Пердью университети олимлари Ғарбий Африка, Жанубий Осиё ва АҚШ Ўрта Ғарби иқлим ўзгариши туфайли яна бир неча йилдан кейин инсон ҳаёти учун хавфли бўлиб қолишини аниқлашди. Бу ҳақда CNN манбаси маълум қилган.
Тадқиқот гуруҳи Ердаги иқлим ўзгариши ва аномал жазирама тўлқинлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиб, моделлаштиришни амалга оширган. Натижада улар инсоният яқин йилларда ҳаво совишини кутмаслиги керак, деган хулосага келишган.
"Ғарбий Африка ва Жанубий Осиёнинг айрим ҳудудлари аҳоли зичлиги юқорилиги ва совутиш имкониятлари чеклангани учун энг заифлар қаторида туради. АҚШнинг баъзи қисмлари, жумладан, Ўрта Ғарбида минтақавий нам жазирама юзага келади", дея қайд этган олимлар.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйича ҳар йили 489 минг киши жазирама сабаб вафот этмоқда. Бироқ аниқ ўлимлар сони иқлим ва соғлиқнинг ёмонлашуви ўртасидаги боғлиқлик ҳар доим ҳам намоён бўлмагани туфайли кўпроқ чиқиши мумкин.