Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

20.03.2018


ИНСОН ВА ТАБИАТ ТИРИКЛИГИ МАНБАИ

Сув – тириклик манбаи, у сайёрамизнинг жони. Сувсиз бир онимизни ҳам тасаввур қила олмаймиз. Деярли ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада уни истифода этар эканмиз, атиги бир марта усиз қандай яшашимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз, гўё сув энг туганмас, абадийлик манбаларига эга неъматдек биз учун. Лекин, минг афсуски, сув асло туганмас манба эмас. Айниқса, бугунги кунга келиб, сув манбалари жиддий муҳофаза этилиши шарт саналган, асраб-авайланишга муҳтож ҳудудларга айланиб бормоқда. Бугун сув – нафақат инсон ва табиат тириклиги манбаи, эҳтиёжни қондирувчи восита, балки у давлатлар ўртасидаги геосиёсий муносабатлар омилига ҳам айланиб бормоқда.

Мутахассисларнинг сув манбалари, ичимлик суви захираларига доир ўрганишлари натижалари бўлмиш айрим маълумотлар эса кишини жиддий ташвишга солади. Маълумки, Ер юзининг 70 фоизи сув билан қопланган, аммо унинг 97,5 фоизи шўр сув, фақат 2,5 фоизигина истеъмолга яроқли сув, шунинг ҳам каттагина қисмини музликлар ташкил этади. Бугун дунёда 663 миллиондан ортиқроқ киши ўзи яшаб турган ҳудудда ичимлик суви манбаига эга эмас. ХХ асрга келиб, сув истеъмоли қарийб 6 фоизга ошган. Аҳоли сонининг ўсиб бориши эвазига бу кўрсаткич яна икки фоизга ошиб боради. Ривожланган давлатларда ичимлик сувининг 30 фоизи исроф бўлаяпти. Бир қанча йирик шаҳарларда бу йўқотиш ҳатто 70 фоизни ташкил қилади.

Халқаро ташкилотларни жиддий ташвишга солган тоза сув муаммоси дунё миқёсида бир қатор чора-тадбирларни амалга татбиқ этишга ундади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 22 февралдаги резолюцияси билан 22 март – Бутунжаҳон сув ресурслари (Халқаро оби ҳаёт) куни деб эълон қилинди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув манбаларини асраб-авайлаш, сувдан тўғри фойдаланиш мақсадида эълон қилинган ушбу сана жаҳоннинг кўплаб давлатларида муҳим экологик тадбир сифатида нишонланади. Шу куни жаҳон бўйлаб сув манбаларини муҳофаза этиш, сувдан тўғри ва тежаб фойдаланиш, сув   муаммоларига ҳукуматлар эътиборини тортиш каби муҳим масалалар кўтариб чиқилади, оддий аҳолига сув билан боғлиқ бугунги ва келажакда юзага келиши кутилаётган муаммолар тўғрисида энг муҳим, таъсирчан ахборотлар тақдим этилади.

Ўзбекистонда ҳам ушбу сана ҳар йили нишонлаб келинмоқда. Зеро, сув манбалари, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи бизда ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизнинг сув фонди ерлари   14,4 миллион гектарни ташкил этади.   Ўзбекистонда 55 та сунъий сув омбори мавжуд. Шундан 30 таси Амударё, 25 таси Сирдарё ҳавзасида жойлашган. 4,3 миллион гектар майдонни суғориш учун ўртача 57 миллион куб метр сув олинмоқда ва у мавжуд ресурсларнинг 90 фоизини ташкил этади. Ички дарёларнинг ўртача кўп йиллик сув  ресурслари йилига 11,5 километр ёки сув эҳтиёжи умумий миқдорининг 18 фоизи демакдир. Умумий сув эҳтиёжининг 82 фоизга яқини Амударё ва Сирдарё ресурслари ҳисобидан қопланади.

Мамлакатимизда сувдан фойдаланиш ва унинг ҳуқуқий асосини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, Бош Қомусимизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб белгилаб қўйилиши сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг мақсади ҳам сувга доир муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Сувдан фойдаланиш қоидаларига оид меъёрларни Ер, Фуқаролик, Солиқ, Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунларда ҳам кўриш мумкин.

Умуман олганда, сув ресурсларини асраб-авайлашга, мавжуд сув  манбаларидан оқилона фойдаланишга қаратилган бу каби тадбирлар бир мақсадни кўзлайди: келажакда юзага келиши мумкин бўлган сув танқислигининг олдини олиш, минтақада сувдан тўғри фойдаланилишига эришиш. Аммо бунинг учун ҳар бир киши, ҳар бир фуқаро, аввало, сувдан  тўғри фойдаланишни билиши, экологик  маданиятга эга бўлиши лозим. Шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Report typo