Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 январь, душанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

З.РАВШАНОВ

03.01.2017


ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2016 йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор билиб-билмай адашган, қилмишидан тўғри хулоса чиқарган кишилар учун катта имконият яратди. Қарор моҳиятида халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик тамойиллари муҳим ўрин тутган бўлиб, унда биринчи навбатда аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет эл фуқаролари, ногиронларни жазодан озод қилиш назарда тутилган.

Азалдан билмай хато қилганни ёки қилмишидан пушаймон бўлганларни кечириш, уларга яна имкон бериш халқимизга хос бағрикенглик фазилатларидандир. Амнистия акти замирида ҳам шундай буюк инсонпарварлик мужассам. Бундай бағрикенглик ва кечиримлилик, айниқса, адашиб жиноят кўчасига кириб қолганларни қайта тарбиялаш, соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Бахт-саодат ва хотиржамлик - ҳар биримизнинг ўз уйимизда, оиламиз бағрида, фарзандларимиз даврасида. Бу галги амнистия актига кўра, муассасамизда жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ маҳкумлар ана шу бахтга эришди. Қатъий тузалиш йўлига ўтган маҳкумларнинг 20 нафари амнистия акти асосида жазодан озод этилди. Сенат қарори ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган тадбирларда вилоят ҳокимлиги, суд, прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимлари иштирок этди.

Андижонлик Дониёрбек Раҳматуллаев билиб-билмай жиноят кўчасига кириб, келажаги учун доғ туширди. Умрининг энг гуллаган даврини хазон қилди. Жазо муддатини ўташ даврида отаси вафот этди. Ўғил бўлиб падарини сўнгги манзилга кузата олмади. Уйда ёлғиз онасининг корига ярамади. Ярай олмади. Муассасада ўтган йиллар унинг ҳаётга қарашларини ўзгартирди, у элга нафи тегадиган одам бўлишга қарор қилди.

Водийлик Маҳаммаджон Исмоилов эса амнистия актига асосан муддатидан олдин озодликка чиқаётган ўғли Бобурбек Исақов ғўрлик қилиб, зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолганини афсус билан қайд этарди.

Умуман, амнистия туфайли яна озодлик ҳавосидан нафас олганларнинг кўзларида қувонч порлайди, тилларида шукрона. Улар Юртбошимиз ва бағрикенг халқимиз билдирган юксак ишончга муносиб бўлишга сўз бердилар. Зеро, бу уларни яхшилик қилишга ундайди, ҳаётда ўз ўринларини топишларига умид уйғотади.

З.РАВШАНОВ,

жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи

Report typo