Сараланган сатрлар
Америкалик таниқли адиб, драматург ва сценарийнавис, Оскар, Эдгар По ва бошқа кўплаб мукофотлар соҳиби Сидни Шелдон асарлари 300 миллиондан кўпроқ нусхада нашр этилган, улар асосида 20 дан зиёд бадиий фильм суратга олинган.
"Тақдир тегирмони" романида Ғарб олий доираларининг кирдикорлари, сиёсий қарорлар қабул қилиш услуб ва ички можаролари, ҳаёт гирдобига тушиб қолган кишиларнинг аччиқ қисмати ва руҳий кечинмалари тасвирланган.
Асарда ташқи сиёсатнинг нозик соҳаларидан бири - дипломатия фаолияти, жумладан, АҚШнинг бошқа мамлакатга ваколатли вакили этиб тайинланадиган кишиларни танлаш мезонлари, элчиларнинг ғоят мураккаб, машаққатли, баъзан таҳликали фаолияти ҳақида сўз боради. Айрим сиёсий гуруҳлар ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан, ҳатто одамлар умрига зомин бўлишдан ҳам тап тортмайди.
Китоб нафақат сиёсий детектив мухлислари, одатий китобхонларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Қолаверса, Руминиядаги сиёсий вазият, тарихий жараёнлар, жосуслар фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Асарни ўзбек тилига файласуф Баҳодир Зокир ўгирган бўлиб, у Патрик Бьюкенен қаламига мансуб "Ғарбнинг ҳалокати" асари таржимаси билан машҳур.
* * *
Маршал Маклуганнинг телевидение дунёни битта катта қишлоққа айлантиради, деган назарияси амалиётда ўз исботини топди.
* * *
Кўприклар ўрнига қалъа ҳандақлари қуришни таклиф этаётганлар орамизда ҳамон кўплаб топилади.
* * *
Инсониятнинг илдизлари ҳам, муаммолари ҳам, тақдири ҳам муштарак эканини унутишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, бизни бир-биримиздан ажратадиган муаммолардан кўра, бирлаштирадиган масалалар кўпроқ. Сирасини айтганда, уларни ҳам ўзимиз келтириб чиқараётирмиз.
* * *
Сиёсатчиларнинг ҳаммаси бир гўр. Барчаси ўзича ўзгариш қилмоқчи бўлади.
* * *
Даставвал қаҳрамонларни ўйлаб топишади, кейин эса оёғидан чалиб йиқитишади.
* * *
- Бугунги кундаги энг муҳим муаммо нима, биласанми? Чинакам давлат арбобларининг йўқлиги. Мамлакатни сиёсатчилар бошқаради. Бири - эзгуликка, бошқаси - ёвузликка интилса-да, барчаси ўзини буюк арбоб деб ҳисоблайди. Рузвельт ва Черчилл, Гитлер ва Муссолини, Шарль де Голль ва Сталин. Нима учун улар айнан ўша даврда яшаган? Нима учун бугун чинакам давлат арбоблари йўқ?
- Телевизор экрани орқали буюк бўлиб туюлиш қийин.
* * *
Марк Твен битта сўзни икки хил ёзолмайдиган одамларни ҳурмат қилмайман, деган.
* * *
Она бўлиш - ҳамиша бўроннинг қоқ марказида яшаш билан баробар.
* * *
Албатта, ҳар қандай жойда ҳам заиф нуқта бор. Шунга интилган ақлли одам эртами-кечми уни топади.
* * *
Биз мамлакатимизнинг буюклигини таъминлаган омил - янгиликка интилиш ҳиссидан батамом маҳрум бўлиб қолганмиз. Одамларимизда топқирлик етишмайди. Биз ўзимиздан кўра кўпроқ электр асбоб-ускуналарга ишонадиган бўлиб қолганмиз.
* * *
Бундан бир неча йил муқаддам Мадридда юзлаб талабалар Британия элчихонаси олдига тўпланиб, Гибралтарни Испанияга қайтариб беришни талаб қилади. Талабалар элчихона ҳудудига бостириб киришига озгина қолганда, Франко ҳукуматининг вазирларидан бири қўнғироқ қилади. "Элчихона олдида бўлаётган воқеалардан ташвишдаман. Эҳтимол, кўпроқ полициячилар юбориш керакдир?" дебди у. "Йўқ, - деб жавоб берибди элчи. - Яхшиси, талабаларни камроқ юборинг".
* * *
Бизда шундай мақол бор: "Мамлакатга келаётган ҳар бир элчи ўзга юртларда дўстларидан йироқда кўп йиллар ишлашига тўғри келишини билганидан кўз ёш тўкади, аммо, бу ердан кетаётганида ҳам янги дўстлари ва меҳр қўйган мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлганидан яна кўнгли бузилади".
* * *
Ўта сезгир. Ҳар қандай одамни бир пасда ўзига ром эта олади. Дўстларига саховатли. Душманларга бешафқат.
Бундай одамлардан ҳар бало кутиш мумкин.
* * *
Бундай масалаларга элчилар жуда жиддий қарайди. Дарвоқе, 1661 йилда Лондондаги испан элчисининг ёрдамчилари унинг араваси биринчи бўлиб етиб келиши учун француз элчисининг аравасига ҳужум қилиб, извошчини ҳам, отларни ҳам йўқ қилишади.
* * *
- Сиз Була ҳақидаги ҳангомани эшитганмисиз?
- Йўқ.
- Бу руминларнинг қалбига бироз бўлса-да, рўшнолик олиб кирадиган ҳангомалар қаҳрамони. Одамлар гўшт олиш учун навбатда туришибди, дейлик. Навбат деярли силжимайди. Беш соат навбат кутган ва сабр косаси тўлган Була: "Ҳозир саройга бораман-да, Ионескуни ўлдираман", дейди. Орадан икки соат ўтиб, қайтиб келганда навбатдагилар ундан "Хўш, ўлдирдингми?" деб сўрайди. Була эса "Йўқ, у ерда ҳам одам тирбанд экан", деб жавоб беради.
* * *
- Америка элчихонасида ишлайдиган ходимларнинг бирортаси ҳам "темир парда" ортидаги мамлакатлар касалхоналарига ҳеч қачон ётмайди.
- Нима учун?
- Касалхонага ётган одам ҳаммамизни хавф остига қўйиши мумкин. Чунки у румин ҳукумати ва махфий полицияси қўлига тушади. Улар битта укол билан гиёҳванд модда, дейлик, скополоминни танасига киритади-да, истаган маълумотини олади. Бу ердаги ўйин қоидалари шундай. Шунинг учун беморни бошқа мамлакатга жўнатишимиз керак.
* * *
Саноқли руминларгагина мамлакатдан чиқишга рухсат берилади. Бу ҳақда қизиқ ҳангома ҳам бор. Ионеску ҳокимият тепасига келгач, деразадан Қуёш чиқаётганини кўрибди. "Хайрли тонг, ўртоқ Қуёш", дебди у. "Хайрли тонг, - деб жавоб берибди Қуёш. - Сизнинг янги президент бўлганингиздан барча бахтиёр". Кечқурун Ионеску энди Ғарб томонга қараган деразага қараб, Қуёшнинг оғаётганини кўрибди. "Хайрли кеч, ўртоқ Қуёш", деб саломлашибди. Аммо Қуёшдан садо чиқмабди. "Сизга нима бўлди ўзи? Эрталаб мен билан қуюқ саломлашгандингиз. Айни пайтда жим туришингизни қандай тушунишим керак?" Шунда Қуёш "Мен энди Ғарбдаман. Бор, тошингни тер", деб жавоб берибди. Қиссадан ҳисса шуки, Ионеску чет элга кетган руҳонийлар ҳам унга шундай жавоб қилишидан ўлгудек қўрқади.
* * *
"Бу гапларим учун отиб ташлашлари мумкин: мамлакатимизда бирорта ҳам одам бахтли ҳаёт кечирмайди. Чет элликлар бундан мустасно. Сизлар истаган пайтда келасиз, истаган пайтда кетасиз. Биз эса худди турмада яшаётгандекмиз. Бизда ҳамма нарса тақчил. Ана кўрдингизми? Улар бир бўлак гўшт олиш учун соатлаб кутишга мажбур, шу ҳам навбатдагиларнинг ҳаммасига тегмайди. Ҳамма жойда шу аҳвол. Ионескунинг нечта уйи борлигини биласизми? Ўн иккита! Мен бу уйларга меҳмонларни олиб борганман, биламан. Уларнинг ҳар бири - ҳашаматли сарой. Оддий халқ эса иситилмайдиган катакдек уйларда уч-тўртта оила бўлиб яшайди".
* * *
Ҳар бир инсон ҳақиқий дўстга муҳтож. Фақат севиш ёки севилиш учун эмас. Одам ичидагини кимгадир ёриши керак-ку.
* * *
Ҳа, ҳаётнинг ўзи ёриқлардан иборат. Ёвузлик ана шу ёриқлар орқали сизиб киради ва мақсад-муддаосига эришади.
* * *
У хаёллар оғушига берилди. Зиёфатга бориш ўрнига у каравотга чўзилиб ётади. Хитой элчиси эса меҳмонларни кутиб, унинг келишини пойлаб туради. Ниҳоят, меҳмонларни дастурхонга таклиф этишади. Америка элчисидан ҳамон дарак йўқ. Бу атайлаб қилинган ҳаракат деб баҳоланади. Хитойнинг обрўйига путур етади. Элчи зудлик билан бу ҳақда бош вазирга ахборот беради. У эса АҚШ президентига қўнғироқ қилиб, норозилик билдиради. Президент Эллисон "Ҳеч ким элчимизни зиёфатларингизга боришга мажбур қила олмайди", деб бақиради. "Мен билан бундай оҳангда гаплашишга ҳеч кимга йўл қўймайман! Биз, президент жаноблари, мамлакатингизга атом бомбалари билан ҳужум қиламиз". Шу тариқа, давлат бошлиқлари қизил тугмаларни босади. Қирғинбарот уруш бошланиб, икки мамлакат ер юзидан ғойиб бўлади.
Мэри зўрға ўрнидан турди. Ўша ярамас зиёфатга бормасликнинг асло иложи йўқ эди.
Флориан билан қароргоҳга кетаётганда, Мэри ўзича кулиб қўйди: "Қизиқ, мен бугун ядро урушини бартараф этганимдан президент хабардормикан?"
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.