Ҳа, “қишда кишмиш пишмаслиги”ни ёш болаям яхши билади. Аслида қишга тайёргарлик борасида таълим муассасаларида 1 сентябрдан ҳаммаси бадастир бўлиши керак эди. Хўш, қиш эшик қоқиб қолган айни кунларда вилоятдаги умумтаълим мактабларида бу борадаги аҳвол қандай?
Осон эмас бу “мавсум ичра”...
Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, вилоятдаги 1114 та умумтаълим мактабида мавсумга Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тайёргарлик кўрилган. Шу асосда 128 мактабда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 4 минг 429 квадрат метр ойна алмаштирилган, 1 минг 940 квадрат метр том қисми таъмирланиб, 107 та иссиқлик тизими тузатилган.
– Марказлашган ҳолда иситиш имкони йўқ, табиий газ мавжуд бўлмаган мактабларга кўмир ва брикет етказиб берилди, – дейди бошқарма масъул ходими Шерзод Расулов. – Жорий йилда куз-қиш мавсуми учун 5 минг 144 тонна кўмир, 12 минг 294 тонна брикет олиниши кўзда тутилган. Бироқ ҳудудда брикет ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати пастлиги, “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармасининг жойлардаги кўмир омбор (станция)ларидаги кўмир сифати талабга жавоб бермаслиги ва етарли миқдорда етказиб берилмаётгани сабабли таълим муассасаларига брикет ёқилғисини жамғариш ишлари сал кечикди.
Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугун вилоятимиз мактабларининг 112 таси табиий газ билан, 996 таси кўмир ёқилғисида ва 3 тасигина марказлашган ҳолда иситилади. Таълим муассасаларида жами 5601 дона иситиш қозонлари мавжуд бўлса, уларнинг 498 таси таъмирталаб, 567 таси эса қўлбола қозонлардан иборат экани мавсумни ўтказиш осон кечмаслигини кўрсатиб турибди.
“Кукун” эмиш, “прогресс”ни ўрганинг, ака...”
Мавсумга тайёргарлик бўйича дастлабки кузатувимиз Нишон туманида бўлди. 624 ўқувчига мўлжалланган 13-мактабда бугун икки сменада 1021 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда. Бу ердагилар “ўз кунларини ўзлари кўриш”га кўникиб кетишган чамаси...
– Мавсумга пухта тайёргарлик кўрганмиз, – дея ўз тажрибалари билан ўртоқлашди мактаб директори Шоҳиста Амирқулова. – Режадаги кўмирни олдик. Етмаганига ҳам чорасини кўриб қўйганмиз. Ўтган йилги кўмир қолдиқларини хас-хашак билан аралаштирилиб, кейин ғишт қолипларига қуйилди, қўлбола брикет деса ҳам бўлади. Камига ўтин ҳам жамғарилди. Мавсумни кўнгилдагидек ўтказишда бирор муаммо бўлмайди.
Демак, “Темир хотин” фильмидаги Қўчқорвой айтганидек: “ҳар ҳолда “прогресс” бор. Илгари таппининг ўзини ёқардик, энди соляркага ботириб ёқаяпмиз”...
Қарши туманидаги 34-мактабда минг ўқувчи икки сменада таҳсил олаяпти. Жорий мавсумда 31 тонна кўмир-брикет олиш режалаштирилган. 10 тонна кўмир келган. Кечикиброқ бўлса-да, брикет ҳам олинди. Аммо...
– Кўмир деганлари ҳам қуруқ кукундан иборат, – дейди мактаб хўжалик ишлари мудири Умар Маматқулов.
Тағин бу “баҳона”ни эшитган мутасаддилар “завхоз” акамизни Нишондаги “прогресс”ни ўрганишга юборишмасайди...
Қозонлар мослашгунича болалар мослашишсинми?
Fузор тумани “Зарбдор” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 44-мактаб қўлбола печь ёрдамида иситилар экан. Иккинчи қават даҳлизида ҳамда 7-“А”синф хонасидаги чаккадан ҳосил бўлган ҳалқоблар томда ҳам талайгина муаммолар борлигидан дарак бериб турибди.
– Ўн беш кундан бери “свет” йўқ, - дейди мактаб директори Зулайҳо Муҳиддинова. – Трансформатор эскирган экан. Уни янгилаш керак. Бу бўйича туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилдик. Аммо ҳали тузатишгани йўқ...
Миришкор тумани Жейнов қишлоғидаги 19-мактабдаги аҳвол ҳар қандай одамни сескантиради. 834 ўринга мўлжалланган ушбу муассасада бугун 455 ўғил-қиз таълим олмоқда. Айни кунда ушбу мактабда “Обод қишлоқ” дастури бўйича ишлар давом этмоқда.
– Мактабни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 2 миллиард 284 миллион сўм маблағ ажратилган, – дейди “Насаф махсус ихтисослаштирилган капитал қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари Абдулла Хидиров. – Белгиланган маблағ вақтида молиялаштирилмагани сабабли таъмирлаш ишларини ўз ҳисобимиздан бошладик ва 300 миллион сўм сарфладик. Маблағ етишмагач, ишлар анча вақт тўхтаб қолди. Ҳисоб рақамимизга аванс тушгач, таъмирлаш ишлари яна давом эттирилди. 15 январгача барча ишларни тугатишимиз керак. Бироқ улгуриш қийин...
Унгача-чи?! Ўқув биноларининг дераза ромлари эскирган, мавжуд 3 та қозон билан ҳайҳотдай жойни кўнгилдагидек иситиш душвор... таъмирлашнинг қишга тўғри келгани вазиятни баттар мураккаблаштирмоқда...
Қамаши туманидаги 89 та мактабнинг бари кўмир ёрдамида иситилади. Тумандаги Ойнакўл маҳалласида жойлашган 18-мактабда бошланғич синф ўқувчилари ўқиётган синфхоналарда ўрнатилган печь, қувурлари чириб кетган, баъзилари қўпорилиб тушган, электр розеткалари очилиб ётибди... Бу ерда қишга тайёргарлик ишларини фақат кўмир ғамлаш деб билишади чамаси.
Бундай манзарани тумандаги 2-мактабда ҳам учратиш мумкин. Қўпорилган дераза ромлари, даҳлизларда ёмғирдан қолган сариқ “из” дилни хира қилмай қўймайди. Мактабга бундан нақ 18 йил илгари газга мослаштирилган қозон ўрнатилган, бироқ ушбу ҳудудга табиий газ етиб келмаган. Ўтган вақт давомида булар ҳам эскириб қолган. Мактаб директори Сайдулла Товқараев бу иситиш мосламаларининг 5 тасини кўмирга мослаштирмоқчи. Эрта-индин таъмирлаш ишлари якунланади.
Топган вақтларини қаранг. Афтидан, қозонлар мослаштирилгунича болажонлар ҳам қаҳратонга мослашиб туришларига тўғри келади...
Брикет баҳоргача қурийдими?
Вилоятимиздаги кўпгина мактабларга ҳали кўмир ёқилғиси тўлиқ етиб бормагани ҳақида айтдик. Бироқ иситиш мавсуми бошлангунича Чироқчи туманидаги аксарият таълим муассасаларига кўмир ёки брикетнинг умуман етказилмагани аянчли.
Масъулларнинг таъкидлашича, брикет ишлаб чиқарилаяпти, аммо ҳаво салқин бўлгани учун қуримаяпти. Шунинг учун тайёр бўлган маҳсулот бир кун Яккабоғ, бир кун Чироқчига тарқатилмоқда. Бундай муаммо Китоб ва Шаҳрисабз туманларида ҳам бор.
– Ҳаво салқин бўлгани учун ишлаб чиқарилган брикет тезда қуримаяпти, – дейди “Қарши бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги” Шаҳрисабз туман кўмир омбори масъули Акром Бозоров. – Иссиқ бўлиб турса, 3-4 кунда тайёр бўлади. Бунинг устига ташишда техника етишмовчилиги ҳам кузатилаяпти.
Масъулнинг гапи бўйича кунига 20-25 тонна шундай маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Белгиланган режага кўра, 15 ноябрдан муассасалар иситила бошланди. Шу ерда масаланинг ўйлаб кўрадиган жиҳати бор. Энди иссиқ кунлар кам бўлишини эътиборга оладиган бўлсак, ҳудуддаги мактабларни брикет билан тўлиқ таъминлашни баҳоргача ҳам амалга ошириш қийин-ов...
Қуруқ гап печкага ўтин бўлмайди
Бир нарса аниқ. Ваъдалару қуруқ гап печкага ўтинликка ҳам ярамайди. Уларнинг тафтида исиниб бўлмайди. “Ҳечдан кўра кеч” бўлса-да, сабоқхоналаримизга илиқлик олиб кириш чораларини кўриш зарур.
...Директор билан гаплашиб олгач, юқорида айтганим синфхона ёнидан қайтиб ўтдим. Ўқувчилардан бири энди ёд олган масалини айтаётган эди:
Ниначи шўх куйлаб чалди соз,
Сайилларда ўтди гўзал ёз,
Томошадан бўшай демади,
Қиш ғамини сира емади.
Шундай... босиб келди қора қиш,
Улгурмади, қолди кўп юмуш...
Сожида АЛЛАЁРОВА