Рақамларга эътибор қаратсак, биргина ўтган йили вилоятимизга умумий қиймати 90 миллион АҚШ долларидан зиёд технологик жиҳозлар, бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмлар импорти амалга оширилган. Бу борада ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектлар ўта фаол экани ойдинлашади. Негаки айрим турдаги, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналарни импорт қилишда ҳукуматимиз томонидан имтиёзлар берилган. Мақсад эса мавжуд қувватларни модернизациялаш, янгиларини ишга тушириш ҳисобига иқтисодиётга кўпроқ фойда келтириш. Аммо кўринадики, ушбу ҳолат вақтинчалик жараён. Яъни зарур ишлаб чиқариш технологияларини ўзимизда тайёрлаш йўлга қўйилса, имтиёз ҳам ўз кучини йўқотади. Афсуски, амалда эса бундай бўлаётгани ҳадеганда кўзга ташланмаяпти. Аксинча, хорижий технологияларга қарамлигимиз ортаяпти, холос.
НИМА ЮТҚАЗАЯПМИЗ?
Хўш, бу қачонгача давом этади? Уларни ўзимизда ишлаб чиқаришнинг вақти келмадими?
Табиийки, ким учундир бу қийин ишдек туюлиши мумкин. Мазкур йўналишни ривожлантиришга жуда катта маблағ, ресурс талаб этилади, дейдиганлар ҳам топилади. Шу баҳоналар деб кўп нарсадан маҳрум бўлаяпмиз.
Бундан нима ютқазаётганимизни бир ўйлаб кўрайлик. Биринчидан, ўзи шундоқ ҳам оддий, ясашга ўзимизнинг кучимиз, тафаккуримиз етадиган асбоб-ускуналарни импорт қилиш учун қанчадан-қанча валюта сарфланаяпти. Гапимиз қуруқ бўлмасин. Қарши шаҳрида пойабзал ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъекти бор. Ушбу корхона тагчарм қуйиладиган қолипларни четдан олиб келаяпти. Тикувчилик, озиқ-овқат ва қурилиш саноатининг анча ихчам дастгоҳлари чет элники экани билан мақтанамиз. Уларни шу ерда тайёрлашни ўзлаштириш ҳақида бош қотирилмаяпти. Шунда тегишли маблағни бошқа зарур мақсадларда ишлатиш мумкин бўларди. Масалан, йўл қурилиши учун керакли битум хомашёсини сотиб олишга. Чунки ўзимизда мавжуд ресурслар етарли эмас.
Тайёрига ўрганиб қолгач, янгиликка қўл уриш ҳам ёқмай қоларкан. Айни шу сабаб бизда муҳандислик тафаккури ўсмаяпти, фикримча. Ишлаб чиқариш, унинг харажатларини камайтириш билан боғлиқ оламшумул ихтироларни кўрмаяпмиз. Ёки шундай ихтиролар бору, уларнинг қўлланиши оммавий тус олмаяпти. Сабаби, бугун долзарб эмас, ўзини оқламайди, маҳсулдорлиги кам, хуллас, талабга жавоб бермайди. Узоққа бормайлик. Воҳамиздаги кўплаб тадбиркорлар билан суҳбатлашганман. Ҳали бирорта ишбилармон маҳаллий олимлар билан ҳамкорликда фаолиятимизда янги технология (ёки илмий ишланма)ни жорий қилдик, натижада самарадорлик ошди, деб айтмаган.
Буни бошқача изоҳлаш ҳам мумкин: вилоятимизда ишлаб чиқариш ва илмий ҳамжамият ўртасида ҳамкорлик етарли эмас. Тадбиркор кимдан маслаҳат олишни билмайди, олимлар эса янгиликлар яратишдан манфаатдорлик сезмайди (ёки номига иш тутади). Аслида бугунги бозор шароитида бунинг бутунлай тескариси бўлиши лозим эди. Ҳозирги аҳвол эса қуйидагича: муҳандисларимиз (агар бор бўлишса) назариядан нарига ўта олишгани йўқ. Агар кимдадир эътироз бўлса, маҳаллий корхоналарда, хўжалик юритувчи субъектларда қўлланган, уларнинг ишини осон қилган бирор технологик янгиликни, зарур линияни мен яратганман, муаллифи менман, деб айтсинчи. Шундай бўлса, пулнинг тагида қоларди. Ундан маслаҳат сўраб келувчилар, ҳамкорлик таклиф қилувчиларнинг адади ошиб кетарди. Афсуски, ундай эмас. Бир сўз билан айтганда, муҳандислар бевосита амалиётдан, ишлаб чиқариш жараёнидан узилиб қолган.
Бунда тадбиркорларнинг айби ҳам йўқ эмас. Юқорида айтганимиздек, улар гўёки беҳуда вақт сарфлашдан кўра, катта пул кетказиб бўлса-да, хориждан тайёр технология харид қилишни маъқул кўришади. Ишлаб чиқаришга керак бўладиган оддий бир деталлни ҳам четдан олиб келишади. Модомики, сал қунт қилса, бошқа тадбиркорлар билан келишиб, ушбу эҳтиёт қисмларни, ҳатто ихчам ишлаб чиқариш линияларини шу ерда тайёрлашни ташкил этиш мумкин. Аҳамиятлиси, бу амалиёт бизда аввалдан ҳам бор. Жараён маҳаллийлаштириш деб аталади. Махсус дастурлар тузилиб, қанчадан-қанча лойиҳалар унга киритилди. Аммо ҳукуматимиз томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, ишлар хўжакўрсинга қилингани, мақсад фақат тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланиш бўлгани аён бўлди. Шу боис, жорий йилдан бошлаб тегишли имтиёзлар бекор қилинди.
НУСХА КЎЧИРИШДАН УЯЛМАСЛИК КЕРАК
Ҳозирги пайтда дунёда мамлакатлар иқтисодиётига уларнинг технологиялар яратишга қай даражада қодир эканига қараб баҳо берилиши одатий ҳол. Демак, бунга қурби етмаган мамлакатни ривожланган деб бўлмайди. Айни ривожланиш босқичида бўлган юртимизда ҳам бу соҳага устувор аҳамият беришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Мазкур жабҳада қайсидир даражада натижалар қўлга киритилмоқда ҳам. Бироқ ҳали қониқарли эмас.
Бу ҳолатда нима қилиш керак? Ишни нимадан бошлаш даркор? Айни пайтда юқори технологиялар соҳасида етакчи бўлган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш зарар қилмайди. Биз сўз юритаётган мавзу одатда венчур бизнеси деб юритилади. Венчур сўзи таваккал деган маънони беради. Ушбу фаолият ўтган асрнинг 50 йилларида АҚШда бошланган. Асосий мақсад барча соҳаларда илғор технологиялар, инновацияларни яратишга доир саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан иборат бўлган. Мазкур йўналиш давлат даражасида қўллаб-қувватланган, керак бўлса, молиявий кўмак ҳам кўрсатилган. Кейинчалик венчур фондлар ташкил этилган. Улар шу фаолиятга сармоя киритиш билан шуғулланган ва бундан фойда кўрган. Бугунги кунга келиб, АҚШ технологик жиҳатдан қай даражада равнақ топгани барчага маълум.
Ушбу мамлакат босиб ўтган йўлдан фарқли ўлароқ, хитойлик муҳандислар ўзи яратишдан кўра нусха қўчиришни афзал билади. Улар бундан асло уялишмайди, аввалига бошқа мамлакат технологияларини обдан ўрганишади ва айрим жуъзий ўзгартиришлар киритиб, ўзлариникини ишлаб чиқара бошлашади. Бугун Хитойни кўчирмакашликда айблашса-да, ҳаракат барибир юқори натижа бергани муҳим. Сўнгги вақтда Чин юрти илғор технологиялар ва инновацияларни экспорт қилишда жаҳонда етакчи мамлакат ҳисобланади. Экспорт таркибида тайёр линиялар, асбоб-ускуналар, машинасозлик маҳсулотлари асосий улушни ташкил этади. Шундай қилиб, қисқа вақт ичида Хитой юксак технологияларни импорт қилувчи мамлакатдан экспорт қилувчига айланди.
БИЗДА ҲАМ ИМКОНИЯТ БОР
Мамлакатимизда мазкур йўналишда жиддий ишлар аллақачон бошланган. Ушбу масалага давлатимиз раҳбарининг ўзи алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этиш лозим. Жорий йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва илғор технологиялар йили деб номлангани ҳам кўп нарсага ишора қилади. Инновациясиз ялпи ривожланишга эришиб бўлмаслиги кўп бор таъкидланмоқда.
Бироқ, ҳамон бизда исталган замонавий ишлаб чиқариш технологик линиясини буюртма асосида тайёрлаб берадиган субъект топилмайди. Аксинча, хориждан келтириб беришни ваъда қилувчи воситачилар сони ошиб кетган.
Тўғри, дабдурустдан бундай натижага эришиш мушкулдир. Лекин, оддийроқларидан бошласа ҳам бўлади. Ахир, жўнгина ғишт преслаш ускунасини ҳам хориждан яхшигина валюта эвазига сотиб олаверсак, энди ярашмас.
Ана шундай линияларни ясаётган усталар ҳозир бор. Демак, улар бу борада муайян натижага эришаяпти. Бироқ, етарли малакага эга, муҳандис-технологлар билан илм одамларини бир жойга тўплаган ва буюртма асосида муайян ишлаб чиқариш линиясини батамом тайёрлашни зиммасига оладиган субъект йўқ.
Хулоса ўрнида айтганда, ўзимиз технология ишлаб чиқарсак, инновация яратсак, асло ютқазмаймиз, балки кўп нарса ютамиз. Иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлиги ортади, илмий салоҳиятдан фойдаланиш имконияти кенгаяди. Якунда жамият ривожи тезлашади, аҳоли турмуши фаровон бўлиши таъминланади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ