Қашқадарё ва дунё
Қирғиз Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Бактибек Бекболотов раҳбарлигидаги ҳарбий делегация Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Қарши шаҳрида бўлди.
Хонобод аэродромида меҳмонларни вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Зайнобиддин Иминов кутиб олишди, дея хабар қилади округ матбуот хизмати.
Делегация аъзолари дастлаб Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти томон йўл олдилар. Малакали ҳарбий учувчиларни тайёрлашга мўлжалланган олийгоҳ вакиллари меҳмонларни бу ердаги ўқув лабораторияларининг имкониятлари ва шарт-шароитлар билан яқиндан таништиришди. Шунингдек, Қирғиз Республикаси мутасаддиларига курсантлар томонидан яратилган янги инновацион технологиялар ҳам намойиш этилди.
Қўшни мамлакатнинг мудофаа вазири тажрибали устозлар билан суҳбатлашиб, самодаги ҳаракатларни ерда синовдан ўтказишга мўлжалланган ўқув тренажёрида “парвоз” қилди. Билим юрти тарихи музейи, замонавий спорт заллари, курсантлар ошхонаси, ётоқхоналардаги шароитлар билан танишиб, таълим муассасаси имкониятларини юқори баҳолади.
Шундан сўнг делегация аъзолари Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ бошқарув аппарати штабида бўлди. Қўшинларнинг тезкор ва сифатли бошқарувини таъминлашга қаратилган қўмондонлик пунктида генерал-лейтенант Бактибек Бекболотов видеоконференц-алоқа орқали округ ҳарбий хизматчилари билан суҳбатлашиб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар бундан кейин янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Округ шонли тарихи музейига қилинган экскурсия вақтида меҳмонларга Қуролли Кучларнинг кечаги ва бугунги кунлари, улкан ислоҳотлар ҳақида қенг маълумотлар берилди.
Генерал-лейтенант Бактибек Бекболотов ташриф давомида олган таассуротлари ва тилакларини фахрий меҳмонлар китобида ёзиб қолдирди.
Ташриф якунида округ қўшинлар қўмондони юқори мартабали меҳмонга эсдалик совғаларини топширди.
Суратлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги сайтидан олинган.