Британиянинг Виндзор шаҳрига марҳум қиролича Елизавета II тобутини келтириш ва дафн маросими фонида 100 минг нафарга яқин одам ташриф буюрди, дея хабар беради маҳаллий полиция идораси.
Қайд этилишича, шаҳарда хавфсизликни таъминлашга икки минг нафар маҳаллий полициячи ва бутун Буюк Британиядан 28 та ходимлар гуруҳи жалб этилган.
"Хавфсизлик кучлари маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ва меҳмонларга, жумладан, шаҳарда ҳозир бўлган 100 минг кишилик оммага кўрсатган кўмаги ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдиради", дейилган Темза водийси полицияси сайтида.
Қироличанинг давлат дафн маросими душанба куни Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтган. Унга, шунингдек, тахминан 200 мамлакатдан 500 нафардан ортиқ дунё етакчилари ва бошқа вакиллар, жумладан, монархлар, президентлар, ҳукумат раҳбарлари, қироллик оиласи аъзолари, сиёсатчилар, жамоатчилик арбоблари иштирок этди, дея хабар берган Sky News телеканали.
Шу куни кечга бориб ташкил этилган шахсий дафн маросими тадбирига эса фақат қирол ва қироллик оиласи аъзолари қатнашган. Қиролича эри шаҳзода Филипп билан бир ерга қўйилган. Яъни унинг жасади қолдиқлари Елизавета II билан бирга дафн қилиш учун қирол Георг VI ёдгорлик ибодатхонасига кўчирилган. Бу манзилда қироличанинг отаси қирол Георг VI ва она қиролича Елизавета, шунингдек синглиси малика Маргарет мангу қўним топган.
Эслатиб ўтамиз, тахтда 70 йилдан ортиқ ўтирган Буюк Британиянинг 96 ёшли қироличаси Елизавета II 8 сентябрь куни Шотландияда вафот этганди. Унинг ўрнига ўғли шаҳзода Чарльз қирол бўлди ва ўзига Карл III исмини танлади.