Ҳар куни янгиликлардан бохабар бўламиз, дунёнинг нариги чеккасида қандай воқеа-ҳодисалар содир бўлаяпти, қаерда уруш-жанжал қўпган, қаерда илм-фаннинг сўнгги ютуқлари ҳаётга татбиқ этилган, барча-барчасидан зумда бохабар бўламиз. Уларнинг аксарияти бизга у қадар дахлдор бўлмаса-да, фикр-муносабат билдиришдан ўзимизни чекламаймиз. Чунки ҳар бир инсон фикр ва сўз эркинлигига эга эканини яхши биламиз. Аммо биргина кун бошида қилинажак ишларимизни режалаштириб олишнинг ўзиёқ катта неъмат эканини кўп-да мулоҳаза қилиб кўрмаймиз.
Энди бир ўйлаб кўрайлик. Бизга табиий маром сифатида ўзлашиб кетган бу дахлсиз ҳуқуқ ва эркинликлардан дунёнинг барча одамлари ҳам баҳрамандми? Йўқ. Масалан, бугун террор хавфи лаҳза сайин тажовуз солиб турган Ироқ, Сурия каби давлатларда инсонлар энг асосий ҳуқуқи – яшаш ҳуқуқидан маҳрум этилаётганини бугун дунё афкор оммаси ташвиш билан кузатиб турибди. Тасаввур қилиб кўринг: яшаш ҳуқуқи-ки, ўргимчак тўридай нозик ва қил устида турса, бошқа нарсалар, масалан, мулкка эгалик ҳуқуқи, малакали тиббий хизмат ёки таълим олиш ҳуқуқи, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида гапириб бўладими? Бугун дунё миқёсида кишилар қўлида 1 миллиард донадан зиёд ўқотар қуролларнинг борлиги эса инсонларнинг яшаш ҳуқуқи нақадар катта хавф остида эканини кўрсатади.
Дарвоқе, яшаш... Бугун фақат уруш, инқилоблар бу ҳуқуққа дахл солаётгани йўқ. Очарчилик, касалликлар миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритмоқда.
Лотин Америкаси диктаторларини эсланг. Бирови кесиб ташланган бир оёғини тантанали равишда дафн қилган бир чоғда ўша мамлакатда 2,5 миллион бола туғилмай ўлган, очлик қурбони бўлган кишилар миллионлаб кишиларни ташкил этган...
Шимолий Кореяда интернетдан фойдаланиш тақиқланган экан. Чет элга чиқиш ҳақида-ку гап бўлиши ҳам мумкин эмас.
Табиийки, бу жойларда кишилар бошланажак кунини режалаштиришдек улуғ неъматдан бебаҳра, улар режалаштирилган тартиб асосида яшашга мажбур.
Шулар ҳақида сўз юрита туриб, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан тўла фойдаланиши учун юртда тинчлик-осойишталик бўлиши бирламчи шарт экан, деган фикрга келасан киши. Чунки тинчлик бор жойда қонунлар ишлайди, уларга амал қилинади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади. Чунки юқорида тилга олинган мамлакатлар қонунларида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликлари хусусида сўз юритилгани шубҳасиз. Агар қонунлар ишламаса, ҳар қандай ҳуқуқ қоғозда қолиб кетаверади. Улар амал қилиши учун шароит, тинчлик-осойишталик бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши, “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши ва адвокатура институтининг ислоҳ қилиниши инсоннинг яшаш ҳамда дахлсизлик ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги дадил қадам бўлди.
Халқаро “Habeas Corpus Act” (1679 йил 26 майда Англияда қабул қилинган буйруқ инсоният тарихида ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни чеклаган биринчи ҳужжат деб тан олинади) Ўзбекистонда жорий этилиши билан Конституциямизнинг 19-, 25-, 44-моддаларида белгиланган шахс ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги ва улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклашга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиш ёки қамоқда сақлаб туриш мумкин эмаслиги ҳамда ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини судга шикоят қилиш орқали ҳимоя қилиш кафолатланганлиги тўғрисидаги талабларни жиноят-процессуал қонунида акс эттирилиши таъминланди ҳамда жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириб, дастлабки терговга суд назоратини олиб киришга имконият яратди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ҳуқуқий тизимида фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузганлик учун қатъий жавобгарлик назарда тутилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс фуқароларнинг тилни эркин танлаш, таълим ва тарбия олиш ҳуқуқларининг бузилиши, тилдан фойдаланишда тўсиқлар ва чекловлар ўрнатилиши, давлат тилига, шунингдек, Ўзбекистонда яшаётган бошқа миллатлар ва халқлар тилларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш учун жавобгарликни белгилайди. Жиноят кодексида фуқароларнинг тенглигини бузганлик, шунингдек, диний ҳамда миллатлараро нифоқ чиқаришга уриниш учун қатъий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Шунингдек, Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бўлган қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасидаги ҳал қилувчи вазифалар белгилаб берилгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Бундан ташқари, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда ОАВ ҳамда журналистлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги ва “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мустақил телерадиоканалларни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шулар жумласидан.
Шу билан бирга, юртимизда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний тенгликни таъминлаш сиёсати юритилмоқда. 160 та христианлик ташкилоти, 8 та яҳудийлар жамияти, 6 та баҳоийлар жамияти, кришначилар ва буддавий ибодатхонаси каби Ўзбекистон учун анъанавий бўлмаган 176 та ташкилот фикримизни тасдиқлайди.
Энди бу қонунлар амал қилаяптими, ҳар биримизнинг ҳаётимизга сингиб борганми, деган саволга жавоб излаб кўрайлик.
Ҳар тонг кунни бошлашда қилинажак ишларимизни режалаштириб олаяпмизми, режалаштирганимиз рўёбга чиқаяптими, ўқишга, ишга бамайлихотир бораяпмизми, бепул таълим, тиббиёт муассасаси хизматидан фойдаланаяпмизми, меҳнат таътилига чиқаяпмизми, нафақа олаяпмизми, демак, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланаяпти. Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари – дахлсиз.
Н.ХЎЖАЕВ