Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

25.09.2018


ИНВЕСТИЦИЯВИЙ САЛОҲИЯТИМИЗ БУЮК БРИТАНИЯ ИШБИЛАРМОН ДОИРАЛАРИДА ҚИЗИҚИШ УЙҒОТДИ

Вилоятимиз билан инвестициявий шерикчиликни янада ривожлантириши лозим бўлган мамлакатлар орасида Буюк Британия ҳам бор. Ушбу давлат ишбилармон доиралари бугунги кунда воҳамиз ҳақида, унинг қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризм салоҳияти, меҳнат ресурслари, хом ашё захиралари тўғрисида тўла тасаввурга эга, деб бўлмайди. Бу эса мазкур мамлакатдаги бизнес соҳаси вакилларида вилоятимизга инвестиция киритишга қизиқиш пайдо бўлишига йўл бермаётганди.

Бу камчиликни бартараф этиш, орол-мамлакатда фаолият юритувчи салоҳиятли инвесторларга воҳа иқтисодиёти ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва Буюк Британия томони ўртасида тўғридан-тўғри телекўприк ташкил этилди. Ушбу ўзига хос мулоқот бизнес форум шаклида ўтказилди.

Унда Буюк Британия томонидан ишлаб чиқариш соҳасидаги 50 дан ортиқ йирик компаниялар вакиллари ҳамда вилоятимиз томонидан ҳозирги пайтда турли жабҳаларда фаолият юритаётган бир қатор маҳаллий тадбиркорлар иштироки таъминланди.

Мазкур телекўприкда Буюк Британия давлатининг инвесторлари учун махсус тақдимот ўтказиб берилди. Унда Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда очиқ инвестиция сиёсати олиб борилаётгани, чет эллик сармоядорларга яратилаётган шароитлар ва имкониятлар тўғрисида сўз юритилди. Бундан  ташқари, вилоятнинг географик қулай жойлашуви, иқлими, мавжуд инвестицион салоҳияти ва хом ашё базаси тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Маҳаллий тадбиркорлар чет эллик инвесторлар билан саноат, хизмат кўрсатиш, аграр сектор, туризм каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр экани ҳам алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида Буюк Британиянинг ишбилармон доиралари ҳам вилоятимиз инвестициявий салоҳиятини юқори баҳолаб, келгусида бу борада шерикчиликни йўлга қўйишдан бирдек манфаатдор эканини маълум қилишди.

Томонлар бу каби самарали мулоқотларни яна давом эттиришга келишиб олишди. Яқин истиқболда воҳамизда Буюк Британия инвесторлари сармояси иштирокида кўплаб лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга ишонч билдирилди.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo