлаб рад этиб, кейин тасдиқлаган.

Собиқ иттифоқ давлатлари декларацияни эркин эмиграция (фуқароларнинг мамлакатдан кўчиб кетиш) ҳуқуқини эътироф этишни хоҳламаганлари сабаб рад этишган. Жанубий Африка иттифоқи ва Канада ирқий масалани сабаб қилиб кўрсатган бўлса, Саудия Арабистони эътиқод ва никоҳ эркинлиги тан олинмагани сабабли уни рад этган.

Амалда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ишлаб чиқиш зарурати Иккинчи жаҳон уруши оқибатлари туфайли келиб чиққан. Уруш ва ундан олдинги воқелик халқаро миёсда инсон ҳуқуқларини таъминлайдиган ҳужжатга зарурат борлигини кўрсатган. БМТ низоми айни масалани рўёбга чиқаришга қодир бўлмаган.

Декларациянинг дастлабки матнини тайёрлашга Австралия, АҚШ, Бельгия, Белоруссия, Буюк Британия, Хитой, Куба, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Ливия, Панама, собиқ иттифоқ, Уругвай, Филиппин, Франция, Чили, собиқ Югославия каби давлатлар вакиллари жалб қилинган. Бунда ўша вақтдаги конституциялар, Буюк Британиянинг Буюк озодлик хартияси, АҚШ Мустақиллик декларацияси, Ҳуқуқлар тўғрисида қонун, Франция инсон ва фуқаро декларацияси каби ҳужжатлардан фойдаланилган.

1789 йилда бўлиб ўтган француз инқилобининг сиёсий манифести сифатида қабул қилинган Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси унинг ўтмишдоши ҳисобланади. Француз Таъсис мажлиси қабул қилган декларация кириш ва 17 моддадан иборат бўлиб, миллат олий ҳокимият манбаи деб эълон қилинган эди. Асосий қисмда инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқлари, халқ суверенитети ва халқ ҳокимиятининг тақсимланиши қоидалари баён этилган. Декларацияда "кишилар эркин ва ҳуқуқда тенг бўлиб туғиладилар ва кейин ҳам эркин, ҳуқуқда тенгликларича қоладилар. Ижтимоий фарқлар фақат умумнинг фойдасига асосланган бўлмоғи мумкин", "ҳар бир давлатнинг мақсади инсонларнинг табиий ҳуқуқларини таъминлаш, яъни эркинлик, хавфсизлик, мулкка эгалик қилиш ва зулмга қаршилик кўрсатиш каби инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир", "қонун умум эркнинг ифодаси, ҳамма фуқаролар қонун ишлаб чиқишда ўзлари ёки вакиллари орқали иштирок этади" каби қоидалар ўз ифодасини топган бўлиб, бундай қоидалар кейинчалик янада ривожлантирилган ҳолда 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида баён этилган.

Декларация билан танишиб, Бош қомусимиздаги жуда кўп нормаларга айнан у асос қилиб олинганини кўрасиз. Хусусан, декларация 4-моддасида "Ҳеч ким асоссиз қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмас"лиги қайд этилган бўлса, Конституциямизнинг 26-моддасида ҳам "Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас", дея кўрсатилган.

Қолаверса, декларация 23-моддасидаги "Ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга", 26-моддасидаги "Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим олишда ҳеч бўлмаганда бошланғич ва умумий таълим текин бўлиши лозим. Бошланғич таълим мажбурий бўлиши керак. Техник ва ҳунар таълими ҳамманинг қурби етадиган даражада бўлиши, олий таълим эса ҳар кимнинг қобилиятига асосан ҳамма учун етарли имконият доирасида бўлмоғи керак", 27-моддадаги "Ҳар бир инсон жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этишга, санъатдан баҳраманд бўлишга, илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга"лиги ҳусусидаги қоидалар Асосий қонунимиз орқали барчамизга ёд бўлиб кетган.

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Report typo