Аммо лицей ўқитувчиси Абдураҳмон ака Дилафрўзнинг келажак тақдирини ўзи ўйламаган бошқа бир соҳага буриб юборди. “Лицейни битириб, ҳужжатларингни музейшунослик факультетига топшир. Музейшунослик янги, истиқболли соҳа, унинг ҳали очилмаган қирралари, ечимини кутаётган муаммолари кўп. Бу факультетни битирсанг, илмий иш билан шуғулланиш имконияти ҳам бўлади”, деди.
Устозининг маслаҳатига амал қилган Дилафрўз Қурбонова лицейни битириб, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти музейшунослик факультетига ўқишга кирди. Музейшунослик тарихи ва назариясини қунт билан ўргана бошлади. Пойтахтдаги музейлар унинг учун энг севимли жойга айланди. Айниқса, Темурийлар тарихи давлат музейига серқатнов бўлиб қолди, амалиётни ҳам шу даргоҳда ўтказди, музейшуносликнинг экспозицияларни шакллантириш, экспонатлар ташкил қилиш, уларни безаш каби муҳим соҳаларини ўрганди.
Институтни муваффақиятли тугаллаб, 2001 йилда шу музейга ишга қабул қилинди. Дастлаб кичик лаборант, сўнгра гид-экскурсиячи бўлиб ишлади. Музей директори, тарих фанлари номзоди Нозим Ҳабибуллаев Дилафрўздаги истеъдод ва қобилиятни пайқаб, унга ўқишини магистратурада давом эттиришни маслаҳат берди. Магистратурада таълим олиш Дилафрўзга музейшуносликка оид билимларини янада оширишга ёрдам берди. Нозим Ҳабибуллаевнинг маслаҳати ва илмий раҳбарлигида “Хориж музейларида сақланаётган темурийлар даврига оид тарихий ва маданий ёдгорликлар” мавзусида илмий изланиш бошлади.
Маълумки, Амир Темур ва темурийлар даври нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё халқлари тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Айниқса, бу даврда яратилган тасвирий ва амалий санъат намуналари алоҳида мазмун касб этади. Бу дурдоналар турли йўллар билан дунё бўйлаб тарқалиб кетган. Уларни Европа, Осиё, Африка ва АҚШдаги йирик музейларда учратиш мумкин. Дилафрўз диссертация устида ишлаш жараёнида чет эллардаги тарихий ва маданий бойликларни илк бор бирламчи манбалар асосида тадқиқ қилди.
- Илмий ишим юзасидан Россия Федерациясининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги музейларда бўлиб, зарур материаллар тўпладим, - деб ҳикоя қилади у. – Бундан ташқари, интернетдаги маълумотлардан ҳам унумли фойдаландим. Шулар асосида чет эллардаги музейлар, кутубхоналар, коллекцияларда темурийлар даврига оид жами 273 та ашё сақланаётганини аниқладим. Уларнинг рўйхатини тузиб чиқдим ва бу рўйхат илмий муомалага киритилди.
Дилафрўз ўз илмий ишида миллий бойликларнинг қайси сабаблар билан четга олиб чиқиб кетилганини ёритиб, уларни қонуний йўллар билан Ватанга қайтариш мумкинлиги ҳақидаги ўз қарашларини баён этди. Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган музей иши соҳасидаги янгиликлар ва баъзи муаммоларни таҳлил қилиб, музей менежментини ривожлантириш борасида тавсиялар ишлаб чиқди.
Ёш тадқиқотчи ўз илмий ишига оид мавзу бўйича ёш санъатшунослар ҳамда ёш шарқшуносларнинг илмий-амалий конференциялари ва республика илмий-амалий анжуманларида маърузалар, матбуотда чиқишлар қилди.
2009 йилнинг апрель ойида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ихтисослашган кенгаш мажлисида диссертациясининг ҳимояси бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан расмий оппонентлар - тарих фанлари доктори Ж.Исмоилова, тарих фанлари номзоди Ш.Ўлжаева ва бошқа олимлар Дилафрўзнинг илмий ишига юқори баҳо бердилар. Ихтисослашган кенгаш Дилафрўз Қурбоновага тарих фанлари номзоди илмий даражасини беришга қарор қилди.
Дилафрўзнинг Темурийлар тарихи давлат музейида ишлаётганига ўн беш йил бўлди. Музей оддий ходимлигидан экспозиция ва кўргазмаларни илмий лойиҳалаш ва безаш бўлими бошлиғи даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди.
29 ёшида фан номзоди бўлган Дилафрўз билан суҳбатлашсангиз, куч-ғайратга тўла, илм йўлида изланишдан чарчамайдиган, заҳмат чекишдан чўчимайдиган олима эканига амин бўласиз. Музейдаги ишларини қойиллатиб бажариш билан бирга, турмуш ўртоғи Равшан Қурбонов билан икки фарзандни тарбиялаяпти.
Дарвоқе, шу кунларда Дилафрўз Қурбонова “Жаҳон музейларида Ўзбекистонга оид коллекцияларнинг шаклланиши ва уларни комплектлаш тамойиллари” мавзуида 2014 йилдан буён олиб бораётган илмий-тадқиқот иши асосида ёзаётган докторлик диссертациясини тугаллаш арафасида.
- Жаҳоннинг йирик музейларидаги Ватанимиз тарихига оид ашёларни ўрганар эканмиз, уларнинг энг нодирлари, энг дурдоналари олисларда эканига гувоҳ бўламиз, - деди Дилафрўз Қурбонова. - Уларда фақат темурийлар даври ёдгорликларигина эмас, балки Ўзбекистон тарихининг ҳар бир асрига оид миллий бойликларимиз сақланади. Музейларга борган томошабинлар Ўзбекистон тарихининг ноёб ашёларини кўриб баҳра олишмоқда. Булар бой тарихий ва маданий меросимизнинг умумбашарий цивилизацияга қўшган ҳиссасининг нақадар улкан эканлигидан далолат беради.
Дилафрўз музейдаги ва илмий тадқиқот ишларини педагогик фаолият билан қўшиб олиб бормоқда. Бир неча йилдан буён Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларига музей иши тарихи ва назарияси курсидан дарс бериб, ёш музейшунос кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Илм чўққилари сари дадил қадам ташлаётган тарих фанлари номзоди Дилафрўз Қурбонованинг докторлик диссертациясини ҳам муваффақиятли ёқлаб, таниқли олималар сафидан ўрин олишига тилакдошман.
Мўмин АЗИЗОВ