Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Акрам ЭШМУРОДОВ

19.01.2017


“ИШГА ЖОЙЛАШТИРИБ ҚЎЯМАН...”

Алмира Саидова (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам, афсуски, ана шу йўлни танлади. Аёл киши, умуман инсон шаънига ярашмайдиган фирибгарлик ортидан даромад топишни одат қилди. Аёллигини, бир қарашда мағрурлигини ҳисобга олибми, айримлар унинг тузоғига қандай тушганини билмай ҳам қолишди.

У қатор идораларда танишлари борлигини, улар билан келишиб, ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилди. Унинг гапларига Хасан Намозов чиппа-чин ишонди. Чунки Алмиранинг айнан шифохоналарда танишлари борлиги айни муддао эди. Чунки келини ва жияни бирор шифохонага ишга жойлашиш ниятида юришганди.

Хуллас, гап бир жойга қўйилди: Алмира Саидова Хасан Намозовнинг келини Ф.Қаршиевани вилоят эндокринология шифохонасига, жияни Г.Норовани Қарши шаҳридаги 2-поликлиникага яқин танишлари орқали ҳамшира сифатида ишга киритиб қўйишга ваъда берди. Фақат сиздан угина, биздан бугина... Угинанинг нархи оз эмас, кўп эмас, нақ икки минг доллар экан.

2016 йил 12 октябрь куни  Алмира Саидова Қарши шаҳрида келишилган пулнинг минг долларини олаётган вақтда Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаменти вилоят бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг суриштирув бўлими томонидан фуқаро Алмира Саидовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Суднинг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бел оғритмай, жон койитмай пул топишни, осон бойишни ва яхши яшашни истаган аёл адашганди. Хомхаёл қилганди. Таассуфки, адашганини кеч англаб етди.

Акрам ЭШМУРОДОВ, СВОЖЖДЛҚК

департаменти Нишон туман бўлими бошлиғи

Report typo