Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш "Истеъдод" жамғармаси вакиллари, Қарши давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Термиз давлат университетининг ёш олимлари, вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари мутахассислари ҳамда 245 нафар иқтидорли талаба иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур анжуман мамлакатимизда фан ва технологиялар модернизацияси борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг иқтидори, илмий салоҳияти ва шижоатидан унумли фойдаланиш, замонавий техника ва технология, ахборот-коммуникация маданиятини пухта ўзлаштирган билимли, етук ёш олимларни тарбиялашга кўмаклашиш, улар ўртасида ҳамкорлик муҳитини ривожлантириш ҳамда уларнинг илмий фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилади.
- Қаршида ўтказилган мазкур ҳудудий илмий-амалий конференция юқори савияда ташкил этилди, - дейди Термиз давлат университети катта ўқитувчиси Одилжон Ҳамидов. - Анжуманга Сурхондарё вилоятидан бир қатор истеъдодли тадқиқотчи ва талабалар билан келдик. Энг муҳими, улар қашқадарёлик ёш олим ва тадқиқотчилар билан ўзаро тажриба алмашишди, ўзига хос ҳамкорликни йўлга қўйишди. Маърузалар, шуъба йиғилишлари давомида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, анжуман иштирокчилари интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намойиш эта олди.
Тадбирнинг ялпи мажлисида олимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчи ва талабалар юртимизда ижтимоий-гуманитар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни Ватан равнақи йўлида бирлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ўсимликларни турли зараркунандалардан ҳимоялаш, мева-сабзавотларни қуритиш, сақлаш, шунингдек, таълимда ахборот технологиялардан унумли фойдаланиш каби долзарб масалалар юзасидан маърузалар қилишди, ўзаро фикр алмашишди.
Шундан сўнг тадқиқотчи, олим ва мутахассислар "Ижтимоий-гуманитар фанлар", "Табиий фанлар", "Аниқ фанлар" ва "Техника фанлари" тўрт секцияга бўлинди ва уларда танланган йўналишларга оид маърузалар тингланди. Секция йиғилишлари якунида анжуман иштирокчиларининг тайёрлаб келган лойиҳалари баҳоланди ва ижтимоий-гуманитар, табиий, аниқ фанлар ҳамда техника фанлари бўйича дастлабки учтадан ўрин соҳиблари аниқланди. Эндиликда ғолиблар мазкур илмий-амалий анжуманнинг Самарқанд вилоятида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этишади.
Анжуман доирасида нефть-газ, қишлоқ хўжалиги, техника, озиқ-овқат, муқобил энергия манбалари, кимё ва кимёвий технологиялар бўйича ёш олим ва талабаларнинг инновацион лойиҳалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Азизбек НОРОВ