Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

13.10.2018


ИШОНЧСИЗ “ҚЎЛ”

Биламизки, инсоният барча даврда архивларга эҳтиёж сезиб келган, боиси, улар узоқ ва яқин ўтмишнинг ўзига хос хазинаси, тарихни бутун бўй-басти билан намоён этадиган маскан саналади. Киши борки, турфа сабаб билан архивга мурожаат қилади: биров илмий изланишлар, тадқиқотлар кўйида, яна кимдир ниманидир исботлаш мақсадида ушбу даргоҳга боради. Айниқса, пенсия ёшидаги кишилар энг кўп қатнайдиган муассаса – архив, десак хато бўлмайди. Чунки пенсия миқдори архив берадиган ҳужжатга боғлиқ. Шундай экан, идоравий ҳужжатлар архиви ҳар томонлама талабга жавоб берадиган, замонавий шароитларга эга бўлиши даркор. Чунки унда бир эмас, ўн эмас, миллионлаб одамлар фаолияти ҳақидаги маълумотлар сақланади.

Вилоятда мазкур тоифадаги архивлар фаолияти қандай? Ҳужжатлар сақлови кўнгилдагидекми? Масалан, Қарши шаҳар идоралараро шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар архивида.

Маълумотларга кўра, айни пайтда бу ерда 432 фондда 57746 та йиғма жилд мавжуд бўлиб, 1935 йилдан 2016-2017 йилгача бўлган ҳужжатлар жамланган (75 йилдан ошганидан кейин ҳужжатлар вилоят давлат архивига ўтказилади). Шу йилнинг 9 ойи давомида мазкур архивга 2500 дан зиёд мурожаат бўлган, ўртача ҳисобда ҳар ойда 300-400 киши ҳужжат сўраб келган.

Кўриниб турибдики, бу кичик рақамлар эмас. Бироқ архивнинг бугунги ҳолатини кўриб, киши у қадар хурсанд бўлмайди.

Аввало, 19-мактабга туташ бино – эски. Камига у ҳам    “типовой” эмас, яъни бошдан архив учун мослашмаган. Вентиляция тизими ҳам ишлаб чиқилмаган. Биламизки, кондиционерлаш тизимлари муқим ҳарорат ва намлик режимини таъминлаб, ҳавони чанг ва агрессив аралашмалардан тозалайди. У бўлмаса-чи? Шундай шароитда ҳужжат сақлаб бўладими? Архив жамоаси бу ерда 10 йилдан бери фаолият юритаётган бўлса, қабул қилиб олган шароитларига бирор ўзгариш киритмагандай.

Тегишли низомда архив ҳужжатларида бўлиши мумкин бўлган моғор ва ҳашаротларни аниқлаш мақсадида ҳар йили икки марта (иситиш даври бошланиши ва тугалланишида) ҳужжатлар мажбурий равишда энтомологик ва    микологик текширишдан ўтказилиши белгиланган. Бироқ архив директори Шарбат Мирзаеванинг айтишича, муассасада бундай текширув ўтказилмаган, аммо вақти-вақти билан дорилаб борилади. Дорилангани яхши, аммо ҳужжатларнинг ўзини текшириб чиқиш янада маъқул бўлади, чамамда. Чунки, дейлик, сичқон киролмайдиган жойга   бошқа зараркунанда етиб бориши аниқ.

Энг муҳими, архив сақловхоналаридаги иқлим, чунки ҳужжат “умри” айни шу омилга боғлиқ. Шунга кўра, ҳарорат плюс 17-19 даража, ҳавонинг нисбий намлиги 50-55 фоиз бўлиши керак. Аммо Қарши шаҳар идоралараро шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар архивида ҳарорат бундан анча юқори бўлган тақдирда ҳам уни бартараф этиш чоралари йўқ. Сақловхонада нисбий намликни кўрсатиб борадиган психрометр ўрнатилган бўлса-да, у ишламайди. Ҳар ҳолда ҳозирча бирор ҳужжат намиқиб ёки моғорлаб кетгани йўқ, балки шу сабаб бунга эътиборсиз қарашаётган бўлиши мумкин.

Биламизки, бугунги кун архивларида сақловхоналар замонавий стеллажларга эга бўлиши, ёритиш тизими, қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги тизимлари компьютер техникаси ёрдамида бошқарилиши керак. Вилоятдаги деярли барча архивлар қатори биз сўз юритаётган муассасада ҳам ҳамон эскирган усулда ишлар давом этмоқда. Стеллажлар эски, қўлбола, ёритиш-қоронғилатиш деразадаги парда вазифасини бажараётган мато орқали амалга оширилади, ёнғин хавфсизлиги жиҳозлари эса кўзимиз ўрганган “қум” ёзувли қути ва бир неча ёнғин ўчириш асбобларидан иборат, холос.

Масофадан туриб ахборотни электрон шаклда излаб топиш ва унга буюртма бериш имкониятлари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Архив директорининг айтишича, ҳужжатлар жуда кўп ва уларнинг электрон нусхаларини яратиш жуда қийин иш.

Бундан 7-8 йил олдин ўзим Тошкентдаги илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари архивида 1 секундда 1 саҳифа ҳужжатни сканер қиладиган ускуна, ҳужжатларни қирқиб, ямаб, созловчи “GS5310 Digital Bookbinder” ускунасини кўргандим. Ўйлаб кўринг: секундига 1, соатига 3600 саҳифа!

Хўш, нега бундай замонавий ускуналар вилоятга ҳали-ҳамон етиб келмаяпти? Чунки бунга рағбат, хоҳиш йўқ, оғримаган бошни ҳеч ким оғритгиси йўқ. Аслида ҳужжатларнинг электрон версияси яратилиши нафақат фуқароларга, балки архив ходимларининг ўзларига ҳам қулайлик яратади. Чунки қоғоз титиб, вақт йўқотилмайди, вентиляция, ёритиш, сувдан ҳимоя, деган чораларга эҳтиёж қолмайди. Айни чоғда бир ҳужжат узоғи билан бир ойда топиб берилаётган бўлса, электрон шаклга ўтилса, кўпи билан 1 соатда масала ҳал бўлади. Қолаверса, мазкур архивга аввал бизда ишлаб, кейин чет элга кетган кишилардан бўлаётган мурожаатларга ҳам зумда жавоб йўллаш имкони туғилади.

Тўғри, ҳамма гап маблағга бориб тақалади. Уни ким беради? Боя айтганимиз – секундига 1 саҳифа сканер қиладиган ускуна ҳам, сўраб билишимча, ўша архивга ўз-ўзидан келиб қолмаган, архив жамоаси грант танловида қатнашиб, ютиб олган экан. Шундай экан, Қарши шаҳар идоралараро шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар архиви ҳам замонга мос фаолият юритиши, янги имкониятлар эшигини очиб кўриши керак.

Балки бу ерда шу вақтга қадар бирор ҳужжат йўқолмаган, ёниб кетмаган, моғорламаган, ҳеч ким сарсон бўлмаган, вақти кетмаган бўлиши мумкин, бироқ доим шундай бўлади, деб ким айта олади? Қолаверса, шароитларни янада яхшилаш имкони бўлсаю, нега уни ишга солмаслик керак? Архивда эски ҳужжатлар сақланади, бироқ бу унинг ўзи ҳам эски, иш услуби ҳам эскича бўлиши керак, дегани эмас-ку.

Мана бу суратларда акс этган манзара муҳим ҳужжатлар сақланадиган маскан талабига жавоб берадими? Маълумки, архивнинг бирламчи вазифаси ҳужжатларнинг бус-бутун сақланишини таъминлашдир. Шундай шароит, аҳволда ҳужжатлар ишончли қўлларда дея оламизми?

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo