Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

01.08.2024


ИНСОНГА ЎЗИ ЎЙЛАГАНЧАЛИК ҚУДРАТЛИ ЭМАСЛИГИНИ ШУНЧАКИ ЭСЛАТИБ ҚЎЙИШ КЕРАК

Сараланган сатрлар

Одамлар нега китоб ўқишади? Китоб ўқимасдан яшаб бўлмайдими? Умрида қўлига китоб тутмаган кишилар ҳам яхши яшаётганига гувоҳ бўламиз-ку! Гап шундаки, инсон мутолаа орқали ўзлигини, моҳиятини англайди, ўзгалар ҳаёти орқали ўз яшаш йўлини яратади. Шундагина тўғри йўлдан оғишмайди, жиноятлар содир этишдан, ахлоқсизликдан, мухтасар айтганда, ёмон одам бўлишдан қайтади. Китобнинг энг катта аҳамияти шу: инсонни билимли, савияли, кенг фикрли этиб тарбиялайди ва бунинг учун ҳеч нарса тама қилмайди.

Тарихни кузатсак, китоб ўқиганлар, фикр эгаларига ҳеч қачон осон бўлмаган: улар таъқиб қилинган, фикрлари тақиқланган, жамият ҳам уларни осонликча қабул қилавермаган. Сабаби аён: мустабидларга фикрловчи одам бошқариш қийинлиги учун ёқмайди, оломон эса ўзларидан фарқ қилувчиларни қабул қилолмайди.

Китобсиз жамиятни тасаввур этиб кўринг: енгил-елпи сериаллар, интернет шов-шувлари, "артис"лар нағмалари, кўнгилхушлик учун ҳар турли воситалар - булар инсонни бориб-бориб ҳалокатга элтади. Фикрламайдиган жамият таназзулга юз тутишига тарихдан мисоллар бисёр.

Америкалик машҳур фантаст ёзувчи Рэй Брэдбери "Фаренгейт бўйича 451 даража" асарида инсониятни ўқимаслик даҳшатларидан огоҳлантиради. Асар бош қаҳрамони Гай Монтэг китобларни ёқиш билан шуғулланадики, бу у яшайдиган мамлакатда нуфузли касб саналади. Китоб ўқиш жиноят, ҳукумат бунинг ўрнига кўплаб осон воситалар яратиб қўйган, муҳими, одамлар ўқимаса, фикрламаса бўлди. "Ақл-идрокингиз қаерда қолди? Бу китобларда ҳаммаси бири иккинчисига зид. Ҳақиқий Бобил минораси! Шунча йиллардан буён унинг ичида бекиниб ўтиргансиз. Буларнинг ҳаммасини ташлаб эркинликка чиқинг. Буларда ёзилган одамлар ҳеч қачон бўлишмаган", дея уқтиришади улар яширинча мутолаа қиладиганларга.

Инсон техника тараққиётига эришиши мумкин, ўзлигидан узоқлашса, борар манзили чоҳ, тубсиз ўпқон бўлади, аниқ.

Бу ажойиб асарни ўқиб чиқинг. Адиб фантазияси ва топилмалари ҳар қандай китобхонни ҳайрат уммонига чулғаши тайин.

*  *  *

Элас-элас эслайди, ҳали болалигида бир кун электр ўчиб қолди. Онаси охирги шамни топиб ёққан эди ўшанда. Шам ёниб турган ўша қисқа фурсат ажойиб кашфиётлар дақиқаси бўлган эди: олам бошқача бўлиб қолган, макон чексизлигини йўқотган ва уларнинг теварагида қулай ҳолатда торайгандек эди. Она-бола икковлари бир-бирларини энди кўриб тургандек электр мумкин қадар кейинроқ уланишини кўнгилларидан ўтказиб ўтиришарди.

*  *  *

Одамлар кўпроқ ўчирмагунларича бор кучи билан ловуллаб ёнувчи машъалага ўхшайдилар. Аммо бошқа одамнинг юзида ўз қиёфанг аксини кўриш, юрак қаърингдаги изтиробли фикрларингни ўқиш камдан-кам учрайдиган ҳодисадир!

*  *  *

- Ёқадиган китобларингизни ҳеч вақт ўқийсизми?

- Бунга қонун йўли билан жазо берилади. Бу ёмон иш эмас. Душанба куни Эдна Миллей китобларини ёқамиз, чоршанба куни Уитманни, жума куни Фолкнерни куйдирамиз. "Ёниб кул бўлгунча ёндир, кейин кулни ҳам ёқиб юбор". Профессионал шиорларимиз ана шундай.

*  *  *

Бизга ўхшаганлар миллиардлаб, бу ҳаддан зиёд кўп. Ҳеч ким бир-бирини билмайди. Етти ёт бегоналар келиб сенга зўравонлик қилишади. Бегона одамлар юрагингни юлиб, қонингни сўриб оладилар.

*  *  *

Одамларнинг қадри қолмаган бир асрда яшаяпмиз. Бизнинг давримиздаги инсон қоғоз қўл сочиққа ўхшайди: унга бурун қоқадилар, ғижимлайдилару улоқтирадилар, янгисини оладилар, бурун қоқадилар, ғижимлайдилар, ташлаб юборадилар... Одамлар ўз қиёфасига эга эмас.

*  *  *

Одамларнинг ҳозир бир-бирлари учун вақтлари йўқ.

*  *  *

Чўнтагингда ўн минг долларга квитанциянг бўлса, демак, ҳаммаси жойида, ҳамма бахтли, ҳамма хурсанд. Метрода ё содали сув фавворачалари ёнида одамларнинг гапига қулоқ солиб нимага иқрор бўламан денг?

Одамлар ҳеч нарса ҳақида гапиришмайди. Ҳа-ҳа. Ҳеч нарса ҳақида. Автомобиллар маркаси, модалар, сузиш бассейнларининг номини аташади, холос ва ҳаммасига "Вой, қандай яхши" деб қўшиб қўйишади. Уларнинг ҳаммаси ҳадеб бир нарсани тасвирлаб айтадилар. Шақилдоқнинг ўзи дейсиз.

*  *  *

Йўқ, бизларни тинч қўйиш мумкин эмас. Аҳёнда бўлса ҳам биз безовта бўлишимиз керак.

*  *  *

Ҳамма нарса оммавий бўлгандан кейин соддалашиб ҳам кетди, қачонлардир китобни у ер, бу ер - турли жойларда, камчилик одам ўқирди. Шунинг учун китоблар ҳам ҳар хил бўлиши мумкин эди. Олам-жаҳон, ҳудудсиз эди. Қачонки дунё кўзлар, тирсаклар, оғизлардан тор келиб, аҳоли икки, уч, тўрт баравар ошиб кетгандан кейин фильмлар, радио эшиттиришлар, журналлар, китобларнинг мазмуни қолипга тушиб саёзлашиб кетди. Тахминан ҳар мақсадга ярайдиган луқманинг ўзгинаси.

*  *  *

Ақлни ўстирадиган омиллар тобора кам. Бунинг натижасида қониқмаслик, саросималик бошланади. Йўллар одамлар билан тиқилинч, ҳамма қаёққадир ошиқади. Ҳаммаёқни қочоқлар тутиб кетган шаҳарлар саёҳатчилик лагерларига, одамлар эса, кўчманчи тўдаларга айланиб, денгизда сув кўтарилиб, пасайгандай тартибсиз равишда дам у ёққа, дам бу ёққа ўтиб турадилар. Бугун бу хонада у тунаса, ундан илгари сиз, аввал куни мен тунаган бўламан.

*  *  *

Одамларнинг миясини рақамлар билан тўлдиринг, кўнглига урмагунча жўн фактлардан бошланг, қарабсизки, ўзларини жуда билимдон ҳис қила бошлайдилар. Улар фикр-мулоҳаза юритаётгандек, ўсиб олға ҳаракат қилаётгандек таассуротда бўладилар. Аслида эса бир жойда депсиниб ётган бўладилар. Одамлар бу "факт"ларга ғарқ бўлишиб, унинг оғушида ўзларини бахтли ҳисоблайдилар. Аммо уларга фалсафа ёки социология сингари қалтис нарсаларни асти раво кўрманг. Хулосалар чиқариб, умумлаштиришга ўта бошласалар, кўрасиз томошани. Бу - хафақонлик йўли! Телевизорли деворни ажратиб, йиғишни биладиган одам, ҳозир кўпчилик буни билади, - Коинотни ўлчаб ҳисоблаб чиқишга уринувчи кишидан бахтлироқдир, наинки ўзингни якка-ёлғиз, ушоқ эканлигингни ҳис қилмай туриб уни ўлчаб ҳам, ҳисоблаб ҳам бўлмайди.

*  *  *

Дўстлик айнан қайси дақиқада туғилишини айтиб бериш қийин. Идишга томчилатиб сув қуйганингизда, сўнгги, битта томчидан идиш тўлиб-тошиб, четларидан оқиб тушади, дўстликда ҳам худди шундай яхши фазилат, эзгу ишларнинг биттаси қалбингда чуқур из қолдиради.

*  *  *

Китоб ҳаётни бутун икир-чикирлари билан муфассал тасвирлаши керак. Яхши ёзувчилар ҳаёт билан яқин алоқада бўладилар. Ўртамиёналари уни юзаки ёритса, истеъдодсизлари уни зўрлаб тилка-пора қилиб кўрсатиб, қурт-қумурсқаларга емиш қилиб қолдирадилар. Китоблардан нега бунча нафратланишларини, нега улардан бу қадар қўрқишларини энди тушунгандирсиз? Улар бизга ҳаётнинг юзидаги нафас олиш йўлларини кўрсатиб беради.

Биз гўллар-ёмғир сувидан ичиб, ҳосилдор ердан қувват олиш ўрнига ўзига ўхшаш гуллар ҳисобига яшашга ружу қилган даврда яшаяпмиз. Ахир мушакбозлик ҳам унинг кўз қамаштирувчи улуғворлиги-ю, ранго-ранг нурлари ҳам ер кимёси томонидан яратилган. Биз бўлсак, ҳаётга қайтарадиган табиий даврларни интиҳосига етказмасдан гуллар ва мушаклар билан ўзимизни лақиллатиб яшаб ўсишимиз мумкин, деб ҳисоблаймиз.

*  *  *

Биласизми, дунёдан умидини узган кишининг ўз устунликлари бўлади. Йўқотадиган нарсанг қолмаганидан кейин журъат кўрсатишдан қўрқмайсан.

*  *  *

Дунёни қутқариб қолиши мумкин бўлган нарсани ўзингиз яратинг, борди-ю, бу йўлда чўкиб кетсангиз ҳам, жилла бўлмаса соҳилга қараб сузганингизни англайсиз.

*  *  *

Қўрқманг, хатоларнинг баъзан фойдаси ҳам бўлади. Эҳ, буни билсангиз эди! Ёшлигимда ўз нодонлигимни ҳар кимнинг юзига солаверар эдим. Эвазига мени калтаклашар эди. Кирқ ёшларга борганимда билим қуролимни чархлаб олдим. Агар нодонлигингизни яширсангиз, сизни урушмайди ва ҳеч қачон ақлингизга ақл қўшилмайди.

*  *  *

Нима қилаётганинг эмас, муҳими қўлингни нимага урсанг ҳаммаси шаклини ўзгартиришида, аввалгисидан бошқача бўлиб қолишида, унда ўзлигингдан бир чимдим қолишида, майсазорда оддий ўт ўраётган киши билан ҳақиқий боғбон ўртасидаги фарқ мана шунда. Биринчиси дунёга келади-ю кетади, аммо боғбоннинг умри боқий бўлади.

*  *  *

Одамлар шуни унутмасликлари керакки, ерда уларга озгина жой ажратилган, инсонга берган ҳамма нарсасини енгилгина қайтариб оладиган табиат қуршовида яшайдилар. Инсонга ўзи ўйлаганчалик қудратли эмаслигини шунчаки эслатиб қўйиш учун ўз нафаси билан ер юзидан супуриб ташлаш ёки океан сувларига чўктириб юбориш табиат учун ҳеч гап эмас.

*  *  *

Қадимги пайтларда дунёда эси йўқ Қақнус деган қуш яшаган экан. Бир неча юз йилда у ўзини гулханда ёқаркан. У инсонга яқин уруғдан бўлиши керак. Аммо ўтда куйиб, ҳар гал кулдан қайта туғиларкан. Биз одамлар ана шу қушга ўхшаймиз. Бироқ бизнинг қушдан бир устунлигимиз бор. Биз қандай аҳмоқона иш қилиб қўйганимизни биламиз. Минг йил, ундан ҳам кўпроқ вақт ичида қилган ҳамма аҳмоқликларимизни биламиз. Ҳамонки буни билсак, буларнинг ҳаммаси ёзилган, орқага назар ташлаб, босиб ўтган йўлимизни кўриш мумкин экан. Қачонлардир аҳмоқона дафн этиш гулханларини ёқиб, ўзимизни ўтга ташлашдан тийилишимизга умид бор. Ҳар бир янги авлод бизга инсониятнинг хатоларини эсда сақлайдиган одамларни қолдиради.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo