Аммо масаланинг чатоқ томони шундаки, ўша “ҳожатбарор”ларнинг абитуриентни имтиҳонларга пухта тайёрлаб, ўқишга кирита олишига кафолат йўқ. Уларга абитуриентларга қилган ёлғондакам репетиторлиги-ю имтиҳонга деб олинган мўмайгина пулдан бошқасининг деярли қизиғи йўқ. Яъни улар ўқишга киритиш баҳонасида керакли пулни жамғаради-да, кейин жуфтакни ростлаб қолишади – еру кўкдан уларнинг қорасини тополмайсиз.
Айримлари ҳам борки, абитуриентлар ўқишга кира олмаса – шунча яхши – уни кейинги йил ҳам “ўқитиб” пулини олиш имкони бўлади.
Бугун ўқишга киритиб қўювчи “ҳожатбарор”лар кундалик ҳаётимизга, сўзлашувимизга шунчалик сингиб кетдики, уларнинг хатти-ҳаракатида ҳеч бир ғайритабиийлик сезмайдиган даражага етдик. Яъни “Фалончи домланинг “ставка”си 6 минг, айтилган пулни берсангиз, болангиз ўқишга сўзсиз киради”, “Фалончи киши ҳар йили 30 болани ўқишга солади, ҳисоб-китоб қилиб кўрсангиз, 200 минг “кўк”ининг тагига боради. Қандини урсин!” қабилидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалиниши шундан.
Энди бир ўйлаб кўрайлик. Хўш, нега уларнинг ўқишга киритиб қўйишига кафолат йўқ? Аввало, бу каби учарлар тест саволларига жавобни олдиндан билиши, аввалдан олиши шубҳали. Нима, жавоблар кўчада қолганми ҳар қандай кас уни супуриб олиб кетса?!
Ана шундай учарлардан бирини танийман. Ўқишга юқори балл билан кирган ҳар қандай йигит-қизга “тўр” ташлаб кўради. Уни илинтиргунча пулни аямайди. Ўтган йили омади келганини, яхшигина пул ишлаб олганини, рози қилишини айтади. Олдиндан “хамир учидан патир” қабилида бир-икки “қоғоз”ни тутқазади ҳам. Чунки унда ўнлаб ота-оналардан олинган пул бисёр.
Нуфузли олий ўқув юртларига кирган йигит-қизларни етаклаб, ота-оналар билан савдолашади: “Мана шу йигит, 212 балл билан ўқишга кирган. Насиб бўлса, қизингизни ҳам бюджетга киритади!..”
Соддадил ота-она ҳам йиллар давомида йиққан бор-йўғини боласини ўқитиб олиш дардида бояги фирибгарнинг қўлига қандай тутқазганини билмай қолади. “Шунча йил болам учун ҳеч нарсани аямадим. Нима учун унинг ўзи ўқишга кира олмайди? Шунча одамнинг боласи ўзи ўқиб, ўқишга кирганда, нега менинг болам киролмайди? Нима учун кимларгадир пул тутқазишим керак? Бугун уни осонига ўргатиб қўймайманми? Пул билан ўқишга кириб, эртага ким бўлади? Ўзим ким деган одам бўламан?” деган саволлар хаёлига ҳам келмайди...
Ўша учарнинг умиди шунданки, нима бўлса ҳам 1 август куни “гаплашилган” абитуриент ичкарига телефон олиб кирсин, нима бўлса ҳам ўша куни телефон компаниялари ўчиб қолмасин, нима бўлса ҳам ўша куни интернет ишлаб турсин, нима бўлса ҳам имтиҳон бўладиган хонада унинг телефонини олиб қўйишмасин...
Ана шундай синовлардан ўтса, телефонда айтилган саволларни нуфузли жойда ўқийдиган талаба ишлаб бера олса, ўшанда балки абитуриент ўқишга кира олиши мумкин. Кўраяпсизми, юздан бир имконият – абитуриент шунча ишни қила олишидан қила олмаслиги аниққа ўхшайди. Чунки имтиҳон бўладиган жойда назоратчилар ҳам лайлак ҳайдаб юрмайди...
Юрак ҳовучлаб, ўзини ўғри ёки муттаҳамдай тутиш ўрнига абитуриент хаёлни бўлмай, ўқиса, имтиҳонга тайёрланса, шуниси яхши, шуниси осон эмасми, деган ўй ўтади кўнгилдан. Сабаби, ҳозир тест саволларининг барчаси мактаб, коллеж дарсликлари бўйича тузилаяпти. Четдан, яъни қўшимча, мураккаб адабиётлардан саволлар умуман келмайди. Мактаб, коллеж программасини ўзлаштирган одам ўқишга бемалол юқори балл билан кира олади. Бундан ташқари, аллақандай фирибгар илиб кетадиган пулни ўзининг камига, яна кучли ўқишига ёки оиласининг манфаатига сарфлайди.
Боя айтганим “учар” кимсанинг одатда кетмони учмасди. 1 август куни тушдан кейин унинг телефони дарҳол ўчириларди. Пулига куйган ота-оналар уни вилоятнинг барча туманларидан, қўшни вилоятлардан, пойтахтдан излаб овора-ю сарсон бўлиб юришарди. У эса олинган пулларни ўтган йили ўқишга кирита олмаган болаларнинг ота-оналарига, шунда ҳам содда-баёвларига эмас, қайтариш билан вақт ўтказарди. Келгуси йил учун керакли ота-она йиға олса, уларнинг пулини бу йил ўқишга кира олмаганлар учун беради... Хуллас, пул айлантиради. Орада данғиллама уй қуриб олади, таниқли хонандани олиб келиб, донғи таралган тўй қилади, хуллас, йил оша ялло қилиб яшайди.
Орада ютқазадиганлар эса пулига куйган ота-она, умрига куйган абитуриент. Фирибгарлик йўли билан ота-оналардан пул ундирган, аммо на ўқишга тиққан, на пулни қайтарган кимсаларга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар ва уларнинг жавобгарликка тортилгани ҳақида ҳам эшитиб, кўриб-билиб турибмиз.
Бугун ўқишга киритиб қўяман, деган “даъво”да юрган “ҳожатбарор”ларнинг аксарияти репетиторлар ёки ўзига “Билим зиё”, “Илм-нур” каби жарангдор номлар қўйиб олган турфа ўқув марказлари ўқитувчилари эканини, энг ёмони, бундайин кишилар барча олий юртларида ҳам учрашини ҳисобга оладиган бўлсак, эртага турли фирибгарликларга йўл очилмаслиги учун аввало ана шу масканларда бўлиб, ўша жойдаги ўқитувчи-репетиторларни инсофга чақириш кўпроқ самара беради, чамамизда. Зотан, уларнинг фирибгарлиги ортида фарзандларимизнинг келажаги, эртанги кунга муносабати турибди. Чунки бугун фирибгар кўмагида ўқишга кирган одам эртага яна бир фирибгар топиб, ишга ҳам киради. Кун келиб, ўзи ҳам яхшигина фирибгарга айланади-қолади...
АЙЮБ