Одатда маҳалла аҳли ўз ишини қойиллатиб қўйган тадбиркор, ишбилармон кишиларга ҳавас қилади, улардан ўрнак олади. Шу тариқа даромадли машғулотнинг бошини тутувчилар кўпаяди. Бу барча учун айни муддаодир.
Ғузор тумани Жарариқ қишлоғилик Азиз Ҳамроев ҳам ёш бизнесменлардан. Бугун унинг фаолиятини кўпчилик мақтаб тилга олади. Бироз аввал ишбилармон ўз маблағи ҳисобидан иссиқхона барпо этганди. Олдинига кимдир бундан ҳеч бир иш чиқмаслигини айтди. "Барибир бу ерда ҳосил битмайди, қайтанга зарар қиласан", деганлар ҳам бўлди. Шундай гап чиқарганлар ҳозир хижолатда. Чунки Азиз Ҳамроевнинг иши шу кунларда анча юришиб кетган. У мўъжаз иссиқхонада помидор ва бодринг етиштирмоқда.
- Биринчи йили иссиқхонамизнинг 25 сотихига помидор, 15 сотихига бодринг экдик, - дейди ёш тадбиркор. - Танланган навлар иқлимимизга мос ва ҳосилдорлиги юқори. Соҳага оид қўлланмаларни кўп ўқидим, ернинг унумдорлигини ошириш, экинни парвариш қилиш технологиясини обдон ўргандим. Бу албатта иш берди. Биринчи йилиёқ бозорга кутганимиздан ҳам ортиқ маҳсулот чиқаришга муваффақ бўлдик. Даромад келиши билан бошлаган ишимни ривожлантиришга иштиёқ ҳам, ҳавас ҳам ўз-ўзидан ортаверди.
Жарариқ қишлоғи аҳли ёш тадбиркорнинг дастлабки ҳосили мўл бўлгани ва яхшигина даромад олганидан қувонишди. Ҳозир бекорчи юрган болаларга Азизни намуна қилиб кўрсатишади. У эса халқимиз дастурхонини тўкин қилишга, одамларга нафи текканидан мамнун. Яна бир кўнгилни хушнуд этадиган томони шундаки, бу иссиқхона барпо этилгач, қишлоқда яшовчи 12 нафар киши иш билан банд бўлди.
Жарариқ маҳалласида ўз меҳнати, тадбиркорлиги билан кафтдек томорқани хазинага айлантириб, етиштирган маҳсулоти билан йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорларимизни тўлдираётган, шу билан бирга ўз оиласига қўшимча даромад, фаровонлик олиб келаётган оилалар сони талайгина. Ҳудуд аҳолиси иссиқхона шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кўчат етиштиришда катта тажрибага эга.
- Бир пайтлар одамлар фақат чорвага деб экин-тикин қилган бўлса, эндиликда томорқа яхшигина даромад манбаи эканини кўпчилик тушуниб етди, - дейди шу маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Сафаргул Тошмаматова. - Бир марта ишбилармонликнинг ширасини тотган, чўнтагига фойда кирган киши тезда фаолиятини ривожлантириш ҳақида ўйлаяпти. Аҳоли ўртасида томорқада иссиқхона барпо этиб, лимон, папая, бодринг, помидор, турли сабзавот ва кўкат етиштиришга иштиёқ кучаяётгани шундан. Баъзилар бир йилда икки-уч марта ҳосил олишнинг ҳам уддасидан чиқаяпти.
Қишлоқ ҳудудида томорқа хўжаликлари учун минерал ўғит ва уруғ етказиб берадиган шохобча ташкил этилиб, фаолиятни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар тақдим этилаётгани аҳолига жуда маъқул келмоқда. Негаки, деҳқончилик ҳисобидан бугун аксар одамларнинг рўзғори обод, турмуши фаровон. Кўпчилик хонадонларда доимо чорва ва парранда боқилаётгани аҳоли дастурхонида сут, қатиқ, сариёғ, тухум сероб бўлишини таъминлаяпти.
Яна бир жиҳат бор. Агар маҳалла-кўй бир-бирига қайишса, билгани билмаганига ўргатса, мустаҳкам ижтимоий ҳамкорлик ўрнатилса, тадбиркорлар сафи янада кенгаяди, янги иш ўринлари яратилади, маҳаллада эҳтиёжманд оила, бекорчи одам қолмайди ҳисоби. Мана бунинг ёрқин мисоли.
- Маҳалламизда эҳтиёжманд оилаларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш тизими жорий этилган, - дейди Нишон туманидаги Юксалиш маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўрол Ражабов. - Хусусан, йиғинимиз қошидаги маслаҳат маркази, туман газетаси ҳамда ҳудуддаги "Имконфайз" МЧЖ ҳамкорлигида дастур ишлаб чиқилди. Бу дастурга асосан ҳозирга қадар 10 нафар коллеж битирувчиси уста-шогирд анъанаси асосида ўқитилди ва эҳтиёжманд оилаларнинг 10 нафар аъзоси иш билан таъминланди.
Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида маҳалламизда 18 та хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилишига эришдик. Уларнинг аксарияти оилавий корхона шаклида фаолият юритаяпти. Мазкур корхоналарда коллежни тамомлаган 100 нафарга яқин ёш йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Уларнинг бандлигини таъминлаш асносида ҳар хил диний оқимлар, гиёҳвандлик каби иллатлар таъсирига тушиб қолиши каби ҳолатларнинг олди олинди. Бу амалиёт "Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари" танловининг вилоят босқичида ҳам алоҳида эътироф этилди ва биз "Маҳаллада эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар" номинацияси ғолиби бўлдик.
Бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари одамлардаги ишбилармонлик, ташаббускорлик хислатларини юзага чиқаришда асосий кўмакчи бўлиши керак. Агар маҳалла тузилмаси мутасаддилари ўз зиммасига юклатилган ушбу вазифани яхши уддалай олса, барча оилаларда турмуш фаровонлиги барқарор бўлади, ҳудуд обод гўшага айланади.
Шоҳиста БОЗОРОВА