- Инсульт бир кун ё бир ойда содир бўлмайди, - дейди шифокор, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг қон-томир жарроҳлиги бўлими бошлиғи Садриддин Маликов. - Балки йиллар давомида томирда холестерин тўпланиб боравериши натижасида қон йўли тўсилади ва инсульт юз беради. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда инсульт билан хасталаниш ҳар минг нафар аҳолига 9 фоиздан 14 фоизгача тўғри келади.
Замонавий тиббиётда ушбу касаллик асоратлари ва такрорланиши хавфини бартараф этишда "каротид эндартерэктомия", яъни жарроҳлик усули ёрдамида бош мия инсультига сабаб бўлувчи томир ичидаги холестерин пилакчани олиб ташлаш амалиёти кенг қўлланилади. Худди шу амалиёт вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам йўлга қўйилганини юртимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатларнинг кичик бир самараси десак, адолатдан бўлади. Бинобарин, илгари бундай операциялар учун воҳадошларимиз пойтахт ёки Самарқандда фаолият олиб борувчи илғор тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур эди.
- Инсульт касалим қайталаши оқибатида танамнинг баъзи қисмларида ҳаракат чекланди, оёғим ишламай қолди, - дейди миришкорлик 57 ёшли Алиқул Назаров. - Бу дарддан Тошкент ёки хорижда халос бўлиш мумкинлигини эшитиб, бироз кўнглим чўкди. Тез-тез даволаниб туриш учун эса кўп миқдорда маблағ сарф этилади. Инсультни операция йўли билан даволаш йўлга қўйилгани хабарини топиб, ушбу тиббиёт марказига келдим. Дўхтирлар операция қилишди. Сал ўтиб сезгиларим тиклана бошлади. Ҳозир бемалол юраяпман.
Маълумотларга кўра, марказда ушбу операция йўлга қўйилганидан буён Алиқул Назаров сингари яна 7 нафар бемор дардига шифо топди. Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда барча тиббиёт муассасалари малакали мутахассислар билан таъминлангани, шифохонага келтирилган энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ана шундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўзимизда йўлга қўйиш имконини бермоқда.
Сожида АЛЛАЁРОВА