Американинг Миссисипи штатида олти нафар собиқ полициячи жорий йил аввалида икки нафар қора танли эркакни қийноққа солгани ва уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганини тан олди, дея хабар беради CNN телеканали.
"Миссисипи ҳуқуқ-тартибот хизматининг олти нафар собиқ зобити икки нафар қора танли эркакни қийноққа солгани ва уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани юзасидан ўзларига қўйилган барча айбларни тан олди", дейилади материалда.
Айбини тан олганларнинг беш нафари аввал маҳаллий Ранкин округи шерифи ўринбосари бўлган, олтинчиси Ричланд полиция департаментида хизмат қилган.
Жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, собиқ полициячилар 2023 йил январь ойида ноқонуний тарзда улар яшайдиган уйга бостириб кириб, ирқий сабаблар билан ўз жиноятларини амалга оширган. Икки эркакнинг қўлларига кишан тақиб, икки соат давомида қийноққа солган, бошларини сувга тиққан, электрошокер қўллаган, зўрлашга уринган. Айбига иқрор бўлган полициячилардан бири жабрланувчилардан бирининг оғзига қурол тиқиб, ўқ узиши натижасида "тилини оғир яралаган ва жағини синдирган".