Энди, азиз тенгдошим, сизга оддий бир сирдош, оддий бир ўқувчи сифатида мурожаат қилмоқчиман. Сиз ўзингиз орзу қилган касб йўлидан кетаяпсизми? Танлаган касбингиз сизга завқ бағишлашига ишончингиз комилми? Менимча, юқоридаги саволларга жавоб бериш сиз учун бир мунча мушкул.
Баъзан дастлабки танловларда ўсмир йигит ёки қиз эркин эмас, балки ота-онасининг мавқеи ва моддий ҳолатига қараб касб танлашга мажбур бўлади. Ваҳоланки, кечагина мактаб партасида "Ким бўлсам экан?" мавзусида иншо ёзганда ўз кўнглидаги орзуларини рўй-рост баён этган йигит ёки қиз ҳақиқий ҳаёт бўсағасида орзусини бир ёнга қўйиб, бутунлай бошқа бир соҳани "танлайди".
Бугунги кунда орамизда шундай ёшлар ҳам борки, ўзлари орзу қилган институт ёки университетни танлашга қўрқишади ёки аксинча, етарли билим-кўникмага эга бўлмай туриб, ҳужжат топширишади, ишлари ўхшамагач, "тақдир экан-да" деб жуда кам одам борган бирор бир ўқув юртига ошиқади. Қарабсизки, бир ойдан сўнг талаба бўлиб, ҳаммага мақтаниб юраверишади. Энди айтинг-чи, шунга ўхшаш ўзи ёқтирмаган, лекин кириш бирмунча осон бўлган олий ўқув юртини тамомлаган ёшлар келажакда ким бўлиб етишади? Болалардан безор ўқитувчи, қондан қўрқадиган шифокор, техникани ёқтирмайдиган муҳандис, ўсимликларни севмайдиган агроном… Шундай эмасми? Айтинг-чи, орзу ҳаваслари рўёбга чиқмаган одамнинг жамиятга қандай нафи тегиши мумкин? Унинг қўлида тарбия топган ёшларнинг эртанги куни қандай бўлади? Ахир жамиятимиз ўз касбини севадиган, унда жон-дили билан ишлайдиган бир мутахассисдан маҳрум бўлмайдими? Унинг ўрнида ишлаётган ўртамиёна одам, жамиятимизга қандай наф келтиради?
Биздан бахт нима деб сўрашганида, ҳеч иккиланмай оиламиз, юртимиз тинчлиги, саломатлигимиз, яқинларимиз ёнимиздалиги ҳақиқий бахт деб жавоб берамиз. Аслида касбни севишнинг ўзи ҳам бир бахтдир.
"Атрофингиздаги иши юришмаган, рўзғори хароб, ҳаётидан кўнгли тўлмай юрган одам, билингки: ё аниқ касби йўқ, ё касбига меҳр қўймаган, меҳр қўйиш учун ирода, сабр топмаган кимсадир", деб ёзган эди маънавиятимиз жонкуяри Турсуной Содиқова.
Психологларнинг фикрича, ўз касбидан совиб қолишнинг сабаби касбга йўналтиришдаги хатолик экан. "Ўзингиз завқ оладиган касб-кор топиб олган бўлсангиз, бу Тангрининг сизга бўлган беҳад мурувватидир", дейилади Тибет ҳикматларида.
Зарина ПЎЛАТОВА,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти академик лицейи ўқувчиси