Лекин саломатлик, бойлик ва офиятнинг қадри кўпинча улар ўртадан кўтарилгандан сўнг билинади. Ўз вақтида сиҳат-саломатлигимизнинг қадрига етиб хайрли амаллар, ибодатларимизни мукаммал қила олмаймиз. Бойлик келган вақтда унинг шукрини адо қилиш ўрнига, кибр ва манманлик отига минамиз. Набий алайҳиссалом айтганларидек: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”. Шунингдек, кўплаб ҳадисларда ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлиги алоҳида таъкидланган.
Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлиқ ҳақида қанчалик қайғуришмасин, бу йўлда нечоғлик фидокорлик кўрсатишмасин, ҳар вақт, ҳар қачон батамом саломат бўлиш иложсиз.
Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса, ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради. Расулуллоҳ марҳамат қилиб айтадилар: “Аллоҳ кимгаки яхшиликни истаса, унга мусибат беради”. Яна бир ривоятда расулуллоҳ шундай марҳамат қиладилар: “Мўминга нимаики касаллик, машаққат, ташвиш, қайғу ва озор етса, ҳатто унга тикан кирса ҳам албатта Аллоҳ шу сабабли унинг гуноҳларини ўчиради (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу ривоятлардан бизларга етадиган касалликлар мутлақ зарар эмас, балки фойдамизга бўлиши очиқ-ойдиндир. Чунки касаллик туфайли мусулмон киши ўзининг ожизу нотавон бир банда эканлиги, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг иноятига муҳтож эканини англайди. Аллоҳга илтижо қилиб, шифо ва енгиллик сўрайди. Сабр қилади. Натижада кўп яхшиликларга эришади. Шундай экан, бирор касалликка чалинган кишилар ранжимасдан, жазавага тушмасдан саломатлиги юзасидан ҳаракатда бўлиш билан бирга буни Аллоҳнинг синови ва неъмати деб билишлари мақсадга мувофиқдир.
Фурқат ЖУМАЕВ,
Қарши шаҳридаги Қум қишлоқ жомеъ масжиди имом-хатиби