Жорий йилнинг 28-29 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар, қабул қилинган қарорлар эса бу борадаги кенг кўламли ишларни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.
Хусусан, муҳтарам Президентимиз ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун суд ҳокимиятининг нуфузини янада оширади, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг конституциявий кафолатларини кучайтиради.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг бирлаштирилиши муносабати билан Конституциядаги “Олий хўжалик суди”, “Олий хўжалик суди судьялари”, “хўжалик судлар” деган сўзлар тегишли равишда “Олий суд”, “Олий суд судьялари”, “иқтисодий судлар” деган сўзлар билан алмаштирилди.
Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади.
Асосий Қонунимизга киритилган ўзгартишларга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилди. Бу Кенгаш аввал амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси ўрнини эгаллайди. Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми 111-модданинг янги таҳрири билан аниқ мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституция Судьялар олий кенгашига кенг ваколатлар беради. Конституция 93-моддаси биринчи қисми 14-бандининг янги таҳририга мувофиқ Президент Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади.
Айни пайтда Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади. Шуни қайд этиш керакки, аввал судьяларнинг бу тоифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланар эди.
Халқаро ҳуқуқ нормалари ва демократик анъаналарга содиқлигимиз ва оғишмай риоя қилишимиз ўз ифодасини топган бу борадаги янгиликлардан кўзланган мақсад қонунчиликни янада такомиллаштириш ва бунинг натижасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга қаратилгани билан муҳимдир.
Д.ТУРУМБАЕВ,
Жануби-ғарбий алоҳида ҳарбий округ ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия капитани