Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

12.10.2023


Ишлаб чиқарувчилар учун яна бир қулай имконият

Ҳудудий саноат ярмаркаси

Эртага Қарши шаҳрида ихтисослашувига кўра нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё, чарм-пойабзал, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика саноати каби тармоқларни қамраб оладиган ҳудудий саноат ярмаркаси очилади.

Республика ҳукуматининг жорий йил 11 майдаги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган мазкур тадбир 13-14 октябрь кунлари Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтади. Унда йирик компания ва заводлар билан бир қаторда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ҳудудий корхоналар, шу жумладан, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам иштирок этади.

Ярмаркада маҳсулотлар кўргазмаси, шунингдек, айрим корхоналар ва истиқболли лойиҳалар тақдимотларини уюштириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар имзолаш, саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, қолаверса, юқори технологик маҳсулотлар, инновацион ишланмалар ва бошқа кўрсаткичлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иштирокчиларни рағбатлантириш режалаштирилган.

Воҳамизда ҳар йили ўтказилаётган бундай ҳудудий саноат ярмаркаларида Қарши туманида фаолият юритаётган "Turdi-Muazzam Servis" оилавий корхонаси ҳам фаол қатнашиб келмоқда.

Бундан 10 йил олдин иш бошлаган бу кичик бизнес субъекти бир пайтлар қурилиш материаллари ва мебель тайёрлаб сотишга ихтисослашган бўлса, ҳозирги пайтда асосан замонавий иситиш қозонлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда.    

2020-2022 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури доирасида оилавий корхонага Хитойдан металлга лазер ёрдамида ишлов бериш ва пайвандлаш учун мўлжалланган юқори технологик дастгоҳ ва асбоб-ускуналар жамланмаси олиб келиб ўрнатилди. Бу эса корхонанинг техник имкониятлари ва ишлаб чиқариш қувватини сезиларли даражада оширди. Ўтган йил давомида "Turdi-Muazzam Servis" ОК томонидан 300 дона иситиш қозони ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил ҳозиргача мазкур кўрсаткич 400 тага етган. Энергия тежамкор ёниш камераси, автоматик бошқарув ва хавфсизлик тизимларига эга бундай қурилмалар бугунги кунда тумандаги ижтимоий соҳа объектларида ўрнатилмоқда.

Ҳудудий саноат ярмакасида иштирок этиш орқали оилавий корхона мулкдорлари, бир томондан, буюртмалар портфелини кенгайтириб, иккинчи томондан, хомашё ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри алоқалар боғлаш ниятида.

Ўз мухбиримиз

Суратларда: "Turdi-Muazzam Servis" оилавий корхонаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo