Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

25.02.2020


ҚИШЛОҚ ОБОД БЎЛДИМИ ЁКИ РЕЖАЛАР БАРБОД?!

Қолган ишга қор ёғар

Тупчоқ қишлоғи Китоб туманининг марказдан олис, тоғли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Китоб-Мираки автомобиль йўли бўйида, пурвиқор Ҳисор тоғлари этагида жойлашган ана шу мўъжазгина аҳоли яшаш пунктида  3400 га яқин киши истиқомат қилади.

Аксар қишлоқларга хос бўлган муаммолар бу ерда ҳам бор. Яъни, ҳудудда тоза ичимлик суви таъминот тизими йўқлиги, ички йўлларнинг носозлиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар ва бошқа шу каби қатор муаммолар тупчоқликларни йиллар давомида қийнаб келаётган эди.  Шу боис Президентимиз ташаббуси билан бошланган "Обод қишлоқ" дастурига ўтган йили ушбу қишлоқнинг ҳам киритилгани аҳолини беҳад қувонтирди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йили "Обод қишлоқ"   дастури доирасида вилоятимиздаги 13 та туманнинг ҳар бирида 3 тадан, жами 39 та қишлоқ ва  маҳаллада аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлишини таъминлаш учун барча манбалар ҳисобидан 411 миллиард 730 миллион сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Бунинг натижасида катта    ишлар қилиниб, мазкур маҳалла ва қишлоқларда мавжуд 37 минг 855 та хонадонда истиқомат қилаётган 221 минг 331 нафар аҳолининг яшаши учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилиши кўзда тутилган эди. Орадан бир йил ўтди. Дастур ижроси учун белгиланган муддат якунланди, энди навбат янги манзилларга келиши лозим.

Хўш, ўтган вақт мобайнида қанча ҳудуд амалда обод қилинди? Қанча қишлоқ аҳолисининг ҳаётига, турмуш-тарзига чиндан ҳам фаровонлик ифори инди?

Тан олиб айтиш керак, айрим ҳудудларда "Обод қишлоқ" дастури ижроси шу қадар зўрма-зўракилик билан, юзаки бажарилмоқдаки, натижада аҳолининг ариган муаммоларидан кўра янгилари ортиб кетаяпти.

Тупчоқда ҳам шундай. Бинобарин, ушбу қишлоқда дастур доирасида амалга оширилиши белгиланган, шу кунга қадар бажарилган ва чала қолиб кетган ишларга бирма-бир назар ташлаб шу хулосага келиш мумкин.

Аввал-бошда ҳудуддаги мавжуд  асосий муаммолардан бири - тоза ичимлик суви таъминоти тизимининг йўқлиги эди. Бу муаммо ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, ҳудуддаги мавжуд учта артезиан қудуғини капитал таъмирлаш, учта сув йиғиш минораси қуриш ҳамда ички кўчалар бўйлаб 15 километр масофага сув қувурлари ётқизиш ишлари дастурга киритилган. Шунга асосан, айни вақтга қадар вилоят "Сувоқова" ДУК ҳамда тегишли пудратчи ташкилотлар томонидан бу йўналишда муайян ишлар бажарилган. Сув тўплаш миноралари қурилиб, ички кўчалар бўйлаб ерости ичимлик суви қувури тортилган. Аммо ҳамон айрим носозликлар боис хонадонларга об-ҳаёт етиб келгани йўқ.

Қишлоқ одамларининг норозилигига, арз-додига сабаб бўлаётган асосий масала эса ички йўллар ҳолати билан боғлиқ. Тоғли ҳудуд, уйлар зич жойлашган, йўллар яхши бўлмаса, айниқса, ёғин-сочинли кунларда бу ерлардан техника тугул  пиёда юриш ҳам қийин бўлиб қолади. Шу боис қишлоқ аҳли "Обод қишлоқ" дастуридан бу борада кўп нарса кутишган эди. Аксига олиб...

Дастур бўйича Тупчоқ қишлоғи ҳудудини туман маркази билан боғловчи К4/303-автомобиль йўлининг 18 километр қисмини таъмирлаш, шунингдек, қатор ички кўчаларга асфалть ва шағал ётқизиш бўйича ишлар белгиланган эди. Айни пайтдаги ҳолат шундайки, қишлоқдаги 1 километр йўлга асфалть ётқизилган, бир-иккита кўча бошига шағал тўкилган, бўлди. Боз устига, ички кўчалар бўйлаб сув қувури тортиш мақсадида бор йўллар ҳам қазиб ташланган. Ўрни текисланиб, йўл тиклаб берилгани йўқ. Бу эса янги муаммони юзага келтирмоқда.

- Мана шу кўчада 12 хўжалик яшаймиз, - дейди қишлоқ фуқароларидан бири Аббосали Худоёров. - Беш-олти йил аввал ўзимиз пул йиғиб, 10 машина тош тўккандик. Қувур ўтказамиз, деб йўлни ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Тегманглар десак, дастурга тушган, барибир йўллар янги бўлади, деди, ишондик. Мана энди бу аҳвол. Ҳамма жой лой, кўчамиздан юриб бўлмайди.  Бошқа кўчаларда ҳам худди шу ҳолат.

Айтишларича, қишлоқдаги 24-мактабгача таълим муассасасига олиб борадиган йўлга ҳам бир пайтлар аҳоли ҳашар йўли билан тош тўктирган. Бироқ бу йўл ҳам қувур ўтказилгандан сўнг бузилиб, шу ҳолича ташлаб кетилган.

- Қишлоғимиздаги бир километр йўлга асфалть ётқизишди, - дейди ҳудудда яшовчи  катта авлод вакилларидан бўлган Маҳкам Ёриев.  - Лекин ўтган уч-тўрт ой ичида бу йўлнинг аксарият қисми чўкиб, нотекис бўлиб қолди. Шу йўл биз учун жуда муҳим, уни асраш учун ҳаракат қилаяпмиз. Кўпчилик хонадон эгалари келишиб, йўлнинг икки четини бетон деворча ёрдамида мустаҳкамлаб чиқишмоқда, аммо бугун бу жойи чўкиб кетади, эртасига бошқа қисми. Буни қандай қурувчилар қилишган, билмадим...

Қишлоқ одамларининг таъкидлашича, бирорта иш охиригача, астойдил, чиндан ҳам халққа яхши бўлишини, одамларга енгиллик яратишни мақсад қилиб бажарилмаган. Ҳаммаси чала, ҳисобот учун қилинаётгани кўриниб турибди.

Ҳудуддаги 24-мактабгача таълим муассасаси эса янгидан таъмирланган, аммо томдан чакка оқиши ҳамон тўхтагани йўқ. Шунингдек, дастурда ушбу муассасанинг ташқи фасадини янгилаш ва атрофини ўраш кўзда тутилган эди, аммо боғча ҳовлисининг фақат йўлга қараган, кўринарли қисмидагина бу ишлар бажарилган, холос. Кенг далага туташ ва биринчи галда ўраш керак бўлган ён ҳамда орқа томонлари эса очиқ ётибди.

Бундан ташқари, Тупчоқ маданият маркази қошида кутубхона ўқув зали ва ёш мусиқа ихлосмандлари шуғулланиши лозим бўлган хоналар қурилиши кўзда тутилгану лекин бу борадаги ишлар умуман бошланмаган.

Қишлоқдаги 49-умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам чала. Масалан, мактаб ошхонасининг таъмири тугатилмаган, иситиш тизимларини ўрнатиш ишлари умуман бажарилмаган. Қишлоққа кириб келишдаги асосий йўлнинг икки томонига пиёдалар йўлакчаси қуриш, йўл бўйига тунги ёритқичлар ўрнатиш  режалари ҳақида эса гапириш ҳам ўринсиз. Ваҳоланки, дастурда буларнинг барчаси назарда тутилган эди.

Энг қизиғи, қишлоқдаги ягона тиббиёт муассасаси - тумандаги 16-оилавий поликлиника филиали шу вақтга қадар эски, яъни хом ғиштдан қурилган бинода фаолият кўрсатиб келган. "Обод қишлоқ" дастури доирасида ушбу бино ҳашар йўли билан бузиб ташланиб, филиал учун замонавий бино қуришга киришилган. Ачинарли томони, ушбу бино ҳам ярим кўтарилган ҳолида қолиб кетган.  Оилавий поликлиника филиалининг 25 кишилик жамоаси эса энди ҳудуддаги тадбиркорга тегишли бинонинг бир қисмида ижарада турибди.

- Тўғри, ҳозир жуда қийин бўлаяпти, - дейди филиал ҳамшираси Ҳимоят Авлаева. - Жами 5 та кичик-кичик хоналарни ижарага олганмиз. Битта хонада учта, тўрттагача бўлим жойлашган. Муолажа учун беморлар келган вақтларда эса биримиз уларга қарасак, бошқамиз кўчага чиқиб туришимизга тўғри келади. Чунки хонага сиғишмай қоламиз. Бир қанча тиббий жиҳозларимиз ҳам бор, бироқ жой йўқлиги боис уларнинг ҳеч қайсисидан фойдаланаётганимиз йўқ.

Ўтган йили янги биносига эга бўлиши белгиланган Тупчоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ҳамон ижарада сарсон. Боиси, улар учун қурилиши бошланган бино бир йилдан буён битказилгани йўқ.

- Айни пайтда профилактика инспекторидан тортиб, МФЙнинг барча ходимлари битта хонада ижарада турибмиз, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини котиби Тошназар     Шеров. - Албатта, бу фаолиятимизга жуда катта салбий таъсир ўтказади. Шу боис маҳалла биноси қурилишини интиқиб кутгандик. Бироқ ҳали бу иш амалга ошмай турибди. 

Хўш, Тупчоқда "Обод қишлоқ" дастурини амалга оширишдан мақсад нима эди? Агар аҳолининг шарт-шароитларини, турмуш тарзини яхшилаш, зарур инфратузилмани яратиш бўлган бўлса, нега бу ишлар тўлиқ бажарилмади? Муаммо нимада? Чала қолиб кетган ишлар давом эттириладими ёки йўқ? Шу мазмундаги саволлар билан Китоб тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Искандар Ҳалимовга мурожаат қилдик.

Ҳоким ўринбосари, аксинча, қишлоқни ободонлаштириш, аҳоли учун қулайликлар яратиш борасида анчагина ишлар амалга оширилгани, одамлар ҳам ношукурлик қилаётгани, сабр қилиб туришса, қолган ишлар ҳам бўлишини айтар экан, айни вақтда муаммо қандай, қай тартибда ҳал этилиши бўйича аниқ бир жавоб айтмади.

- Яқинда тендер бўлади, пуллар тақсимланади, шундан сўнг қолган ишлар ҳам, албатта, бажарилади, - дейди у. - Биз Тупчоқда нима иш қилиниши белгиланган бўлса, ҳаммасини қонуний қилиб берамиз. Фақат вақт керак.

Халқимизда, "Қолган ишга қор ёғар", деган нақл бор. Масъуллар эса қордан қўрқмайди, чоғи. Йўқса, ўтган йили тугатилиши керак бўлган ишлар учун бу йил ҳам вақт, сабр керак, деб туришмасмиди...

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo