Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар муваффақиятли тарзда амалга ошириб келинмоқда. Буни суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, унинг жамиятдаги мавқеини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ишларнинг самаралари ҳам тасдиқлаб турибди.
Ҳар қандай ислоҳотнинг энг муҳим самараси, аввало, халқнинг маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш жараёнлари, онгу тафаккурининг юксалиши, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига, тақдирига дахлдор бўлганини ҳис қилиши билан ўлчанади.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда ана шу жараёнларнинг моҳиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак” деган мақсад мужассам эканини ва унинг амалий ифодасини барча соҳаларда кўриш, кузатиш қийин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам суд-ҳуқуқ тизимидаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнини янги босқичга олиб чиқди.
Айни вақтда ушбу фармон ўз мазмун-моҳиятига кўра, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Фармонга мувофиқ, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш; одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгилангани тизимдаги ислоҳотларнинг ўзагини ифодалайди.
Энди янги тартиб асосида судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)нинг назарда тутилиши эса соҳадаги давлат сиёсати самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Ўз ўрнида бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.
Шу билан бирга, 2017 йилнинг 1 апрелидан қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилаётгани, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилиши,қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилаётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Бундан ташқари, фармонда судларда ишларни назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялар, ваколатларнинг бекор қилиниши назарда тутилгани айнан бир назорат инстанцияси томонидан ишларнинг бир неча бор кўриб чиқилишининг олдини олишга хизмат қилиши билан бирга муайян иш юзасидан қарор қабул қилувчи судьянинг масъулиятини оширади, адолатли хулоса қилишга ундайди.
Фармоннинг суд ҳокимияти мустақиллиги асосларини мустаҳкамловчи яна бир алоҳида аҳамиятли томони – адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилаётганидир. Ушбу чора судлар мустақиллиги ва улар фаолиятига аралашмасликнинг қўшимча кафолатларини яратади.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашнинг туб маъноси – судьянинг лавозимга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланиши, Ўзбекистон Республикаси номидан иш юритиши, давлат ва жамиятнинг ишончли вакили экани судьяларга бошқаларга нисбатан каттароқ масъулият юклашини, улар ўзларига билдирилган бу ишончдан фақат Ўзбекистон равнақи, қонун устуворлиги йўлида фойдаланиши, ҳуқуқий давлат қурилишига ўз ҳиссасини қўшиши, давлат, жамият ва виждони олдида пок бўлиши лозимлигини англатади.
Умуман олганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари туб замирида шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсонни рози қилиш, уларнинг эзгу ниятларини рўёбга чиқариш ҳамда инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этиш мақсади мужассамдир.
Илҳомжон РАҲМОНҚУЛОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси