Унда мамлакатимиздаги кончилик ва нефть-газ саноати тизимидаги корхона ва ташкилотлар мутахассислари, мустақил тадқиқотчилар, олимлар ҳамда талабалар иштирок этмоқда. Анжуманда мавзуга доир долзарб, янгилиги бор амалий ва илмий ишланмалар устида ҳам муҳокамалар ўтказилаётир.
- Маълумки, мамлакатимиз нефть ва газ каби табиий ресурслар, қазилма бойликларнинг катта захирасига эга, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг илмий ишлар бўйича проректори Ғулом Узоқов. - Мавжуд конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, айни чоғда ишлаб чиқариш жараёнида энергия тежамкорлигига эришиш стратегик жиҳатдан муҳим йўналиш ҳисобланади. Бу борада бажарилаётган илмий ишларни таҳлил қилиш, фан-таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион корпоратив ҳамкорлик натижаларини муҳокама қилиш, аниқланган муаммоларга ечим топиш анжумандан кўзланган асосий мақсаддир.
Анжуманнинг дастлабки кунида ўтказилган ялпи мажлисда бир қатор етакчи олимларнинг нефть ва газ конларини ишлатишдаги муаммолар ва уларнинг самарали ечимлари, қатламларнинг нефть бера олувчанлигини оширишнинг замонавий имкониятлари, силвинит рудасини ер ости усулида қазиб олиш технологиясини такомиллаштириш мавзусидаги маърузалари тингланди.
Тадбирнинг кейинги қисмида тад-қиқотчилар 5 та йўналиш, хусусан, геологик-қидирув ишларидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари, нефть ва газ конларини ишлатиш ҳамда қатламлар маҳсулдорлигини оширишнинг инновацион усуллари, кончилик ва нефть-газ тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш бўйича илмий ишланмалари ҳақида иштирокчиларга маълумот беришади.
Анжуман якунида мавзу қамрови жиҳатидан энг яхши ҳамда долзарб деб топилган илмий ишланмалар муаллифлари рағбатлантирилади.
М.ШУҲРАТОВ.