Жамиятда инсон фаол ҳаракатда бўлар экан, унда қонунчиликка оид саволлар кўп туғилади. Бинобарин, кимда иш, яна кимда фаолият, кимдадир эса турмуш юзасидан айрим масалаларга ойдинлик киритиб олишга тўғри келади. Шунда қонунларда назарда тутилган тартиб-таомиллар аниқ тўхтамга келишни таъминлайди. Қуйидаги савол-жавоблар асосида берилаётган ҳуқуқий маълумотлар ҳам сизга асқатиши мумкин.
Савол. Ходим "ҳайфсан" олса, интизомий жазо амалда бўлган даврда корхона унга моддий ёрдам ажратиши мумкинми?
Жавоб. Амалдаги қонунларда қўлланилган интизомий жазоси кучда бўлган ходимга моддий ёрдам пули ёзиш масаласида бирор-бир чеклов (агар ички локал ҳужжатларда назарда тутилмаган бўлса) мавжуд эмас.
Меҳнат кодексининг 180-моддасида қайд этилганидек, интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди.
Демак, булар қаторига моддий ёрдам пули ҳам қўшилади. Яъни, агар мабодо, корхона жамоа шартномаси ёки шунга ўхшаш ички ҳужжатларида алоҳида чекловлар бўлмаса, интизомий жазоси амалда бўлган ходимга моддий ёрдам пули тўланиши мумкин.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас.
Ў.АЗИМОВ,
вилоят адлия бошқармасининг ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи
* * *
Савол. Таътилда юрган вақтида ходимни ишдан бўшатиш мумкинми?
Жавоб. Қонунда ходим касаллик варақаси асосида ишда бўлмаган ёки таътилда юрган вақтида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш борасида қатъий чекловлар белгиланган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 100-моддасида: "ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно", дея қайд этилган.
Демак, фақат корхона бутунлай тугатилаётган ҳолларда, гарчи ходим таътилда бўлса ҳам, иш берувчининг ташаббуси асосида у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ чиқариш мумкин.
О.БЎРИЕВ,
вилоят адлия бошқармасининг ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлими етакчи маслаҳатчиси
* * *
Савол. Агар аёл ҳомиладор бўлса, суд эрнинг ўртадаги никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги талабини эътиборга олмайди дейишаяпти, шу тўғрими?
Жавоб. Оила кодекси 39-моддасида қайд этилганидек, хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.
Яъни ана шу кўрсатилган ҳолларда суд эрнинг никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво талабини рад қилади.
З.ХЎЖАМОВ,
Муборак тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси
* * *
Савол. Олди-сотди шартномасида томонларга қандай мажбуриятлар юкланади?
Жавоб. Фуқаролик кодексининг 386-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.
Агар қонунда қимматли қоғозлар ва валюта қимматликларининг олди-сотдисига доир махсус қоидалар белгиланган бўлмаса, уларни олиш-сотишга нисбатан ҳам ушбу қоидалар қўлланади.
Ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги товарларни олиш-сотишнинг ўзига хос жиҳатлари қонунчилик билан белгиланади.
Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
Х.ЯРБАЗАРОВ,
Чироқчи тумани Юридик маркази бош юристконсульти