Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шаҳноза НОРҚОБИЛОВА

01.03.2019


ИШГА ИЖОДИЙ ЁНДАША ОЛИШ - ПЕДАГОГНИНГ ЮТУҒИ

Тан олиш керак, бугун жамиятда тил ўрганишга бўлган қизиқиш жуда ортган. Хўш, мана шундай бир пайтда толиби илмнинг бу эҳтиёжини қандай қондириш мумкин?

 Назаримда, тил ўрганишга бўлган иштиёқ ёниб турган гулхандек гап. Агар унга мунтазам ўтин қалаб турмасак, ёнишдан тўхташи аён. Ана шу вазифани эса таълим муассасаларида чет тили ўқитувчилари бажариши лозим. Зеро, илм истовчининг тил ўрганишга бўлган иштиёқи кўп томондан унинг қизиқишлари қай даражада қондирилиб борилаётгани негизида ортиб боради. Бу ўринда ўқитувчининг тил ўргатишга бўлган ҳаракати у таълим бераётган ўқувчиларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқига ҳамоҳанг келиши жуда муҳим.   Маълумки, кейинги йилларда чет тилларини ўқитишда ҳам қатор интерактив усуллардан кенг фойдаланилаяпти. Ушбу замонавий дарс ўтиш технологияларининг энг самаралиларидан бири бу - машғулот жараёнида асосий ролни ўрганувчиларга топшириш. Ўқитувчи эса бунда уларнинг ижроси мукаммал бўлишини назорат қилади ва режиссёрлик вазифасини зиммасига олади. Дарс қанчалик чиройли ва хилма-хил сценарий асосида ташкиллаштирилса,  самара ҳам кутилганидек бўлади.

Амалиётда ўқувчига муайян вазифа бериб, унинг шартларини аниқ ва тўкис тушунтириб бермаслик ҳоллари учрайди. Натижада ўрганувчи ўзини қийин аҳволга тушиб қолгандек ҳис этади ва унинг фанга бўлган қизиқиши аста-секин сусайиб боради. Ана шу камчиликка йўл қўйган тил ўқитувчиси меҳнати самараси эса юзага чиқмай қолади.

Хуллас, бугун фаолиятини таълим тизимида амалга ошираётган ҳар бир педагогдан креативлик талаб этилади. У ўз ишига ижодий ёндаша олса ва дарс ўтишда қўллаётган услублари самараси ҳамда камчиликларини таҳлил этиб, уни мукаммал даражага келтиришга эришса, кутилган натижа бўлади. Зеро, мантиқ асосида қизиқарли ташкил этилган ҳар бир сабоқ ўрганувчига тез етиб боради, хотирасида узоқ сақланади. 

Шаҳноза НОРҚОБИЛОВА,

Қарши давлат университети академик лицейининг инглиз тили фани ўқитувчиси

Report typo