Хитойлик олимлар пилла қурти ишлаб чиқарадиган табиий ипакнинг ўзига хос мустаҳкамлиги сирини очди. Ипак тола ҳосил қилишнинг табиий механизми юз йилдан ортиқ вақт давомида фан учун жумбоқ бўлиб келаётган эди. Тадқиқот ҳақида Science Bulletin илмий журналида мақола чоп этилган.
Илмий жамоа ипак қуртининг йигирма мингдан кўпроқ личинкаларини ажратиб олиб, мингдан ортиқ боғланиш, шунингдек, беш мингта бирикиш комбинацияларини ўрганган.
Олимларнинг аниқлашича, ипак нанотоласига металл ионлари махсус тарзда таъсир қилиб, балиқ суяги шаклидаги тузилиши билан характерли модда беради. Шунинг ҳисобидан табиий ипак ўзига хос пишиқлик, қайишқоқлик ва қаттиқлик касб этади. Бундан ташқари, ипак қурти пилла ўраш жараёнида оқсил эритмасининг кислоталилик даражасини бир текисда пасайтириши ундан олинадиган ип эластиклигига таъсир кўрсатади.
Сунъий ипак тузилиши бошқача, шунинг учун табиийсига нисбатан пастроқ баҳоланади, дея тушунтирган тадқиқотчилар.
"Бизнинг натижа қурт ип йигириши жараёнида ипак безида кузатиладиган икки муҳим ҳодиса, яъни нанотолалар ҳосил бўлиши ҳамда улар градиент ва металл ионлари дастурлаштирган юқори тартибли балиқ суяги нақши тузилишида ўзини ўзи йиғишига аниқлик киритди", дейди тадқиқот муаллифи профессор Хуавей Хэ.