Қарши туманилик Шарофат Ботированинг “Омад-Ш” номли қурилишга ихтисослашган фирмани ташкил этиб, унга раҳбарлик қилиб келаётганига ҳам 15 йилдан ошди. Асли доғистонлик бу аёл ўша пайтларда амалиёт ўташ учун юртимизга келди-ю, ҳаёт йўлини шу замин, шу халқ билан боғлади. Турмушга чиқди, оилали бўлди, икки нафар фарзандни вояга етказди.
– Кўпчилик ҳамон қурувчилик касби аёл киши учун эмас деб ҳисоблайди, - дейди у. - Аммо шу йўналишда таълим олганман, асосий вақтим қурилиш бўлаётган биноларда ўтганлиги сабабми менга бундай туюлмайди. Аксинча, шу касб менга ёқади. Қурувчилик ҳам ижодкорлик. Тўғри, бир бинонинг лойиҳасини олиб, уни тиклаш ва фойдаланишга топширишгача бўлган жараён осон кечмайди. Лекин ишингиз кўнгилдагидек чиқса, ғайратингизга ғайрат қўшиларкан, ўзингизга бўлган ишонч ортаркан.
Шарофат Ботирова фирма ташкил қилиб, мустақил фаолият бошлагунга қадар Қарши туманидаги собиқ 14-кўчма механизациялашган колоннада меҳнат қилган. Ана шу ерда орттирган тажрибаси бугунги фаолиятида ҳам асқатмоқда.
- Ўз касбини севиш инсонга катта куч бағишлайди,- дейди Шарофат Ботирова. – Ҳеч қачон қурувчилик касбини танлаганимдан афсусланмаганман. Аксинча, фахрланаман. Бир пайтлар оғир юмушларни қўлда бажарганмиз. Цементни елкамда ташиганим, ғишт қуйган кунларим ҳали-ҳануз эсимда. Аммо ҳозир шароит бутунлай ўзгача. Замонавий техника воситалари, қурилиш ашёлари юмушимизни енгиллатмоқда. Ўтган давр мобайнида фирмамизга экскаватор, юк кўтариш машинаси, бетон қориш ускуналарини харид қилдик.
Ҳозиргача Шарофат Ботирова бошчилигидаги 50 нафардан ортиқ қурувчи 10 та мактаб, 8 та намунавий лойиҳадаги уй, ўнга яқин мактабгача таълим муассасаси, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ва бошқа объектлар қурилишида иштирок этди.
- Катта бир мақсадим бор, - деди Шарофат опа. – Яқин келажакда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман.
Ҳамма иш мақсаддан, орзудан, истакдан бошланади. Уларнинг ёнига ҳафсала, шижоат, ҳаракат қўшилганда эса бир бутун бўлади. Мен аёл киши бўлишига қарамай, Шарофат Ботировада буларни мужассам кўрдим ва унинг орзуси, режалари албатта амалга ошишига ишондим.
Замира РЎЗИЕВА.